Бугунг кунда бозорга бирор янги маҳсулотни таклиф қилиш ва уга харидорларни жалб этишда маркетинг фаолияти қанчалик тўғри йўлга қўйилгани муҳим аҳамиятга эга. Шунга кўра, Жанубий Кореянинг етакчи Samsung компаниясининг бу борадаги тажрибасини ўрганиш фойдадан холи эмас. 

У ўзининг Galaxy номли телефонини 2009 йили ишлаб чиқди. Galaxy i7500 рекламаси ва Android Market (ҳозирги Google Play) иловалари ўзига хос эди. Смартфон шаклидаги фазовий кема робот-андроид бошқарувида янги сайёраларни кашф қилиб саёҳат қилар эди. У «Таржимон сайёраси», «Хариталар сайёраси»ни кашф қилгач, «Ўйинлар сайёраси» ва бошқа илова «сайёра»ларга ўтар эди. Телефон эгаси бундан ҳайрон эди. 

Яна бир рекламада смартфондан ташқари iMac ҳам кўзга ташланади. Рекламанинг "Do the New" шиори ундан бошқа ҳеч қаерда қўлланилмади. 

2010 йили Galaxy S сотувга чиқди. Бу вақтга келиб, «ақлли» телефон ҳеч ким учун янгилик бўлмагани сабабли, компания қурилманинг янги функцияларига эътибор қаратди. Leo Burnett New York агентлигининг Samsung учун ишлаган Epic реклама ролигида AMOLED технологияси ёритилди. Видеода аждарлар билан урушаётган жангчилар акс эттирилди. 

Яна бир роликда Galaxy S харидорлари бошқалардан ажралиб туриши таъкидланди. Galaxy S ҳақидаги бир неча реклама роликлари "Turn on Tomorrow" («Келажакни ишга туширинг») умумий шиори билан ишлаб чиқилганди. 

Навбатдааги Samsung Galaxy S II смартфонини харид қилишни тарғиб қилувчи реклама "The Way We're Wired" («Бизни ўзаро боғлайдиган йўл») деб номланган эди. У аввалгиларидан сезиларли фарқ қилди. Уни Leo Burnett Chicago агентлиги ишлаб чиқди. Реклама нафақат смартфон, балки дунё ҳам қанчалик ўзгарганини намойиш этди. Айни шу концепция Samsung томонидан 2017 йилги "The New Normal" рекламасида ҳам қўлланилди. 

2011 йилдан компания ўзининг асосий рақиби Apple корпорациясини мазах қила бошлайди. Унда Apple Store дўконларида навбатда турган iPhone мухлислари Galaxy томон ўтиб кетгани уқдирилади. Бу каби илк ролик Samsung томонидан амалга оширилган "The Next Big Thing" кенг қамровли акциясида намойиш этилди.

2012 йилда Galaxy S3 тақдим этилди. Реклама ташвиқотининг йўналиши аввалгиларидан унчалик ҳам фарқ қилмади. «Инсонлар учун ишлаб чиқилган ва табиатдан илҳомланган» шиоридаги телефон яхши дўст ва ишончли ҳамроҳ сифатида талқин қилинди. Бу сафар ҳам Apple маҳсулотини мазах қилмасликнинг иложи бўлмади. “The Next Big Thing” ролиги Galaxy S3 смартфони савдолар бўйича iPhone 4S телефонини вақтинча ортда қолдиришга ва дунёнинг энг кўп сотилган қурилмасига айлантирди. 

2013 йили компания Galaxy S4 учун ўнлаб реклама роликларини суратга олди. "Grad Party" рекламасида дўстлар телефонни бир-бирига яқинлаштирган ҳолда суратларни узатишди. Samsung бу сафар ҳам iPhone эгаларини мазах қилишдан бош торта олмади. 

2014 йили Samsung Galaxy S5 тақдим этилди. Ҳамон "The Next Big Thing" кампания давом этмоқда эди. Аммо бу сафар ҳам алоҳида технологияларга эътибор берилди. Масалан, сув ўтказмаслик, бармоқ излари сканери ва юрак урушини ўлчаш кабилар шулар жумласидан. 

Samsung компанияси 72andSunny агентлигининг "Wall Huggers" номли Apple маҳсулотини камситадиган анъанавий реклама ролигида iPhone фойдаланувчилари розетка олдидан кета олмаслиги, Samsung фойдаланувчилари, аксинча, иккита аккумулятор бўлгани учун бундай ташвишдан йироқлигини намойиш этди.

Фото: twitter@TheEllenShow

2015 йили мартида "The Next Big Thing" кампанияси раҳбари ва Samsung компаниясининг маркетинг бўйича директори Тодд Пендлтон лавозимини тарк этди. Шундан сўнг, маркетинг сиёсати сезиларли ўзгарди. 

2015 йили Galaxy S6 тақдим этилганидан сўнг, Samsung Launching People ташвиқотини ишга туширди. Компания дунёдаги илк VR иловани намойиш этди.

2016 йил компания учун синов йили бўлди. Samsung Galaxy Note 7 смартфони дунёнинг аксар авиакомпаниялари томонидан тақиқланган ягона телефон ҳисобланади. Қурилманинг оммавий ёниши оқибатида компания 2,5 млн дона Galaxy Note 7 телефонини қайтариб олди ва ишлаб чиқаришни тўхтатди. Аммо бу брендга нисбатан салбий фикр уйғонишига сабаб бўлмади. 

Samsung Electronic компаниясининг маркетинг бўйича катта директори Пио Шункернинг фикрича, авваллари компаниянинг бутун дунёдаги илгари суришга арзийдиган ўз фалсафаси бўлмаган. Янги реклама ташвиқотида ахборот бериш иккинчи саҳнага кўчирилди, асосий эътибор бренд номини қабул қилишга қаратилди. Шу сабабли #DoWhatYouCant хэштеги пайдо бўлди.

"The New Normal" ролигида Samsung замонавий авлод мавзусини давом эттиради. Қўшимча ви виртуал реаллик, тегмасдан тўловларни амалга ошириш, кўзни сканерлаш оддий ҳолдир. 

"Breaking Out" номли яна бир телевизион рекламада ромларсиз ишлаб чиқилган янги Galaxy S8 смартфони намойиш этилди. У тўсиқларни ортда қолдириш фалсафасини тарғиб қилади. 

2017 йил апрелида Samsung улкан Galaxy S8 телефонларини Буюк Британиянинг 20 та диққатга сазовор жойига ўрнатди. Билбордларни қаерга жойлаштиришни аниқлаш мақсадида 2 500 британиялик орасида сўров ҳам ўтказди. Компания 2016 йилда Москвада Европадаги энг йирик 80 метрлик Galaxy S7 кўринишидаги билбордни ўрнатди.