Дам олиш кунлари бизга ишдан чалғиш ва оила ҳамда дўстлар даврасида ҳордиқ чиқариш учун берилади. Аммо бу борада қонунчиликдаги ўзига хос жиҳатларни билмаслик, дам олиш ҳуқуқидан маҳрум этиши мумкин, деб ёзмоқда Norma.uz.

Қонунчиликда дам олиш вақтига шундай таъриф берилган: “Дам олиш вақти — ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан ҳоли бўлган ва бундан у ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин бўлган вақтдир” (МК 126-модда). Сирасини айтганда, одамнинг иш жойида бўлмаган ва иш ҳақида ўйламаган ҳолати дам олиш ҳисобланади.

Агар Сизнинг касбингиз дам олиш ва байрам кунларини иш режимида ўтказишни тақозо қиладиган бўлса, дейлик, бошловчи ёки тўй ташкилотчиси бўлсангиз — бу сизнинг танловингиз саналади, яъни пул ишлаб топиш учун Сиз ихтиёрий равишда танлаган усул. Аммо дам олиш куни ишга чиқиш сўралганлар ёки шунга мажбур этилганлар-чи? Улар қандай йўл тутиши керак?

Биринчидан, бундай таклифга ҳеч иккиланмай, рад жавобини бериш мумкин. Чунки қонунчиликка кўра, ташкилот ёки корхоналар ва тадбиркорлар дам олиш кунлари ёки байрам кунлари ўз ходимларини ишлатиши тақиқланган (МК 130-модда).

Иккинчидан, иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади.

Қуйидаги ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга йўл қўйилмайди:

•  ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни (МК 228-модда);
•  18 ёшга тўлмаган шахсларни (МК 245-модда);
•  ногиронларни (дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади) (МК 220-моддаси 5-қисми).

Бундан ташқари, гарчи дам олиш ёки байрам куни ишга чиқишга розилик берган бўлсангиз-да, ушбу ҳолатнинг ижобий томони ҳам мавжуд: иш берувчи Сизнинг режалаштирилмаган ишингизни икки ҳисса қилиб қоплаши ёки дам олишингиз учун бошқа бирор кунни таклиф этиши даркор (МК 157-модда).

Компенсациянинг аниқ миқдори эса жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишган ҳолда белгиланиши кўзда тутилган. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Қолаверса, ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин.  

Раҳбарият учун Сизнинг розилигингиз ёки рад жавобингиз ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайдиган ҳолатлар ҳам бор. Масалан,

•  ишлаб чиқариш-техник шароитлар ва бошқа шароитларга кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда — узлуксиз ишлайдиган корхоналар, объектларни қўриқлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш кабилар;
•  аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда;
•  кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида.

Донорлик қилганлар учун алоҳида ҳолат

Шунингдек, қонунчиликда яна бир ҳолат мавжуд. Меҳнат кодексининг 167-моддасига кўра, донорлик қилувчи ходимларга ҳар сафар қуйиш учун қон топширган куннинг албатта эртасига дам олиш учун бир кун берилади. Ходимнинг хоҳишига кўра бу кун таътилга қўшиб берилиши ҳам мумкин. Текширувдан ўтадиган ва қуйиш учун қон топширадиган куни ишдан озод этилган давр учун, шунингдек дам олиш кунлари ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Ҳаётда ҳамма нарсанинг ўз вақтида бўлгани яхши: иш — иш вақтида, ҳордиқ чиқариш – бунинг учун мўлжалланган паллада. Ишлаб топаётган пулимиз ёки ҳафтадаги иш соатларининг қанча бўлишидан қатъи назар, айнан дам олиш кунлари одам ўзини янада бахтиёрроқ ҳис этар экан. Бундай ҳиссиёт ҳаттоки ишсизлар ва уй бекаларига ҳам бегона эмаслиги исботланган. Келаси сафар сермаҳсул ишга “созланиб” олиш учун дам олиш кунлари сифатини ошириш хусусида сўз юритамиз.