Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Олий Мажлис Сенати ва БМТ Тараққиёт дастурининг экспертлари кўмагида Инвестиция кодексини ишлаб чиқишга доир ишларни олиб борувчи идоралараро ишчи гуруҳи тузилди. 8 ноябрь куни Тошкент шаҳрида мамлакатдаги инвестицион муҳитни яхшилашга доир бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида шу ҳақида маълум қилинди. 

Муҳокамалар давомида ҳукумат вакиллари, тадбиркорлар, етакчи экспертлар мазкур Кодекснинг концепциясини муҳокама қилишди. Уларнинг таъкидлашича, ушбу ҳужжат мавжуд муаммоларни ҳал қилиш йўлларини аниқлашда, сармоявий салоҳиятнинг ошишида, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган қонунлар ишлаб чиқилишида ҳамда кафолатланган қўшимча имкониятлар яратилишида алоҳида аҳамиятга эга. Ҳозирги вақтда Инвестиция кодексининг лойиҳаси www.regulation.gov.uz. порталида жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилганлиги қайд этилди.

Шунингдек, давра суҳбати давомида Жаҳон банки, ЕТТБ, йирик консалтинг компаниялари бўлган Ernst & Young ва KPMG каби халқаро тузилмалар спикерлари ўз нутқларида валюта сиёсатини либераллаштириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни юқори баҳолаб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш баробарида иқтисодий ислоҳотларга оид тавсиялар ҳам беришди.

Тадбиркорлик тузилмалари вакиллари ўз тажрибаси ва мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга доир ўзларининг аниқ таклифлари билан ўртоқлашди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг нуфузли халқаро рейтинглардаги позициясига ва хорижий сармоядорлар томонидан ишбилармонлик муҳитини идрок этишларига ижобий таъсир кўрсатаётганлиги қайд этилди.