Эронлик курашчи Алирез Карими-Махианий Польшадаги жаҳон чемпионатида 25 ноябрда россиялик спортчи Алихан Жабраиловга ютқазиб берганини тан олди.

Эронликнинг айтишича, 23 ёшдан кичик курашчилар ўртасида эркин кураш бўйича чемпионатда унинг мураббийи учрашув вақтида ютқазиб беришини талаб қилган. Алирезга агар у ғолиб бўлса, исроиллик курашчи билан беллашишини ва шу сабабли ютқазиши кераклиги уқдирилган. 

Беллашув видеоёзувида аксарият вақт Алирез кичик устунлик билан россиялик рақибидан олдинда бораётгани, бироқ кейин қаршилик кўрсатмай қўйгани, Жабраилов эса охир натижада ғалаба қилганини кўриш мумкин.

Беллашув натижасига кўра, россиялик чорак финалга чиққан. Сўнгра у исроиллик Ури Калашниковни, кейинги босқичларда беларуслик Роман Читадзе ва қозоғистонлик Азамат Даулетбековни мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритган.

Эронлик уни сиёсий сабабларга кўра жангни бой беришга мажбур қилишганидан аччиғи чиққан. “Мен олтин медални ютиш учун бир неча ойлаб астойдил машқ қилдим ва мен уни юта олардим”, деб айтган эронлик ва мураббийларининг талаби унинг барча ҳаракатларини чиппакка чиқарганини айтган.

Эрон Исроилни давлат сифатида тан олмайди ва Фаластин ҳудудларини ноқонуний равишда босиб олган деб ҳисоблайди. Эронлик спортчилар халқаро мусобақаларда бир неча маротабалаб исроилликлар билан учрашишдан бош тортишган.