Ментал моделларни билиш сизга мақсадга эришиш, хатоларни четлаб ўтиш, муҳим қарорларни қабул қилиш, одамларга раҳбарлик қилиш ва бизнесда муваффақиятга эришишга ёрдам беради. Skillshare бош ижрочи директори Майкл Карнянапракорн шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

Ментал моделлар — бу бизнинг хатти-ҳаракатларимиз ва дунёқарашимизни белгилаб берувчи, шахсий тажрибамизга асосланган стратегиялар. Ментал моделлар тармоғи адвокат, муваффақиятли иқтисодчи, профессионал сармоядор ва миллиардер Уоррен Баффетнинг ўнг қўли Чарльз Мангер томонидан яратилган. Мангер ушбу тармоқ ёрдамида ҳодисаларнинг нима билан тугашини олдиндан аниқлаш ва таҳлил қила билган. Шунинг учун Баффет уни "ишдаги мукаммал шерик" деб атаган.

Кўплаб ишбилармонлар, раҳбарлар ва етакчилар қуйидаги 16 ментал моделдан фойдаланишади.

Қарорлар қабул қилиш

Фото: Reuters

1. Уоррен Баффетнинг "Икки рўйхат" стратегияси

25 мақсадингизни қоғозга туширинг. Бир рўйхатга энг муҳим беш мақсадингизни киритинг, қолган йигирматасини эса - бошқа рўйхатга туширинг-да, кейингисини унутинг. Шу тариқа устувор мақсадларингизга аниқлик киритиб оласиз ва энг асосийларига диққатингизни қаратасиз. Хоҳласангиз, биринчи рўйхатни уч пунктгача қисқартиришингиз мумкин.

2. 10/10/10 қоидаси

Кўпчилигимиз охирини ўйламай, шошиб қарор қабул қилганимиз учун виждонимиз олдида қийналамиз. Шунинг учун 10/10/10 уч саволга жавобни кўзда тутади.

  1. 10 дақиқадан сўнг қабул қилинган қарорга қандай муносабатда бўласиз?
  2. 10 ойдан кейин нимани ҳис қиласиз?
  3. 10 йилдан кейин-чи?

Шу тариқа сиз ҳаётингизга қарорларингизнинг таъсирини таҳлил қилиб оласиз. Эҳтимол, ҳаммаси у қадар қўрқинчли эмаслигини тушуниб етарсиз.

Фото: Fotolia

3. Кўр-кўрона ўйин

Қарор қабул қилаётганда тўлиқ маълумотга эга бўлмайсиз. Шу боис воқеа ривожи қайсидир маънода сизга боғлиқ эмас. Бироқ қарор қабул қилиш жараёни тўлиқ сизнинг тасарруфингизда.

Буни покер ўйинига таққослаш мумкин. Агар ютқазсангиз, бунда тақдирни айблашга ҳожат йўқ. Вазиятни орқага айлантиринг ва қайси лаҳза ҳал қилувчи бўлганини аниқлаштиринг. Ўз хатоингизни англаб етсангиз, ундан тўғри сабоқ чиқаринг.

4. Тўғри нуқтаи назар ва ягона фикрга қўшилмаслик

Сиз ҳақ ёки ноҳақ бўлган бўлишингиз мумкин. Кўпчиликнинг фикрига эргашиш ёки эргашмаслигингиз мумкин. Бироқ барчаси сизнинг нуқтаи назарингизга бориб тақалади. Агар у нотўғри бўлса, умумий фикрга қўшилиб, бизнесда муваффақиятга эриша олмайсиз. Қарама-қарши фикрга эга инсонлар билан суҳбатлашинг. Бу сизнинг тўғри қарор қабул қилиш имконингизни оширади.

Фото: Fotolia

5. Уч сабаб қоидаси

Кимнидир нимагадир ишонтирмоқчи бўлсангиз, доим нима учун инсон бу ишни қилиши кераклигига доир уч сабабни келтиринг. Айнан уч сабаб. Шунда сизнинг далилларингиз эътиборга олинади ва унутилиб кетилмайди. Сизнинг нутқингиз эса тузилмавий ва ишончли бўлади.

Стратегия

6. Ҳимоя девори

Қадимда қалъа уни душманлардан ҳимоя қилувчи девор билан ўралган бўлган. Бизнесни қалъага таққослаш мумкин. Муҳофаза девори — бу компаниянинг рақобатбардошлик жиҳатдан афзаллиги. Бошқача айтганда, бизнесни уни бошқалардан ажратиб турувчи ноёб хусусиятлари ҳимоя қилади.

7. Тармоқ эффекти

Тармоқ эффекти бу фойдаланувчи ёки компаниянинг бошқа одамлар кўз ўнгида маҳсулот қадр-қимматига таъсир қилишидир. Бирор бир товарнинг қадр-қиммати харидорлар сонига боғлиқ. Тармоқ эффекти компания ривожи учун мустаҳкам асос яратади.

Фото: Fotolia

8. Марказлашган, марказлашмаган ва тақсимланган бошқарув

Марказлашмаган ва тақсимланган бошқарув тизимлари учун функцияларни тақсимлаш хос. Бу қарор тизимнинг барча иштирокчилари томонидан қабул қилинишини билдиради. Олий раҳбарият минимал назоратни амалга оширади ва ўз хатти-ҳаракатларини бошқалар билан мувофиқлаштиради.

Марказлашган тизимда эса бутун бир жараённи назоратга олган ягона бошқарувчи марказ мавжуд.

9. Ўйинлар назарияси

Ўйинлар назарияси инсоннинг стратегик вазиятлардаги хатти-ҳаракатларини ўрганади. Бунда танловни амалга ошираётган инсоннинг бошқа одамлар жавоб реакциясини олдиндан ўйлаши назарда тутилади. Стратегик фикрлаш нафақат ўйинларда, балки бизнесда ҳам фойдали. Бошқача қилиб айтганда, ўйинлар назарияси рақибнинг устунлигини минималлаштирувчи стратегияни танлашни назарда тутади.

Фото: Fotolia

10. Кўламда тежамкорликка риоя қилиш

Кўламда тежамкорликка риоя қилиш харажатлар нархини оширмасдан, компаниянинг жадал ўсишини таъминлайди. Ушбу ментал моделдан фойдаланувчи компанияларга Google, Facebook ва Twitter'ни мисол қилиш мумкин. Мазкур тармоқлар фойдаланувчилари сони ошиб бормоқда, бироқ компаниялар бунга ортиқча пул сарфламайди.

Етакчилик

11. Пирамида тамойили

Тамойил уч асосий пунктда мужассам:

  1. Аввал саволга жавоб беринг;
  2. Сўнг далилларни тўғри шакллантиринг;
  3. Охирида ўз ғояларингиздан мантиқий занжир тузинг.

Пирамида тамойили уч сабаб қоидаси билан биргаликда яхши самара беради. Бу суҳбатдошингизни ишонтиришга ва ўз нуқтаи назарингизни муваффақиятли етказишга ёрдам беради.

12. 99/50/1

Раҳбар мураккаб вазиятларда албатта ўзининг ижрочилар гуруҳи билан боғланиши керак:

  • лойиҳа энди бошланганида, ҳали 99 фоиз ишни бажариш керак бўлган пайтда;
  • йўл ўртасида, 50 фоиз иш ортда қолган вақтда;
  • маррага яқин қолганда, 1 фоиз иш қолганда.

Ушбу усул сизга вақтдан самарали фойдаланишни, жамоангизга эса - арзирли маҳсулот яратиш имконини беради.

Фото: Fotolia

13. Бевосита масъул шахс

Бу атаманинг (DRI — Directly Responsible Individual) пайдо бўлиши Apple компаниясига бориб тақалади. У кун тартибида ҳар бир пункт олдига бевосита масъул шахс исми шарифини киритади. Ҳар бир ходим ўз вазифаси учун жавобгар бўлади. Бунда тез-тез йиғилиш ўтказиш зарурати камаяди.

14. Жамоалар жамоаси

Жамоалар жамоасида барча ходимлар бир-бири билан ўзаро боғлиқликда ишлайди. Қарорлар жамоавий қабул қилинади, зеро барча умумий мақсад орқали боғланган.

15. Радикал ошкоралик

Усул моҳияти - раҳбарнинг ходимларга соғлом танқидни етказа билишида. Қўполликка йўл қўймай, хушмуомалалик ва очиқлик билан ҳақиқатни айтиш керак. Зеро раҳбар ўз жамоасидаги ходимларнинг ўсиши ва муваффақиятга эришишидан манфаатдор.

16. Тингла, қарор қил, гапир

Бу ментал модель Twitter'нинг собиқ бош директори Дик Костолога тегишли. Унинг таъкидлашича, қарор қабул қилаётганда айнан шундай тартибда ҳаракат қилиш керак.