Слоун номидаги Мемориал онкологик марказ ва МТИ мутахассислари йўғон ичак саратонини даволаш учун ядровий тиббиётдан фойдаланишди ва сичқонларда тадқиқот ўтказиб, организмга ҳеч қандай хавфли таъсирларсиз 100 фоиз дарддан фориғ бўлишга муваффақ бўлишди. 

Бунга қадар қаттиқ ўсимталарнинг радиоактив изотоплар орқали иммунотерапияси ҳар доим ҳам ижобий натижа кўрсатмаган. Олимларнинг сўзларига кўра, янги усулнинг муваффақияти улар томонидан ишлаб чиқилган ўзига хос сифатга эга реагентлар ва тераностикани (фармацевтик препаратларни яратишга янгича ёндашув) қўллаш натижасидир.

Тераностика эрта диагоностика усулларини терапия билан бирлаштиради ва икки мақсадга эришишда бир препаратни қўллайди. Тераностик агент дастлаб саратон ҳужайрасига кириб боради, сўнгра соғлиққа зиён етказмай ва акс таъсирларни камайтирган ҳолда уни йўқ қилади.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва уларнинг олдини олиш маркази маълумотларига кўра, колоректал саратон ўз кўламига кўра учинчи энг кўп тарқалган саратон тури ҳисобланади. Қўшма Штатларда йилига 50 минг киши шу касаллик натижасида ҳаётдан кўз юмади. 

Мазкур даволаш усулини саратоннинг бошқа турларига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. "Агар клиник синовлар муваффақиятли ўтса, бу онкобеморларни даволашда самарали усуллар қаторини бойитади", - дейди тадқиқотчи Стивен Ларсен.