Тошкент шаҳри яна бир йирик халқаро турнирга мезбонлик қилмоқда. 10-12 ноябрь кунлари Ўзбекистон пойтахтида қўл жанги бўйича Осиё очиқ чемпионати бўлиб ўтмоқда. 11 ноябрь куни “Ўзбекистон” универсал спорт саройида ушбу халқаро мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Айтиш жоизки, мазкур очиқ чемпионат қўл жанги спорт турида 2017 йилнинг жаҳондаги сўнгги йирик мусобақаси бўлиб, у эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилади. Унда 15 дан ортиқ давлатдан сара қўл жанги усталари иштирок этмоқда. Осиё очиқ чемпионатига мезбонлик қилаётган Ўзбекистон терма жамоаси икки таркиб билан қатнашмоқда.  

Мусобақа очилиш маросимида қўл жанги бўйича профессионал жанглар ҳам бўлиб ўтди. 70, 85 ва 90 кг вазн тоифасида ўтказилган профессионал жангларда ўзбекистонлик Иқбол Худойқулов тожикистонлик Фирдавс Аҳмаджанов билан, яна бир ўзбек жангчиси Бекзод Нурматов украиналик спортчи Максим Сороко билан куч синашди. Кечанинг марказий жангида яна бир ўзбек ўғлони Музаффар Ражабов россиялик Роман Копиловга қарши жанг олиб борди. 

Қизғин кечган баҳсларда Фирдавс Аҳмаджанов, Бекзод Нурматов ҳамда россиялик спортчи Роман Копиловнинг рақибларидан қўли баланд келди.

Қуйида очилиш маросими ва қўл жанги бўйича профессионал жанглардан лавҳаларни томоша қилишингиз мумкин.