Бугунги кунда божхоначилар томонидан божхона чегаралари орқали нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш борасида мунтазам саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2017 йил 20 ноябрь куни “Самарқанд - аэропорт” чегара божхона пости ходимлари томонидан амалдаги тартибларни қўпол равишда бузиб, нақд хорижий валюталарни ноқонуний йўл билан олиб чиқишга уринган божхона қоидабузарлик ҳолати фош қилинди.

“Самарқанд-Санкт-Петербург” авиарейси билан учиб кетаётган йўловчилардан бири самарқандлик М. Хайдаров (исм-шарифи ўзгартирилган) шахсий кўрикдан ўтказилганда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровлар вақтида маълум қилинмаган жуда кўп миқдордаги яъни, 9420 АҚШ доллари ва 325 880 Россия рублини кўк рангли эркаклар спорт кийимига ўраган ҳолда қора рангли қўл сумкасига яширганча олиб ўтишга урингани аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки Самарқанд бўлимининг экспертиза далолатномасига кўра, фуқаро М. Хайдаровдан олинган Россия рубли ва АҚШ доллари банкноталари ҳақиқий деб топилган, уларнинг умумий миқдори қарийб 121 млн. сўмни ташкил этган.

Хозирда, мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикаси фуқароси М. Хайдаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Самарқанд вилояти   божхона бошқармаси  Ахборот хизмати
Фото: Самарқанд вилояти   божхона бошқармаси  Ахборот хизмати

Амалдаги тартибларга мувофиқ, республикамизда резидентларга 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валюталарни йўловчи божхона декларациясида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.

Фото: Самарқанд вилояти   божхона бошқармаси  Ахборот хизмати

Норезидентларга эса Ўзбекистонга кириб келаётганда ўзи билан олиб келган ҳамда божхонага тақдим этилган йўловчи божхона декларациясида қайд этилган миқдордаги хорижий валютани олиб чиқишларига рухсат этилади.