Бугун, 24 ноябрь куни Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Экология ва атроф-муҳит муҳофазасига доир масалалар муҳокама қилингани ҳақида аввал хабар берилган эди. Унда KUN.UZ мухбири спикерларга мурожаат қилиб, бугунги кунда экология бузилиши ва атроф-муҳит ифлосланишига сабабларидан бири - целофан пакетлар муаммосини ҳал этиш юзасидан қандай чоралар кўриш мумкинлигини сўради.

Фото: ХПК

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳоджон Қувватов целофан пакетлар муаммосига доир саволга жавоб берар экан, аслида ушбу ҳолат жиддий глобал муаммога айланиб улгурганини қайд этиб, булар одамларнинг борган сари қулайлик ортидан қувиши оқибатида келиб чиққанини таъкидлади. 

Фото: ХПК

“Бир вақтлар, бу ердагилар буни яхши билишади, кишилар бозор-ўчар қилиш учун матолардан тикилган сумкаларни кўтариб юришарди. Целофан пакетлар муаммосини ҳал этиш учун эса, менинг шахсий фикримча, уларни пуллик қилиш лозим. Ҳозирда улар текинга берилади. Бир маҳсулот харид қилинса, йиртилиб кетади, яна битта беринг, деб целофан пакетчани сўраб оламиз. Агар улар пулли қилинса, харидор ҳам яна битта олишни ўйлаб кўрарди, балки”, - деди депутат. 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ойбек Адҳамжонов ҳам бу масалага ўз фикрини билдириб ўтди. 

Фото: ХПК

“Жойларда юрганимизда, маиший чиқиндиларнинг полигонлари бор. Бироқ уларни эксплуатация қилишда санитария норма ва қоидаларига амал қилинмаган. 184 та маиший чиқинди полигони бўлса, ҳудудларда ўрганишлар жараёнида ҳар бирини бориб кўрганимда, айниқса, Хоразм ва Қорақалпоғистонда полигонларга катта ҳудудлар ажратилганига қарамай, кучли шамол целофан пакетларни жуда катта ҳудудга тарқатиб юборганига гувоҳ бўлдим. Иккинчидан, бу пакетчаларнинг чириш муддати ҳам 100 йилни ташкил этади. Шу сабабдан Олий Мажлис билан ҳамкорликда бу масалани ҳал этиш бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда”, - деди Адҳамжонов. 

У бу нарсанинг ечими сифатида хориж тажрибасини ўрганиш ва уни ҳаётга татбиқ этишни таклиф этди. 

“Масалан, ривожланган давлатларда целофан пакетчалар, бир марталик қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ё давлат фондига утилизация тўловини тўлайди ёки ўзи ишлаб чиққан маҳсулотини қайта ишлаш чорасини кўради. Турли шиша қадоқлардаги ичимликлар ишлаб чиқарувчилар, техникалар ишлаб чиқарувчиларига ҳам қайта ишлаш тўлови жорий қилинган. Шу нарсани бизда ҳам қўллаш керак. Яна бир жиҳат. Кўпчилигимиз хорижий мамлакатларда бўлганмиз. Уларда целофан ёки қоғоз пакетларнинг биттаси бир доллар туради. Шунинг учун ҳам уларнинг фуқаролари ёнида пакет олиб юради. Бунга сабаб, уларда утилизация тўлови мавжудлигидир. Бошқа бир жиҳат. Ишлаб чиқарилаётган целофан пакетлар бир марта ишлатилганидан сўнг яроқсиз бўлмаслиги учун макрони, яъни қалинлигини ошириш керак. Бундан ташқари, пакетчаларни органик моддалар билан бирга ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш уларнинг чириш жараёнини тезлаштиради”, - деди Адҳамжонов.

“Дарҳақиқат, рўзғорда ишлатиладиган целофан пакетлар ҳақида гап кетаяпти. Франция 2020 йилдан бошлаб шу каби маҳсулотларни қўллашни тақиқлади. Бизда ҳам бунга имкониятлар бор. Чиқиндилар тўғрисидаги қонунда таъкидланганки, ҳар бир ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини зарарсизлантиришнинг ҳисоб-китобини охиригача етказиб қўйиши керак. Аммо, минг афсуски, бу каби маҳсулотларни ишлаб чиқараётган корхоналар бу нарсаларга эътибор бермаяпти. Натижада улардан кенг миқёсда фойдаланилаяпти”, - деди сессияда иштирок этган мутахассислардан бири.