Kun.uz таҳририятига Андижон вилояти Хонобод шаҳрида яшовчи, боқувчисини йўқотган Тамара Григорьевадан мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, 76 ёшли кекса аёл ўз уйидан қувилган ҳолда ҳамшаҳарининг хонадонида икки йилдан бери яшаб келмоқда. Kun.uz мухбири ана шу масалани ўрганиш мақсадида Андижон вилоятига йўл олди.

«​1998 йил тўнғич фарзандим Андрей Макаров бедарак йўқолиб қолди. Юқори лавозимларда бир неча йиллик меҳнатдаги асаб бузилишлар, оиладаги кутилмаган фожиа туфайли нафақага чиқишга қарор қилдим. Шу пайт руҳий ҳолатим ёмонлашиб, Андижон вилояти психоневрология диспансерига мурожаат қилишга мажбур бўлганман. Шу даврдан бошлаб, мен диспансернинг «Д» назоратида тураман»​, деб сўз бошлайди у.

Тамара Федоровнанинг айтишича, соғлиғи тикланиб, ҳаёти бир маромга тушган пайтда, унинг иккинчи ўғли ҳам бевақт оламдан кўз юмди. 2006 йил Тамара опа қайтадан психоневрология диспансерига мурожаат қилади. Бундай қайғу онани батамом ҳолдан тойдириб, дард тўла қалбини ларзага солганди. Охирги марта диспансерда муолажа қабул қилган Тамара опага ҳамшаҳари Пазилова Наргизанинг психиатрия шифохонасида ишлайдиган онаси ҳамроҳлик қилади.

Шундан сўнг, она ва бола кекса аёлнинг ишончига кириб, у билан бирга яшай бошлайди.

«Аввалига, менга ғамхўрлик қилишини, парваришлаб, соғлиғим ҳақида қайғуришини айтганда, ҳамма сўзларига ишонгандим. Шу маънода нотариусга олиб бориб, васийлик қилиши учун ҳужжатга имзо чекишимни сўради. Кейинроқ маълум бўлдики, бу уй-жой олди-сотди шартномаси бўлиб, гўёки мен хонадонимни Наргизага сотганман. Ҳақиқатдан хабар топганимда, улар менга нисбатан муомаласини ўзгартирди», дейди у.

Келиб чиққан низо юзасидан суд масалани ўрганиб, ушбу олди-сотди шартномани ҳақиқий, деб топган. Аммо, Тамара Григорьева вафотига қадар шу уйда яшаши қарорда кўрсатиб ўтилган. Мос равишда, хонадон собиқ эгасининг доимий прописка уй дафтаридан чиқариб юборилмаган.

«Мен пенсия пулини олишим билан барчасини Наргизанинг қўлига тутқизардим. Шунга ҳам кўниб яшадим, лекин у менга нисбатан уй қамоғини ташкил этиб, дўппослаб уриши - уйдан қочиб чиқишимга сабабчи бўлди. Турмуш ўртоғим ва кенжа фарзандимни кўмдим, катта ўғлим бедарак йўқолиб қолди, мен энди қайга бораман. Ахир бир дона уйимни сотиш мантиқсизлик-ку. Наргиза ва онасидан бир тийин ҳам олмаганман. Ҳокимликка мурожаат қилсам, мени қариялар уйига топшириб юборишини айтади», дея кўз ёшлари билан ҳикоясини тугатади у.

Айни пайтда икки йилдан буён Тамара опани уйида парваришлаб ўтирган Одина опа унинг сўзларини тасдиқлаб шундай дейди:

«ИИБ бошлиғи, Хотин-қизлар қўмитаси, барчасининг хабари бор. Байрам ё оддий кунда кимдир келиб, ҳолимиздан сўрамайди. Шу кампирни Наргиза уйга қамаб қўйган пайтлари, эшигини очишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмади. Очиқ-ойдин фирибгарлик йўли билан эгалланган уйда Тамара опанинг кийимлари, мебель ва жиҳозлари ҳам қолиб кетган», деб таъкидлайди у.

Kun.uz мухбири маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан учрашишга бир неча марта уринди. Аммо турли сабаб ва баҳоналарга кўра, улар иш жойида эмаслиги айтилди.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш