Бугун, 14 ноябрь куни Ўзбекистон терма жамоаси Ал-Айн шаҳридаги «Ҳазза бин Зайд» стадионида БАА терма жамоаси билан ўртоқлик баҳсини ўтказади.

Бу ўйинда Рўзиқул Бердиев терма жамоа бош мураббийи вазифасини бажарувчи сифатида илк маротаба йигитларни майдонга олиб тушади.

БАА термаси Ўзбекистонга энг кўп рақиб бўлган жамоадир. Бугунги беллашув ўзаро ўйинлар тарихидаги 16-баҳс бўлади. Бундан ташқари, энг кўп дуч келган рақиблар орасида Жанубий Корея (15 марта) ва Қатар (13 марта) ҳам бор.

БАА энг ноқулай рақибларимиздан биридир. Ўзбекистон терма жамоаси аксарият ўйинларда ташаббусга эга бўлса-да, атиги 3 марта рақиб курагини ерга теккиза олган, 4 марта дуранг ўйнаб, 8 марта ютқазган. Табиийки, тўплар нисбати ҳам рақиб фойдасига - 17:23

Қизиғи шундаки, биз БАА терма жамоасини фақат сафарда мағлуб эта олганмиз. Ўз майдонимизда 4 марта ўйнаган бўлсак, фақат бир марта дуранг қайд этганмиз холос.

Ўзбекистон ва БАА терма жамоаларининг ўзаро ўйинлари

1. 1996 БАА - Ўзбекистон 4:2 (ўртоқлик ўйини)
2. 1996 БАА - Ўзбекистон 2:0 (ўртоқлик ўйини)
3. 1997 Ўзбекистон - БАА 2:3 (ЖЧ-1998 саралаши)
4. 1997 БАА - Ўзбекистон 0:0 (ЖЧ-1998 саралаши)
5. 1999 БАА - Ўзбекистон 0:1 (ОК-2000 саралаши)
6. 2001 БАА - Ўзбекистон 4:1 (ЖЧ-2002 саралаши)
7. 2001 Ўзбекистон - БАА 0:1 (ЖЧ-2002 саралаши)
8. 2003 БАА - Ўзбекистон 2:2 (ўртоқлик ўйини)
9. 2009 БАА - Ўзбекистон 0:1 (ОК-2011 саралаши)
10. 2010 Ўзбекистон - БАА 0:1 (ОК-2011 саралаши)
11. 2012 БАА - Ўзбекистон 1:0 (ўртоқлик ўйини)
12. 2012 БАА - Ўзбекистон 2:2 (ўртоқлик ўйини)
13. 2013 БАА - Ўзбекистон 2:1 (ОК-2015 саралаши)
14. 2014 Ўзбекистон - БАА 1:1 (ОК-2015 саралаши)
15. 2014 БАА - Ўзбекистон 0:4 (ўртоқлик ўйини)

БАА терма жамоасига қарши энг кўп марта майдонга тушган футболчиларимиз уч нафар - Сервер Жепаров, Тимур Кападзе ва Николай  Ширшов - 7 марта.

БАА терма жамоасига қарши ўйинларда рақиблар дарвозасини энг кўп ишғол этган футболчилар - Сервер Жепаров (3) ва Николай Ширшов (2).

БАА терма жамоасига қарши энг кўп марта дуч келган бош мураббийлар ичида Миржалол Қосимов яққол пешқадам. У 6 марта футболчиларни бу рақибга қарши майдонга олиб тушган (2 ғалаба, 2 дуранг ва 2 мағлубият, тўплар нисбати 9:6). Баҳодир Ибрагимов ва Владимир Сальков 2 мартадан БААга рўбарў келган.

Бош мураббийларимиз ичида фақат Миржалол Қосимов ва Маҳмуд Раҳимов БААни мағлуб этишга муваффақ бўлган.

БАА терма жамоасига қарши биз учун энг аҳамиятли бўлган ғалабани 1999 йили қўлга киритганмиз. Ўшанда Маҳмуд Раҳимов шогирдлари Осиё чемпионати саралашининг ҳал қилувчи баҳсида Максим Шацкихнинг ягона голи эвазига рақибни мағлуб этиб, ягона йўлланмани илиб кетган эди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги ўйин Ал-Айн шаҳридаги «Ҳазза бин Зайд» стадионида, соат 18:00да бошланади.