Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни бўлиб ўтган мамлакатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида баъзи бир салбий ҳолатларга эътибор қаратиб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш асосида кейинчалик бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича аниқ топшириқлар берди, деб ёзмоқда ЎзА. 

Фарғона вилоятида бугунги кунда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳар бир маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ва туманларда секторлар раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда ҳар бир оиланинг ижтимоий-маънавий муҳитини ўрганиб, муаммоларини бартараф этишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, айрим шаҳар ва туманларда жиноятларнинг баъзи турлари кескин ошгани кузатилмоқда. Масалан, хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ички ишлар идоралари ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмагани натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 300 маҳаллада жиноятлар сони ошган. 

Давлат раҳбари видеоселектор йиғилишида эр-хотин ва қайнона-келин ўртасида ҳатто қотиллик жиноятлари учраётгани, ёшлар ва аёллар жиноятчилиги борасидаги аҳвол кишини ташвишга солишини афсус билан қайд этди. 

Аёл – муқаддас. Қайсидир файласуф айтганидек у гўзаллиги ва меҳри билан дунёни қутқариши мумкин. Айни пайтда агар атрофдагилар унга лоқайд бўлса, дардини тингламаса, орзу-ўйлари билан қизиқмаса, бунинг акси бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Бугунги кунда ён-атрофимизда рўй бераётган ҳодисаларга диққат билан разм солсак, рақаму далилларни кўздан кечирсак, “нега аёл ўзига, шаънига номуносиб ишларга қўл урмоқда? Ўзи учун муқаддас ва азиз неъматларни баъзан арзимас нарсаларга алишаётганининг сабаби нима?” сингари саволлар қийнайди кишини. Фарғона тумани Ёрдон қишлоғида келини томонидан уриб ўлдирилган қайнона фожиаси ҳам барчани янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди. Зеро, қайнонани ўз онасидек биладиган халқимиз учун бу иллат мутлақо ёт-ку?! 

– Маҳалламизда рўй берган бу жиноятдан ҳали ҳам ўзимизга кела олмаяпмиз, – дейди “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Қундузхон Аҳмадалиева. – Бу оила ўзига тўқ, бирор марта жанжал чиқмаган. Икки фарзанднинг онаси бўлган аёлнинг мудҳиш жиноятга қўл ургани барчамизни ҳайратга солди. Лекин, кечаги йиғилишда Президентимиз таъкидлаганидек, бунинг асл илдизи бизнинг лоқайдлигимиз, бепарволигимиз оқибати эмасми? Демак, бу жиноятда биз, жамоат ташкилотлари, мутасадди идоралар вакиллари, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғ, ҳамма-ҳаммамизнинг қайсидир даражада айбимиз бор. 

Чиндан ҳам, аёлнинг жиноятга қўл уриши оғриқли масала. Аёл ҳеч қачон ўз-ўзидан жиноят қилмайди. Тўғри, ҳамма давлатда, ҳамма жамиятда бундай муаммо бор. Бироқ бундай ҳолат халқимиз менталитетига, унинг дунёқарашига умуман ёт. Шундай экан, хотин-қизлар қўмиталари, маҳаллалар, ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар бу муаммога жиддий эътибор қаратадиган вақт келди. Президент томонидан бундан буён ҳар бир сектор раҳбари жиноятчиликнинг ҳолати учун ҳам шахсан жавоб бериши белгилаб берилгани янада бу ишларда масъулиятли бўлишга ундайди.