Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида 85 ёшли пенсионер автобус бекатида дам олгани ҳамда транспорт воситасига ўтирмагани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Deutsche Welle ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳужжатга таянган ҳолда хабар бермоқда.

Таъкидланишича, пенсионер 35 евро миқдоридаги жаримани тўлаши лозим.

Нашр маълумотларига кўра, одатда у бу туманда ити билан бирга сайр қилиб юрган ҳамда яқин жойдаги автобус бекатида дам олишга тўхтаган.

«Кўрсатилган жойдаги шаҳар транспорти тизими асли вазифасида эмас, балки дам олиш жойи сифатида қўлланган», - дейилади ҳужжатда.

Таъкидланишича, Дюссельдорф қоидалари билан кишилар қачон автобус бекатида ўтириши мумкин экани белгилаб қўйилган.

Шаҳар маъмурияти Twitter’да воқеа тафсилотларини аниқлаштириш ва агарда лозим бўлса, жаримани ҳам бекор қилишга ваъда берди.