27 ноябрь куни Тошкентдаги International Hotel Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистонда илк марта Science Leader Web of Science award - 2017 халқаро соврини билан тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ҳамда АҚШнинг Clarivate Analytics компанияси томонидан ташкиллаштирилган мазкур тадбирда жаҳон илм-фани ривожига ҳисса қўшаётган, илмий билимларни тарғиб қилаётган, шунингдек, илмий фаоллиги юқори бўлган Ўзбекистондаги етакчи олимларга 30 млн сўмгача миқдордаги пул мукофотлари, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар тақдим этилди.

Халқаро совринга муносиб номзодларни аниқлашда Web of Science электрон маълумотлар базасига кирган илмий нашрларда сўнгги 10 йил ичида чоп этилган илмий мақолалар ва уларга келтирилган ҳаволалар асос қилиб олинди. Энг катта илмий ютуқларга (нуфузли илмий журналларда мақола чоп этган, илмий ишларидан хорижда ҳаволалар келтирилган, халқаро даражадаги патентларни олган) эришганлар ғолиб деб топилди.

Танлов натижаларига кўра, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети кафедра мудири, техника фанлари доктори Дилшод Тўлаганов илм-фан ривожига қўшаётган ҳиссаси учун I даражали фахрий ёрлиқ ва 30 млн сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди. Сўнгги ўн йил давомида унинг дунёнинг турли илмий нашрларида чоп этилган 68 та мақоласига 939 маротаба ҳаволалар берилган, h-index даражаси 19 ни ташкил этади.

Астрономия институти бўлим мудири, физика-математика фанлари доктори Бобомурод Аҳмедов (77, 609/14) ҳамда Математика институти етакчи илмий ходими, физика-математика фанлари доктори, профессор Баҳром Омиров (62, 320/11) илм-фанни тарғиб қилгани учун II даражали фахрий ёрлиқ ва 20 млн сўмдан пул мукофотига муносиб кўрилди.

Ўсимлик моддалари кимёси институти лаборатория мудири, кимё фанлари доктори профессор Баҳодир Тошхўжаев (72, 84/4) - табиий фанлар бўйича, Физика-техника институти докторанти, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Хусниддин Олимов (41, 189/9) - техника фанлари бўйича ҳамда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминистер университети катта ўқитувчиси Рауфхон Салоходжаев (16, 61/5) - ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича III даражали фахрий ёрлиқ ва 10 млн сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди.

Шу билан бир қаторда, маросим доирасида «Энг яхши аёл тадқиқотчи», «Энг яхши ёш олим», «Энг яхши илмий журнал», «Энг яхши олий таълим муассасаси», «Энг яхши илмий тадқиқот муассасаси» номинациялари бўйича ғолиблар Фан ва технологиялар агентлиги ва Clarivate Analytics компаниясининг Фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланадилар.

Clarivate Analytics компанияси дунёнинг 100 дан зиёд давлатларида Science Leader Web of Science award номинациясини эълон қилиб, энг яхши натижаларга эришган, Web of Science халқаро базасига киритилган мақолалари олимларни рағбатлантириб келади.