Ижтимоий тармоқларда Исландиянинг суратларига кўзингиз кўп тушаётган бўлса, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Бу орол мамлакат ҳозирда сайёҳлар орасида  машҳурлик чўққисида.

Вулқон саҳролари ва қайноқ манбалардан то музликлар ва қора соҳилларгача, Исландия — ажиб гўзалликка эга мамлакат ва ҳордиқ чиқариш учун айни муддао. Шундай бўлса-да, у ерга саёҳатни режалаштираётиб, баъзи жиҳатларни инобатга олиш керак. Business Insider мухбири Софи-Клэр Холлер "музликлар мамлакати"га саёҳатига оид таассуротлари билан бўлишди.

Егуликлар жуда қиммат

Фото: Christine Siracusa

Нью-Йоркда бўлган бўлсангиз, "қиммат егуликлар ҳақида ҳамма нарсани биламан" деб ўйлашингиз мумкин. Бироқ бундай эмас. 
Исландияда бўлганимизда биринчи куни кўринишидан оддий бир қаҳвахонага кирдик ва у ерда бир томчи сариёғ, митти порциядаги лосось ва салат баргидан тайёрланган бейгл учун 18 доллар сарфладик. Бу Исландияда табиий ҳолат: бу ерда тушликнинг ўзига ўртача 30 доллар сарфлашга тўғри келади. Хизмат кўрсатиш даражаси нисбатан юқори бўлган ресторанларда эса бу кўрсаткич 55 доллардан бошланади. 

Сувнинг ҳиди кучли

Исландияда сувдан олтингугурт ҳиди келади (тасаввур қилиб кўринг, яроқлилик муддати ўтган тухум ҳиди қандай бўлади). Шундай бўлишига қарамай, у ичиш учун яроқли ва таъми ҳам оддий сувдек.
Бироқ бизни ҳеч ким бундан огоҳлантирмагани сабаб, меҳмонхонадаги биринчи кунимизни ташналикда ўтказишга мажбур бўлдик. 

АҚШга келиб қолгандек таассурот пайдо бўлиши мумкин

Фото: alexandre godreau

Бу ерда америкаликлар шу қадар кўпки, баъзан қайси мамлакатда эканлигингизни унутиб қўясиз. Исландияда атиги 332 минг киши яшайди, лекин бу ерга йилига 1,8 миллион сайёҳ ташриф буюради. Шу маълумотларни инобатга олган ҳолда, Исландия туризми тадқиқот маркази профессори Эд¬вард Хейб¬бенснинг айтишича, бу ерга бир йил давомида ташриф буюрувчи америкалик сайёҳлар сони маҳаллий аҳоли сонини ортда қолдиради.

Ҳамма ерда оломон

Фото: Sophie-Claire Hoeller

Сайёҳлар Исландияга табиат мўъжизаларини ўз кўзлари билан кўриш учун ташриф буюришади. Бу дегани барча бир хил жойларни кўришга интилади. Демак, қайси гейзерга йўл олманг, у ерда сайёҳларга тўла бир неча автобусга кўзингиз тушади.

Ҳамма ерда қурилишлар

Фото: Shutterstock

Бир квадрат километрга қурилиш кранларининг сони ҳайратга солади. Афтидан, туристик қизиқиш сабаб мамлакатда қурилишлар авжига чиққан кўринади. Деярли ҳар бир гўзал маскан учун катта сайёҳлик марказлари қурилмоқда, кранларни эса Рейкьявикнинг ҳар бир бурчагида учратиш мумкин.

Қисқа муддатли ёруғлик саёҳатни яхшилаб режалаштиришни талаб қилади

Фото: Mahkeo

Биз Рейкьявикка 6:30да етиб бордик ва кун камида уч соатдан кейин ёришиши, кечки соат бешларда эса қуёш ботишини билиб ҳайратга тушдик. Ва бу фақат ноябрнинг бошланиши.
Албатта, ёзда қуёшга боғлиқ муаммо бўлмайди, бироқ қишда кун тобора қисқариб боради, шунинг учун сиз кун тартибингизни яхшилаб режалаштиришингиз керак бўлади. Исландияда диққатга сазовор масканлар талайгина, аммо кўп пунктлар бир-биридан камида 45 дақиқалик масофада жойлашган, буни инобатга олиб қўйиш керак.
Обидаларнинг айни кўркам манзара касб этадиган вақтига улгуриш учун куннинг турли вақтларида қуёшнинг жойлашувига алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади. 

Бу ерда ҳожатхона кам ва уларнинг деярли бари - пулли

Фото: Mahkeo

Юқорида таъкидлангандек, Исландиянинг аксарият диққатга сазовор масканлари бир-биридан катта масофада жойлашган. Ҳожатхоналар эса жуда кам ва уларнинг деярли барчаси пулли. Шундай экан, йўлга отланишдан аввал бу жиҳатини инобатга олинг.

Кўп вақтингизни машинада ўтказасиз

Фото: Tim Trad

Бунинг сабаби ҳам юқорида қайд этилганидек - кўркам жойлар бир-биридан узоқда. Шунинг учун аксарият вақтингизни машина ёки автобусда ўтказишингизга тўғри келади. Бу шунга арзийди ва бунга тайёр бўлиш керак. 

Иссиқ сув манбаларидаги сувдан сочларингизга зиён етади

Термал манбалардаги сув кремний диоксидига бой. У безарар, бироқ бу сочларингизга ёқмаслиги аниқ. Шу боис чўмилиш олдидан сочларингизга кондиционер керак бўлади, акс ҳолда, сочлар қаттиқ ва "бўйсунмас" бўлиб қолади. 

Бу ерда нақд пулга ҳожат йўқ

Фото: Brooke Cagle 

Исландияда кредит карталари ҳамма жойда қабул қилинади. Ҳатто Тингвидлир миллий паркидаги ҳожатхонада ҳам карта билан ҳисоблашдик. Биз исланд кронасини бирор марта кўрмадик.

Шимолий ёғдуни кўришингиз амри маҳол

Фото: Jonatan Pie

Шимолий ёғду — мисли кўрилмаган феномен ва унинг пайдо бўлиши учун кўплаб омиллар керак бўлади. Уни ўз кўзингиз билан кўришингиз учун бу ерда ҳеч бўлмаганда бир ҳафта бўлишингизга тўғри келади.

Об-ҳавони олдиндан билиб бўлмайди

Фото: Ross Hughes

"Об-ҳаво ёқмаяптими, беш дақиқа кутиб туринг", - дейишади Исландияда. Бир неча қават кийиниб олишингизни тавсия қиламиз, чунки бу ерда жазирама билан кескин совиш ўртасида атиги бир неча сония бор.

"Мовий кўрфаз"даги жойларни олдиндан банд қилиш керак

Мовий кўрфаз — Исландиянинг деярли ҳар бир сайёҳ ташриф буюрувчи энг диққатга сазовор масканларидан бири. Шу боис у ерга шундай бориб осонликча киришга умид қилманг, яхшиси олдиндан чипта харид қилинг.
Чипта нархлари 60 доллардан бошланади ва бу сочиқларни ҳисобга олмаганда. Улар учун қўшимча 20 доллар тўлашга тўғри келади.