Ёзувчи, меценат ва кишиларни руҳлантирувчи нотиқ Ник Вуйчич Synergy Global Forum анжуманида иштирок этиб, ўзини бахтли ҳис қилишнинг уч усули ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

"Менимча, тушкунликка тушган ҳар қандай киши ёки ўзини бахтли ҳис қилишни истаган одам, ўтириб, шукр қилиши керак бўлган 5-10 нарса ҳақида ёзиши керак. У бу ҳолатдан якка ўзи ўтиши керак эмаслигини ҳам ёддан чиқармаслиги лозим, — барчамиз баъзан ким биландир дардлашгимиз келади. Ва яна, ёрдам сўраш мумкинлигини ҳам унутмаслик керак. Ёрдам сўрашдан қўрқиш керак эмас. Бу иккинчи усули", — деган Вуйчич журналистларга. 

Киши ўзини бахтли ҳис қилишнинг учинчи йўли, Вуйчич наздида ёрдамга муҳтож кишига кўмак беришдир.

"Баъзида бизда ёрдамга зарурат пайдо бўлади. Бу вақтда қалбни тинчлантиришнинг энг яхши усули бу бошқа эҳтиёжмандга ёрдам беришдир. Сен саратондан хасталанган болалар даволанаётган шифохонага бориб уларнинг бироз бўлса-да хурсанд бўлишига имкон беришинг мумкин. Сен ўзингга бўлган эътиборни бошқаларга қаратар экансан, ҳаётдаги янги мақсадни кўра бошлайсан. Ҳаётингда мазмун-мақсад бўлса, даволана оласан", — деб қўшимча қилган. 

Synergy Global Forum бизнес форуми 27-28 ноябрь кунлари Москвада бўлиб ўтмоқда. У ўз тоифасида жаҳондаги энг йирик анжуманга айланиши кутилмоқда. Унда 19,5 минг киши қатнашиши кутилмоқда. 

Вуйчич ноёб ирсий касаллик - тетраамелия билан дунёга келган бўлиб, унинг икки қўли ва оёғи йўқ. Шунга қарамай, бу унга юришни ўрганишга, спорт билан шуғулланишга, компьютерда ишлашни ўрганишига, машҳур руҳлантирувчи нотиқ, ёзувчи ва меценат бўлишига тўсиқ бўла олмади. 

У бутун дунё бўйлаб маърузалар қилади, телешоуларда иштирок этади ва китоблар ёзади.