Apple келаси йили учта айфонни тақдим этади, ҳамда уларнинг ҳар бири iPhone X’га ўхшаш бўлади. Бу ҳақда MacRumors нашрига KGI Securities таҳлилчиси Мин-Чи Куо айтиб ўтди.

Унинг фикрига кўра, барча уч девайс рамкасиз дисплей, четларида металл рамкалар ҳамда True Depth камералар тизимига эга бўлади. Қурилмалардан энг ихчамига 5,8 дюймли дисплейга эга дастлабки модель айланса, шартли iPhone X Plus’нинг экрани 6,5 дюйм бўлади.

Учинчи қурилма эса модель қаторидаги энг ҳамёнбоп смартфонга айланади. У OLED-панеллар билан жиҳозланувчи қолган версиялардан фарқли равишда, 6,1 дюймли TFT-LCD дисплейга эга бўлади. Бундай смартфон учинчи дунёнинг ривожланаётган бозорларига мўлжалланган. Мин-Чи Куонинг прогнозига кўра, унинг қиймати 750 доллар атрофида бўлади.

Фото: MacRumors

Таҳлилчининг фикрича, 2018 йилда Apple девайсларни ўз вақтида етказиб беришни таъминлайди, сабаби бу вақтга келиб OLED-дисплейларга эга смартфонлар ишлаб чиқариш бўйича тажрибани тўплаб олади.