Airbus парвозларга тайёр учувчисиз Vahana электр самолётини намойиш этди, деб ёзмоқда Engadget. Илк синов парвозлари келаси йилнинг охирида бўлиб ўтиши ҳақида хабарлар тарқалганди, Бироқ, бу анча эртароқ амалга ошиши ҳам мумкин – 2018 йилнинг биринчи ярмида.

Компания ўтган йили шаҳар йўлларидаги тирбандлик муаммосини ҳал қилиш ҳақида жиддий бош қотира бошлади. Бунда ягона вариант сифатида учар таксилар тармоғини яратиш кўрилди: тирбандликнинг устидан учиб ўтибгина у билан курашиш мумкин. Лойиҳа CityAirbus номини олди. У қандайдир аниқ бир учар қурилмани эмас, балки бутунбошли учувчисиз платформани назарда тутади. Унинг негизида эса турли қурилмалар пайдо бўлади. Куни кеча CityAirbus лойиҳаси биринчи тайёр учар қурилма – Vahana’ни тақдим этди. Бунга қадар лойиҳа Ле-Буржедаги авиасалонда намойиш қилинганди.

Компаниядан айтишларича, бу альфа-версия. Якуний қурилма умуман бошқача кўринишда бўлиши эҳтимолга яқин. Бироқ унда ҳозирнинг ўзидаёқ асосий ечимлар бор, улар шаҳарликларнинг ҳаракатланишини яхшилаши керак.

Vahana биринчи навбатда VTOL—такси сифатида лойиҳалаштирилган. У парвозга вертикаль ҳолда кўтарилади, шунинг учун шаҳарда унга учиш йўлаклари ёки қўниш учун махсус шароитлар талаб этилмайди. Винтлар конструкцияси уни ихчамроқ қилиш имконини берди. Шу сабабдан у автомобилдан кўпроқ ўринни эгалламайди. Синовлар келаси йилнинг бошида бошланади. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш эса – 2022 йилда.