АҚШ президенти Дональд Трампнинг маълум қилишича, Time журнали талқини бўйича яна «Йил одами» бўлишдан бош тортган. Бу ҳақда у твиттердаги саҳифасида ёзди.

«Time журналидан қўнғироқ қилишиб, мени, афтидан, худди ўтган йилдаги каби яна «Йил одами» деб эълон қилишлари мумкинлигини айтишди. Бироқ бундай ҳолатда мен интервью беришим ва катта фотосъёмкага рози бўлишим керак бўларди. Мен бунга рози эмаслигимни айтдим ва рад жавобини бердим. Нима бўлган тақдирда ҳам раҳмат», - дея ёзди Трамп.

Аввалроқ Time журнали АҚШ президентининг қизи Иванка Трамп ва унинг эри Жаред Кушнерни 2017 йилда жаҳоннинг энг нуфузли шахслари рўйхатига киритганди. Рўйхатга Ҳолливуд юлдузлари Эмма Стоун ва Райан Рейнольдс ҳам кирди.