2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этувчи барча 32 терма жамоа номи маълум бўлди.

Қитъалараро плей-офф баҳсларида Перу Янги Зеландия тўсиғидан ўтди ва охирги йўлланмани қўлга киритди.

Европа Россиядаги турнирга 14 терма жамоа тақдим этади, улардан 9таси гуруҳларда биринчи ўринларни эгаллаган ҳолда тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлган, 4та терма жамоа гуруҳларда иккинчи бўлган терма жамоалар ўртасида икки учрашувдан иборат ўтиш ўйинлари орқали чиққан. УЕФА ҳудудида тўғридан-тўғри йўлланмага Франция, Португалия, Германия, Сербия, Польша, Англия, Испания, Бельгия ва Исландия эга бўлган. Хорватия, Швейцария, Дания ва Швеция плей-офф ўйинлари орқали чиқишди, ўн тўртинчи вакил мезбон - Россия.

Жанубий Америка футбол конфедерация (КОНМЕБОЛ) ҳудудидан Бразилия, Уругвай, Аргентина ва Колумбия тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлишди, Перу бешинчи ўринни эгаллади ва плей-оффда Океания вакили Янги Зеландияга қарши ўйинлар ўтказди (0:0, 2:0).

Мексика, Коста-Рика ва Панама жаҳон чемпионатининг финал қисмига Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси (КОНКАКАФ) ҳудудида саралашнинг 5-раундида дастлабки 3 ўринни эгаллаган ҳолда чиқди. Осиё футбол конфедерацияга тўрт ўрин ажратилганди: Япония, Эрон, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони бу ўринларни банд қилди. Саралашнинг 4-раундида Сурияни мағлуб этган Австралия плей-оффда КОНКАКАФ вакили Ҳондурасни мағлуб этди (0:0, 3:1).

Африка футбол конфедерациясида эса Тунис, Нигерия, Марокаш, Сенегал ва Миср ўз гуруҳларида ғолиб чиққан ҳолда Россияга борадиган бўлишди.

Нидерландия, Чили, АҚШ, Чехия, Уэльс, Украина ва ЎЗБЕКИСТОН каби терма жамоалар гуруҳдаёқ қолиб кетишди, Италия, Ирландия, Греция ва Шимолий Ирландия каби терма жамоалар плей-оффдан ўта олишмади.

Россия мундиали учун қуръа ташлаш маросими 1 декабрь куни Москвада ўтказилади, турнир 2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлига қадар Россиянинг 8 шаҳридаги 11 стадионда бўлиб ўтиши белгиланган.

Қуръада терма жамоалар 4та саватчага ажратилади.