Инсон ҳаёти учун зарур соҳалардан бири - соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Бинобарин, истиқлол шарофати билан мамлакатимизда аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва ижтимоий ҳимояга доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, тиббий хизматларнинг сифатини яхшилаш учун ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, соғлом авлодни тарбиялаш, соғлиқни сақлаш тизимини мамлакатда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга мос тарзда ислоҳ этиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Бугунги кунда фуқароларга соғлиқни сақлашнинг давлат ва нодавлат ташкилотлари тизими томонидан кўрсатиладиган малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланганига қарамасдан, аҳолининг табибларга мурожаатлари сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Шунга мос равишда табибчилик билан шуғулланувчи шахслар сони ҳам кўпаймоқда.

Ҳуқуқий муаммо: табиблар ҳақида қонунларда бирор қоида борми?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг энг асосий ҳуқуқлари белгилаб берилган бўлиб, унинг 40-моддасида “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга“ эканлиги кафолатланган. Малакали тиббий хизмат эса 1996 йил 29 августда қабул қилинган “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасида белгиланганидек, соғлиқни сақлаш тизими томонидан амалга оширилади. Ушбу нормада “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимлари йиғиндисидан иборат ягона соғлиқни сақлаш тизими амал қилади” деб белгилаб қўйилган.

Демак, аҳолига кўрсатиладиган ҳар қандай тиббий хизмат биринчидан, малакали бўлиши керак, иккинчидан, ягона соғлиқни сақлаш тизими назорати доирасида амалга оширилиши керак. Бу амалдаги қонунчиликнинг талабларидир.

Шундай экан, масалага ҳуқуқий жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, табиий равишда иккита савол туғилади. Биринчиси, халқ табобати билан шуғулланаётган табибларнинг хизматлари малакалими? Ва иккинчиси, халқ табобати ягона соғлиқни сақлаш тизимида ҳуқуқий эътироф этилганми?

Юқорида келтирилган саволлар доирасида масалага таҳлилий-ҳуқуқий  ёндашиш натижасида бир қатор долзарб ва ечимини йиллар давомида кутаётган ижтимоий-ҳуқуқий муаммолар борлиги маълум бўлдики, бу муаммоларни фақат соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш ва такомиллаштириш орқали ҳал қилиш мумкинлиги қуйида исботланди.

Биринчи савол доирасида ёндашадиган бўлсак, бугунги кунда халқ табобати соҳасида фаолият олиб бораётган табибларнинг хизматларини малакали дейишга ҳуқуқий жиҳатдан ҳаққимиз йўқ. Боиси, бу соҳада фаолият юритаётган табиблар хизматлари малакалилигини баҳоловчи ягона мезоннинг ўзи мавжуд эмас. Соддароқ тилда айтганда, соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчиликда табибларга халқ табобати билан шуғулланиш ва улар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг малакали бўлиши талаблари умуман мавжуд эмас.

Иккинчи савол доирасида ёндашадиган бўлсак, мамлакатимизда амал қиладиган ягона соғлиқни сақлаш тизимида халқ табобати ҳуқуқий баҳоланмаган ва бу тизимда халқ табобати тан олинмайди.

Умумий қилиб айтганда, соҳани тартибга соладиган амалдаги қонунчиликда халқ табобати, табиб, деган сўзларни қидириб топа олмайсиз. Гўёки бундай фаолият (соҳа) мавжуд эмас ва жамиятда унга ўрин йўқ.

Бироқ, халқ ичида халқ табобати билан боғлиқ муносабатлар “қайнаб ётибди”. Ҳеч бир чек-чегарасиз ўз ҳолида, ўзининг табиий қонуниятлари асосида яшаб ва ривожланиб келмоқда.

Наҳотки, шу пайтга қадар қонунчиликда халқ табобатига муносабат билдирилмаган бўлса, деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ бундай эмас. Соҳани тартибга солишга қаратилган айрим қонунларда халқ табобати ва табиблик фаолияти ўз аксини топган. Кейинчалик, айрим сабабларга кўра халқ табобатига оид нормалар бирин-кетин чиқариб ташланган. Масалан, 2007 йилда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонуннинг 1-моддаси 3-бандига асосан 11-модда биринчи қисмининг ўзбекча матнидаги «табобат» деган сўз «тиббиёт» деган сўз билан алмаштирилган.

Нега бундай қилинган деган саволга кейинроқ тўхталиб ўтамиз.

Масалан, 1996 йил 29 августда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, давлат соғлиқни сақлаш тизими ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштирилди. Ушбу Қонуннинг 2006 йил 10 октябргача амалда бўлган таҳририда хусусий тиббиёт амалиёти билан шуғулланиш ҳуқуқи деб номланган 42-моддасида “Олий ёки ўрта махсус тиббий маълумот тўғрисида диплом ва танлаган фаолият тури билан шуғулланиш учун лицензия олган шахслар хусусий тиббиёт амалиёти, шу жумладан табиблик (халқ табобати) билан шуғулланиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгилаб қўйилган эди. Кейинчалик айрим сабабларга кўра, қонундан ушбу норма бутунлай чиқариб ташланди[1].

Бироқ, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг ҳозирда амалда бўлган таҳрирининг 44-моддаси “Ўзбекистон Республикаси шифокорининг қасамёди” деб номланиб, “Шифокор дипломини олаётган шахслар қуйидаги мазмунда: ....Буқрот, Абу Али ибн Сино сингари улуғ табибларнинг шонли анъаналарини давом эттиришга тантанали қасамёд қиламан” деган нормагина амалда холос.

Нега халқ табобатига доир нормалар соҳага оид қонунчиликдан чиқариб ташланган деган саволга жавоб тариқасида, қонунчилик ташаббусига эга бўлган соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари бу масалага шундай изоҳ берганлигини кўришимиз мумкин. “Биз халқ табобатига оид масалалар жуда катта комплекс масала экани ҳамда бу соҳада жуда кўп қарама-қарши саволлар ва муаммолар кўпайиб кетгани боис энг осон йўлни танлаб қўя қолдик, яъни қонунчиликдан халқ табобатига оид барча нормаларни чиқариб ташладик, ана шу билан халқ табобатининг ҳуқуқий мақоми ўз-ўзидан ғойиб бўлди”.

Халқ табобатининг тарихи ва бугуни

Қадим Шарқда беморларни асрлар оша табиблар даволаб келишган. Лекин оддий табиблар ҳам, буюк ҳакимлар ҳам сунъий усулда дори-дармон тайёрлашни хаёлларига келтиришмаган. Кимёвий препаратлар касалликларни даволашнинг ягона воситаси эмаслигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Чунки, ҳар бир мамлакатнинг ўз халқига тегишли табобати мавжуд бўлиб, улар ишлатган малҳамларнинг 70-80 фоизи шифобахш ўсимликлардан олинган, қолганлари ҳайвонлар ва уларнинг маҳсулотлардан, озгина қисми эса табиий маъданлардан тайёрланган. Энг муҳими, инсонлар соғлиғи ва ҳаёти учун хавфсиз бўлган. Инсон ҳаётининг хавфсизлиги эса ҳар нарсадан устундир.

Ҳозирги кунда Хитой, Япония, Вьетнам, Корея, Лаос, Малайзия каби ўнлаб мамлакатларда халқ табобатига давлат мақоми берилган. Масалан, Хитойда тиббий хизматнинг 40 фоизидан ортиғи табиблар томонидан кўрсатилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ВОЗ) ўтган асрнинг охирги йилларида халқ табобатини чуқур ўрганиш ва бу соҳадаги тадқиқотларни янада кенгайтириш бўйича бир нечта қарор қабул қилган. Бинобарин, халқ табобати 5 минг йилдан буён аҳоли саломатлигини яхшилашга хизмат қилиб келмоқда. Бас, шундай экан, унинг самарали усулларидан халқимиз саломатлиги йўлида фойдаланишни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, ўзбек халқ табобатига ҳуқуқий мақом бериш долзарб масала эканлигини унутмаслигимиз керак. Агар инсон узоқ умр кўришни хоҳласа, халқ табобатининг мутлақо безарар бўлган табиий дори воситаларидан фойдаланиши керак. Қолаверса, Ўзбекистонда халқ табобатининг сиёсий-ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатдан таъминланиши янгича тиббий маданиятнинг оммалашувига ёрдам беради.

Ўзбекистонда Халқ табобатининг мақомини белгилашда аввало мамлакатимиз халқлари тарихи ва маданиятининг ажралмас қисми сифатида баҳоланиб, тиббиёт фанининг ҳар иккала йўналишининг уйғунлашуви ва тизимли ишлашини таъминлаш бош омил сифатида қаралиши лозим бўлади.

Дунё тиббиётига улкан ҳисса қўшган шифокор, олим ва файласуф Абу Али ибн Синонинг башариятга қолдирган бой меросини чуқур ўрганиш, буюк ватандошимиз таваллуд топган тупроқда унинг таълимотларини, ота боболаримиз қолдирган бой илмий-амалий меросни қайта тиклаб, ва замонавий билимлар билан бойитиб халқимиз соғлигини мустаҳкамлаш йўлида қўллашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш кечиктириб бўлмас масаладир.

Халқ табобати нима учун керак?

Тўғри, биз кўпинча замонавий тиббиёт ютуқларига суянамиз ва уларга қаттиқ ишонамиз. Бу табиий ҳол. Чунки ўта мураккаб операциялар, кўзларни даволаш, митти чақалоқларни юрак хасталигидан қутқарувчи жарроҳлик амалиётлари, дунё аҳлини лол қолдираётган сиам эгизаклари операциялари росмана мўъжиза саналади. Аммо ҳаётда шундай воқеалар ҳам рўй берадики, улардан кўз юмиб бўлмайди. Масалан, кучли таъсирга эга дори-дармонлар узоқ вақт қабул қилинса, организмни ҳолдан тойдиради. Баъзилари бир хасталикка шифо бўлгани ҳолда организмнинг бошқа аъзосига путур етказади Кундалик ҳаётда бундай ҳолатлар кўп кузатилади.

“Анъанавий халқ табобатини ўзида мужассамлаштирган, интеграциялашган медицина – келажак медицинасидир” – дейди Проф. Умберто Солимене[2].

Бугунги кунда дунё халқлари аҳолисининг 50 дан 80% гача халқ табобати хизматидан фойдаланиб келмоқда. Европа аҳоли қариши муаммосига дуч келмоқда. Бу эса сурункали касалликлар ўсиб боришига тасир қилмоқда. Бундай вазиятда даволаш харажатларини камайтириш ва самарадорликни ошириш имкониятига эга бўлган халқ табобатигина давлатга кўмаклашиши мумкин бўлади.

Соғлиқни сақлаш тизимида замонавий медицина ва халқ табобатини уйғунлашган тизимини яратиш лозим. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти собиқ бош директори Маргарет Чен таъбири билан айтганда: “Соғлиқни сақлаш тизимида халқ табобати ва замонавий медицина ўзаро тўқнашуви шарт эмас, балки самарали ва уйғунлашган ҳолда ҳамкорлик қилиши, ҳар бир тизим ўзининг энг яхши элементларидан оқилона фойдаланган ҳолда, бир-бирининг камчиликларини тўлдириши лозим”. Токи, фуқаролар ўз саломатликларини асрашда бири иккинчисини тўлдирадиган ҳар иккала тизимдан унумли фойдалансин.

Дипломли ёки сохта табиб? Улар кимлар?

Халқ табобати бевосита инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётига дахлдор масала бўлсада, миллий соғлиқни сақлаш тизимида ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилмаган.

Бироқ, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 44-моддасида “Ўзбекистон Республикаси шифокорининг қасамёди” берилган бўлиб, “Шифокор дипломини олаётган шахслар қуйидаги мазмунда: Буқрот, Абу Али ибн Сино сингари улуғ табибларнинг шонли анъаналарини давом эттиришга тантанали қасамёд қиламан” деган сўзларни учратиш мумкин.

Халқ табобати билан боғлиқ муносабатлар бугунги кунда ҳуқуқий тартибга солиниши лозим бўлган йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу билан биргаликда, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиклаш билан боғлиқ ҳар қандай фаолият юқори малакали тиббиёт мутахассислар томонидан олиб борилиши лозимлигини ҳеч ким инкор этмайди. Халқ табобати фаолияти билан шуғулланиб келаётган “табиб”лар табиийки, тиббиёт соҳасидаги мутахассислар эмас. Уларнинг аксарияти тиббий маълумот тўғрисида дипломга эга эмас. Ҳаттоки, бир ухлаб туриб “табибга айланиб қолган”лари ҳам йўқ эмас. Айрим, халқ табобати фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахсларнинг тиббий маълумотга эгалигини тасдиқловчи дипломлари бор. Бундай шахслар илгари тиббиёт соҳасида хизмат кўрсатган шахслар бўлиб, нафақага чиққанларидан сўнг “табибчилик” қилишга бел боғлаган шахслардир. Сабаби, назорат қилинмайдиган ва даромади солиққа тортилмайдиган сердаромад фаолият тури улар учун “табибчилик” фаолиятидир. Албатта улар “Дипломли табиблар”дир. Бироқ, амалдаги қонунчилик талабларига кўра тиббий маълумот тўғрисида дипломга эга экани фуқароларга “табиблик фаолияти” билан шуғулланишга ҳуқуқ бермайди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, қонун ҳужжатларида тиббий маълумот тўғрисида дипломга эга бўлган шахсларга халқ табобати фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилмаган. Тиббий маълумот тўғрисида дипломга эга бўлган шахсларга бу фаолият билан шуғулланиш бироз қулайроқдир. Ҳар ҳолда умуман тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларга нисбатан улар томонидан халқ табобати билан шуғулланиш ҳақиқатга яқинроқдир. Ахир тиббий маълумот олганларида бу анъанани давом эттиришга қасамёд қабул қилганлар. Бундай “дипломли табиблар”нинг сони бугунги кунда мамлакатимизда жуда ҳам кўп учрайди. Тиббий маълумот тўғрисида дипломга эга бўлмаган “Табиблар” эса авлоддан-авлодга ўтиб келаётган халқ табобати ананалари асосида халқ табобати усуллари ва дори воситалари, доривор гиёҳлар ёрдамида даволаш ишларини олиб бораётган шахслардир. Уларни халқ орасида “Ота мерос” табиб деб аташади.

Албатта, ҳозирги пайтда "сохта табиб" деган гаплар тез-тез учраб туради. Табибнинг сохта ёки ҳақиқийлигини, агар пешонасига ёзиб қўймаган бўлса, билиш мушкул ишдир. Боиси, ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида халқ табобати соҳасининг ҳуқуқий мақоми аниқланмаган. “Халқ табобати амалиёти” билан шуғулланишга рухсат берувчи, ёхуд бу фаолият билан шуғулланишни тақиқловчи бирор-бир норма мавжуд эмас. Аниқроқ айтадиган бўлсак, табибнинг ҳақиқийлиги ва сохталигини аниқловчи мезоннинг ўзи мавжуд эмас. Лекин, халқ орасида азалдан беморларни халқ табобати ананалари, усуллари ва шифобахш гиёҳлар билан даволовчи “табиблари” мавжуд бўлиб, аҳоли уларга ўз соғликларини тиклаш борасида мурожаат қилганлар ва қилиб келмоқдалар, аммо мамлакатимизда бу муносабатлар гарчи инсонларнинг ҳаёти ва соғлигига бевосита дахлдор бўлсада, қонун доирасида тартибга солинмаган. Республика миқёсида халқ табобати вакилларининг фаолиятини баҳолашнинг ягона мезони йўқ.

Таклифлар: нима қилмоқ керак?

Ҳар қандай ҳуқуқий давлатда энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатлар қонунлар орқали тартибга солинади. Бу қоида Ўзбекистон Республикасининг “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасида қуйидаги тарзда мустаҳкамланган. “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ёки референдум ўтказиш орқали қабул қилинади”.  Ана шундай энг муҳим ва барқарор масалалардан бири фуқароларнинг саломатлигини асраш билан боғлиқ муносабатлардир. Халқ табобати усуллари ва дори воситаларидан мамлакатимиз аҳолиси истеъмолчи сифатида фойдаланаётган экан, шу билан бирга халқ табобати соҳаси фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига бевосита дахлдор экан, албатта, бу соҳа қонун доирасида тартибга солиниши керак.

Зеро, ЖССТга аъзо 194 мамлакатнинг 129тасида халқ табобати расмий мақомга эга. Яъни қонун доирасида тартибга солинган. Улар ичида Хитой, Япония, Жанубий Корея, Германия, Ҳиндистон каби мамлакатларнинг қонунчилиги бой тажрибага эга ва такомиллашгандир. Ўзбекистонда халқ табобатига расмий мақом берилган бўлмасада, амалиётда унинг самарали усуллари ва дори воситалари кенг қўллаб келинмоқда. Бу эса тараққий этган мамлакатларда йўл қўйилмайдиган ҳолатдир.

Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда, ҳамда соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш орқали ривожлантириш нуқтаи назаридан “Халқ табобати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳамда амалиётга жорий этиш орқали бу соҳани тартибга солиш кечиктириб бўлмас долзарб масаладир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзининг аъзо мамлакатлари билан биргаликда ҳар бир мамлакатнинг вазиятига мос келадиган ягона сиёсатни ишлаб чиқмоқда.Ушбу ҳаракатлар меваси ўлароқ бугунга келиб, 130 га яқин мамлакатда халқ табобати расмий мақомга эга бўлди. Шундай экан, халқ табобати жаҳон миқёсида оммалашиб бораётган бир пайтда, бир томондан, унинг заруриятининг мувозанатини топиш, бошқа томондан, ҳам аҳолининг ҳам тиббиёт ходимларининг халқ табобатидан самарали фойдаланиши учун имконият яратиб бериш лозим.

[1] Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ 42-модда ўз кучини йўқотган. ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда.

[2] Проф. Умберто Солимене, директор центра по сотрудничеству в области традиционной медицины ВОЗ, директор исследовательского центра по медицинской биоклиматологии, биотехнологии и натуральной медицины Миланского университета (Италия). http://uzbembassy.org.il/news

[3] Стратегия Всемирной Организации Здравоохранения (ВОЗ) в области народной медицины 2014-2023 гг. Издание: ВОЗ. 16 стр. - 2013 год.

[4] Юридический статус народной медицины и комплементарной / альтернативной медицины: обзор положения в мире. Женева, ВОЗ, 2001г.

[5] Стратегия Всемирной Организации Здравоохранения (ВОЗ) в области народной медицины 2014-2023 гг. Издание: ВОЗ. 16 стр. - 2013 год.

Хонназаров Рўзимуҳаммад Абдиқаҳорович,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси докторанти, юридик фанлари номзоди.