Эрон ва Ироқ чегара ҳудудида содир бўлган даҳшатли зилзила оқибатида ҳалок бўлганларнинг сони 168 кишига етди, деб хабар қилмоқда PressTV. Қурбонларнинг аксари эронликлардир. 

12 ноябрь куни маҳаллий вақт билан якшанба куни кечки 09:18 да содир бўлган табиий офат эпицентри Ироқ Курдистонининг Ҳалабжа шаҳридан 32 км жанубда жойлашган.

Аммо энг кўп талофат Эроннинг Кирмоншоҳ вилоятидаги Сарпули Заҳоб туманига етган. Эрон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Қосим Жон Бобоийнинг айтишича, шу вақтга қадар 164 нафар эронлик ҳалок бўлгани тасдиқланган. Яна 1568 киши жабрланган. 

Эрон миллий табиий офатларни бошқариш ташкилотига кўра, Кирмоншоҳ вилоятида электр энергиясидан узилиш ҳоллари кузатилган. 

Ер силкиниши, шунингдек, Эроннинг Курдистон, Илом, Хузистон, Ҳамадон, Ғарбий Озарбойжон, Шарқий Озарбойжон, Луристон, Қазвин, Занжон ва Қум вилоятларида ҳам рўй берган. Бундан ташқари, Туркия, Кувайт, Арманистон, Иордания, Ливан, Саудия Арабистони, Қатар ва Баҳрайн каби мамлакатларнинг айрим ҳудудларида ҳам сезилган.

Бироқ асосий талофат Эрон ва Ироққа етган. Ироқнинг Дарбандихон тумани табиий офатдан жиддий зарар кўргани айтилмоқда. Ироқ Курдистони соғлиқни сақлаш вазирининг айтишича, 30 киши жабрланган. 4 киши ҳалок бўлган.