Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида истиқомат қилувчи фуқаро ҳар бир АҚШ долларини 8150 сўмдан ҳисоблаб сотган вақтида қўлга олинди, деб хабар қилмоқда ИИВ матбуот хизмати. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси маълумотига кўра, ўтказилган тезкор тадбир давомида Янгийул тумани А.Ортиқов ҚФЙ Ойбек кўчасида яшовчи 1967 йилда туғилган, муқаддам судланган Р.Т. ноқонуний равишда таниши Б.А.га 6.500 АҚШ долларини 52.975.000 сўмга сотган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.

Р.Т. бошқарувида бўлган “Ласетти” автомашинаси кўздан кечирилганида 3.815.000 сўм миқдорида пуллар борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида расмийлаштирилди.

Ҳолат юзасидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда.