Филиппиндаги қишлоқлардан бирида тўйга кетаётган 20 киши осма кўприкдан ўтаётганларида дарёга тушиб кетди. Оқибатда бир неча киши жиддий жароҳатлар билан шифохонага тушган.

Воқеа Капиз вилоятидаги Пангпанг Норте қишлоғи яқинида юз берган, деб ёзмоқда Daily Mail нашри. Тўйга йўналаётганлар пўлат тросларда осилиб турган, ёғоч доскалардан ясалган кўприкдан ўтаётганларида кўприкнинг бурчакларидан биридаги трос узилиб кетган. Бунинг натижасида кўприк бир ёнга қийшайиб, одамлар сувга йиқила бошлашган. 

Воқеа жойига қутқарувчилар бригадаси тезлик билан етиб келган. Таъкидланишича, ҳеч ким ҳалок бўлмаган, бироқ 10 киши мия чайқалиши ва синиш жароҳатлари билан шифохонага жўнатилганлар.

Қутқарув хизмати вакилининг айтишича, агар дарёда сув сатҳи баландроқ бўлганда, ҳаммаси аянчлироқ тугаши ҳам мумкин эди. Ёмғирлар мавсумида дарё тошқин ва сув оқими кучли бўлади. 

Воқеага кўприкнинг меъёридан ортиқ юкланиши сабаб бўлган. Кўприк осилиб турган трослар эски ва занг босган бўлган.

Қишлоқ аҳолиси воқеадан кейин ҳукуматга янги кўприк қуриб бериш илтимоси билан мурожаат қилди, чунки дарёдан кечиб ўтишнинг бошқа усули йўқ. Одамлар кўприкда юз берган кўнгилсизлик сабабли ирим қилиб, янги кўприкнинг бошқа жойда қурилишини сўрашмоқда.