Фото: popmech.ru

Chevrolet Дубай халқаро автосалони доирасида янги авлоддаги  Corvette ZR1 моделини тақдим қилди.

Ушбу модель “Corvette” спорткарининг 60 йилдан ортиқроқ тарихидаги энг кучлиси бўлди.

Автомобиль 6,2 литрли V8 LT5 двигатели билан жиҳозланади. Двигатель минутига 6300 та айланиш билан 755 от кучи беради. ZR1’да General Motors тарихида илк бор ёқилғини пуркашнинг иккиланган тизими қўлланди.

Фото: popmech.ru

Автомобиль савдога 7 поғонали механик ва 8 поғонали автоматик узатмалар қутиси билан чиқарилади. 

Бундан ташқари, харидорлар машинага таклиф қилинувчи иккита аэродинамик пакет: треклар учун мўлжалланган стандарт Low Wing ва кундалик ишлатишга мўўлжалланган High Wing’дан бирини танлашлари мумкин. Машина яратувчиларининг таъкидлашларича, янги аэродинамик унсурлар машинанинг ерга босилиши кучини аввалги Chevrolet Corvette Z06’га нисбатан 70 фоизга оширишга имкон берган. Low Wing конфигурациясида машина 338 км/соат тезликкача эриша олади. High Wing’да машинанинг ерга босилиш кучи яна 60 фоизга ошади.

Фото: popmech.ru

Шунингдек, кузовнинг олдидаги ҳаво тўплагичларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган, чунки моделнинг турли агрегат ва қисмларини совитувчи 13 та радиатори бор. 

Машина жиддий спорткарга хос барча жиҳатларга эга бўлса-да, уни шинам салони, иқлим-назорати, мультимедиа тизими эвазига кундалик фойдаланишга мўлжалланган машина сифатида қўллаш мумкин. 

Фото: popmech.ru

Таъкидланишича, модел кейинги баҳорда савдога чиқарилади. Унинг нархи ҳозирча ошкор қилинмаяпти.