Фото: motor.ru

Hyundai компанияси АҚШ бозоридаги стратегиясини кўриб чиқишини эълон қилди ва кроссоверлари қаторини кенгайтиришга эътибор қаратишга қарор қилди. 2020 йилгача марка 8 та янги ёки модернизация қилинган йўлтанламас чиқаради. Машиналарнинг чиқарилиши жадвали олдинроқ чоп этилган. 

Hyundai ишлаб чиқарадиган янги моделлар орасида ихчам Kona кроссовери ҳам бор. Бу машина жорий ёзда намойиш қилинган, бироқ АҚШда 2018 йил мартидан сотувда пайдо бўлади.

Фото: motor.ru

Компания кейинроқ чиқариладиган қолган моделлар ҳақида ҳеч нарса маълум қилмаган. Кўринишича, бу моделлар мавжуд моделларнинг электрда ёки дизелда ишловчи модификациялари бўлади.

Аввалроқ электр вариант айнан Kona’да пайдо бўлиши тахмин қилинганди. Модел 50 киловатт-соатдан кўпроқ сиғимга эга батарея олади, унинг юриш захираси 350 км ни ташкил қилади. 

Фото: motor.ru

Hyundai Kona ихчам кроссоверлар қатори учун махсус ишланган янги платформа негизида қурилади. Модел учун 4 та двигатель, жумладан 3 литрли, 3 цилиндрли, 120 от кучига эга двигатель таклиф қилинади. Европа ва бошқа давлатларда моделнинг 1,6 литрли дизелли двигателга эга варианти ҳам пайдо бўлади.

А-сегментга (ўта ихчам) қарашли яна бир йўлтанламас “Кона”дан кичикроқ бўлади, бироқ у ҳақда ҳам ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас. Шунингдек компания режасида кейинги авлоддаги Santa Fe ва Grand Santa Fe моделларини чиқариш бор. 

Шунингдек, компаниянинг водородда ишловчи двигателли автомобили пайдо бўлади. Эҳтимол, бу янги Tucson Fuel Cell бўлади. Бу ўрта ўлчамдаги кроссовер 2019 ва 2020 йиллар оралиғида чиқиши ҳақидаги маълумотдан бошқа у ҳақда ҳеч нарса маълум эмас.