8 ноябрь куни «Le buffet» қаҳвахонасида афсонавий фазогир-учувчи Владимир Жонибеков иштирокида Халқаро пресс клубнинг Пресс-қаҳва форматидаги тадбири меҳмони бўлди. 

Пресс-қаҳва давомида Жонибеков ўз фаолияти, ҳаёти, коинотга қилинган парвозлар ҳақида ўртоқлашди. Шунингдек, фазогир журналистлар томонидан йўлланган саволларга жавоб берди.   

«Ўзбекистон кундан-кунга ўзгариб, чирой очиб бормоқда. Бу ерга йилда 2-3 марта ташриф буюраман. Шунингдек, Европа маданиятидан ҳам кўп нарсалар кириб келганига гувоҳ бўлмоқдаман. Кеча оиламиз билан отамнинг 100 ёшга тўлганини нишонладик. Ўзбекистон ҳамиша менга мана шундай байрамлар, ёқимли лаҳзаларни ҳадя этади», деди космонавт Пресс-қаҳва давомида.

Владимир Жонибеков – афсонавий фазогир-учувчи бўлиб, 1942 йил Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туғилган. У икки карра собиқ иттифоқ қаҳрамони, авиация генерал-майори ҳисобланади. Жонибеков астронавтика ва астрофизика соҳасининг ривожланишига ўзини муносиб ҳиссасини қўшган. Бу инсон туфайли теннис ракеткаси теоремаси (“Жанибеков эффекти”) ҳам ишлаб чиқилган.

1953 йилдан 1958 йилгача бўлажак фазогир Тошкентдаги ИИВга қарашли Суворов номидаги ҳарбий билим юртида ўқиган, лекин кейинчалик ҳукумат қарори билан ушбу билим юрти қисқартирилган. Шундан кейин Жонибеков мактабга қайтишга мажбур бўлган. Энг аҳамиятлиси, бўлажак фазогир мактабни аъло баҳоларга битиради.

Владимир Жонибеков ҳақиқий космонавт бўлиш учун инсондан қандай руҳий, жисмоний ва психологик хусусиятларга эга бўлиши кераклиги ҳақида ҳам айтиб ўтди: «Номзодларнинг авваламбор, биологик ресурслари етарлича бўлиши керак. Шунингдек, жисмоний тайёргарлик, катта иштиёқ, бошланғич амалиёт – булар ҳам асосий ўрин тутади. Бундан ташқари, генетика ҳам қобилиятнинг пайдо бўлишида катта рол ўйнайди. Бизни саломатлигимизга қараб саралаб олишган бўлса, ақлий идрокимизга қараб баҳо беришган. Ундан сўнг, ҳақиқий фазогир бўлиш учун ўз устида тинимсиз меҳнат қилишга тўғри келади. Энг муҳими, ўз истакларингизни четга суриб, бажариш лозим бўлган ишни қилишга ўрганиш керак. Бироқ замонамиз ёшларида айнан мана шу хислат етишмайди. Уларнинг психологик ҳолати ҳақиқий фазогир бўлиб етишишда тўсиқ бўлмоқда».

Фото: Халқаро пресс-клуб

Космонавт шунингдек, аввалари самода парвоз қилишни истаган ёшлар соғлом ва бақувват бўлгани, улар орасида рақобат муҳити ҳам кучли бўлгани, бугунги кунда эса бу соҳани эгаллаш истагида бўлганлар сезиларли даражада камайганини ҳам алоҳида қайд этди.  

Фото: Халқаро пресс-клуб

Жонибеков СССР вақтида кўплаб парвозларни амалга оширган энг малакали фазогир саналади. 

Шунингдек, жорий йилда Россия киноматографлари томонидан Жонибеков сардорлик қилган «Салют-7» совет космик аппарати ҳақида ҳам  фильм суратга олинди.  «Салют-7» ер сайёраси орбита қисмида инсоннинг узоқ муддатда илмий тадқиқотлар олиб боришига мўлжалланган фазо кемаси саналади. 

Тадбир давомида Жонибеков атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов ҳақида ҳам илиқ хотирани ёдга олди:
«Шароф Рашидов ўзининг очиқлиги, самимийлиги билан ажралиб турарди. Менда унинг қизиқувчанлиги катта таассурот уйғотган. Давлат раҳбари бўлишига қарамай, биз у билан тез ва осон тил топишиб, турли мавзуларда суҳбат қурардик. Рашидов ҳамиша ҳавода муаллақ турувчи фазогирлар ҳолатига қизиқиш билан қараган. Куни кеча, Жиззахда Шароф Рашидовга қўйилган ҳайкалнинг очилиш маросимида иштирок этганимдан хурсандман», дея қайд этди учувчи. 

Диққатга сазовор жиҳати, Жонибеков фан билан бирга санъат билан ҳам шуғулланади. Фазогир космос билан боғлиқ кўплаб почта маркалари муаллифидир. Шунингдек, Жонибеков тасвирий санъат билан шуғулланиш билан бирга маърузалар ҳам ўқийди. Унинг ўзга сайёраликлар ҳақидаги фикри кўпчиликда қизиқиш уйғотиб келган.