4 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги электр энергетика Кенгашининг 51-мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон Республикаси томонидан бош вазир ўринбосари Алишер Султонов бошчилигидаги давлат ҳокимияти органлари ва миллий энергетика компания раҳбарлари иштирок этмоқда. Шунингдек, тадбирда Озарбойжон, Арманистон, Беларусь, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикаси ҳамда Россия Федерациясидан ташриф буюрган тегишли раҳбарлар ҳамда иштирок этмоқда.

Мажлисни Россия Федерацияси энергетика вазири, МДҲ электр энергетика Кенгашининг президенти А.Новак кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Алишер Султонов табрик сўзи билан чиқиш қилди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Алишер Султонов / Фото: Kun.uz

«Авваламбор бизнинг юртда барча йиғилиш иштирокчиларини кўриб турганимдан хурсандман. Таъкидлаш жоизки, ушбу мажлис Тошкент шаҳрида 25 йилда илк маротаба ташкил этилмоқда», - деди у. 

Алишер Султонов Ўзбекистон учун муҳим бўлган ёқилғи ва муқобил энергетика, тармоқда технологик ечимларни жорий этиш борасида ҳамкорликка очиқ эканини билдириб ўтди.

Йиғилишда иштирок этган Саудия Арабистони қироллигининг энергетика, саноат ва минерал ресурслар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ ҳам иштирокчиларга табрик сўзини йўллаб, қуйидаги фикрни билдирди:

Саудия Арабистони қироллигининг энергетика, саноат ва минерал ресурслар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ / Фото: Kun.uz

«Ташкилотчи давлат, Ўзбекистонга барча имкониятларни яратиб бергани учун миннатдорлигимни билдираман. Биз энергетика сиёсатини мувофиқлаштириб боришда Россия ва «5+» доирасида иштирок этаётган 24та давлат раҳбарлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Ўйлайманки, бугунги йиғилиш ҳам бизнинг пировард мақсадларимизга билвосита ижобий таъсир ўтказади. Кенгашининг 51 мажлисини кузатиб борар эканман, минтақа мамлакатлари энергетика бўйича якдил иш олиб бораётганини кўраман. Шу ўринда Саудия Арабистони энергетика соҳасида минтақалараро воситачи бўлишга, иқтисодиётни туташтириб турувчи вазифасини бажараётганини таъкидлаб ўтаман», - дейди саудиялик вазир.

Мажлис кун тартибига мувофиқ, МДҲга аъзо давлатларнинг энергетика тизимини 2017-2018 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш тўғрисида маърузалар тингланди. Бундан ташқари, тадбири давомида электр энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари, жумладан, «МДҲ доирасида электр энергетика соҳасидаги халқаро шартномалар, ҳамда МДҲ Электр энергетика Кенгашининг меъёрий ва техник ҳужжатлари тўғрисида»ги, «Ишчи гуруҳнинг энергосамарадорлик ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича ҳужжатлари тўғрисида» кўриб чиқилмоқда.

Тадбир сўнгида Кенгашнинг Ижроия қўмитаси раиси Й.Мишук МДҲ Электр энергетика Кенгашининг ўтган йил бўйича ҳисоботини ўқиб эшиттириши кутилмоқда.