Тинч океанида, Янги Каледония соҳиллари яқинида 7,3 магнитудали зилзила юз берди. Бу ҳақда АҚШ миллий геологик хизмати маълум қилди.

Зилзила 20 ноябрда Тошкент вақти билан соат 3:43да қайд қилинган.

ABC News телеканалининг хабар қилишича, цунами хавфи туфайли Янги Каледония ороли ва у билан қўшни Вануату давлати аҳолиси эвакуация қилина бошлаган. Таъкидланишича, тўлқин баландлиги бир метргачани ташкил қилган.

Қурбонлар ва талофатлар ҳақида ҳеч нарса маълум қилинмаган. Зилзила маркази Янги Каледониядан 86 км узоқликда ва ўчоғи тахминан 10 км чуқурликда бўлган.  

Австралия ва Янги Зеландия ҳукумати ўз аҳолиларига хавф йўқлигини маълум қилишган.

Янги Каледония Францияга қарашли орол ва Тинч океанидаги майда ороллар гуруҳидир. Пойтахти Нумеа шаҳри бўлиб, аҳолиси 250 мингга яқинни ташкил қилади.