Исроилнинг Тел авив шаҳрида жойлашган Corephotonics стартапи Калифорниянинг Сан Хосе шаҳрида Apple корпорацияси устидан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилмоқда.

2012 йили асос солинган Исроил компаниясининг уқдиришича, айнан у жуфт камера технологиясига биринчи бўлиб патент олган. Apple эса фирмадан рухсат олмасдан iPhone 7 Plus ва iPhone 8 Plus смартфонларида қўллаган. 

Стартап раҳбарияти миқдорига ойдинлик киритилмаган товон пули тўлашни талаб қилган. Шунингдек, Corephotonics суддан Apple корпорациясига ўз телефонларида жуфт камера технологиясини қўллашни тақиқлашни сўраган. 

Corephotonics ўз аризасида кўрсатишича, унинг биринчи ҳаракатларидан бири Apple билан стратегик ҳамкорликни ўрнатиш умидида боғланишга уриниш бўлган. Аммо Америка фирмаси «умид уйғотадиган жавоблар бериш ҳамда ижобий оҳангдаги сўзлар билан чегараланган». Аммо иш технологияни лицензиялашгача бормаган. 

Corephotonics маълумотларига кўра, стартап вакиллари Apple корпорациясининг «етакчи музокарачиси» билан учрашган. У Исроил компанияси Apple корпорациясидан пул ундиргунича «йиллар ва миллионлаб доллар маблағ» кетишини айтган. 

Гап бу ерда Corephotonics фирмасининг 4 та патенти ҳақида бормоқда. У ўзининг айрим технологияларини Mobile World Congress кўргазмасида намойиш қилган эди.

Apple вакиллари ҳозирча бу хабарни изоҳлагани йўқ.