Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2752-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижроси доирасида шунингдек “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” муносабати билан Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплексида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Бу ҳақда “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Тошкент  авиация  транспорт  прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил қилинган ушбу тадбирда мазкур комплекс шахсий таркиби, ходимларнинг ота-оналари, ҳаво йўллари орқали товарларнинг экспорти ва импортини амалга ошириб келаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Фото: Тошкент-Аэро

Маълумки, ҳар йили дунё бўйлаб, 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни кенг нишонланади. 2003 йилнинг айни шу санасида Мексиканинг Мерида шаҳрида дунёнинг 100 дан ортиқ давлатлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган Сиёсий конференцияда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши кураш конвенцияси имзоланган эди. Ўшанда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 9 декабрь Коррупцияга қарши курашиш халқаро куни деб эълон қилинди. Бугунга келиб, 172 давлат мазкур Конвенцияга аъзо ҳисобланади. 

2008 йил 7 июлда Ўзбекистон Республикасининг «БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниши ортидан давлатимиз ушбу ғайриижтимоий иллатнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олди.

Тадбирни кириш сўзи билан очар экан, “Тошкент-Аэро” ИБК бошлиғи ўринбосари И.Омаров коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва чек қўйиш, бунга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида республикамизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Фото: Тошкент-Аэро

Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2752 қарори муҳим роль ўйнамоқда. Чунки, айни шу қарор асосида 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланган бўлиб, ушбу ҳужжат "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларининг самарали ижросини таъминлаш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳалари бўйлаб қамраб олиш имконини бермоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиноят-қидирув бош бошқармаси катта тезкор вакили Асрор Саётов сўзга чиқиб, ички ишлар органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаб ва шароитлари, уларнинг барвақт профилактикаси ҳамда уларни бартараф этиш бўйича ички ишлар органлари соҳавий хизматларида кўриладиган чоралар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Очиқ эшиклар кунида Тошкент  авиация  транспорт  прокурори ўринбосари Шерзод Мамажонов ҳам иштирок қилди ва 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури доирасида тизимда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди. 

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси масъул котиби, юрист Насиба Мамараимова эса коррупцияга қарши курашишда нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг роли ҳақида маъруза қилди.

Фото: Тошкент-Аэро

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунидаги эътиборли жиҳатлардан яна бири, коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг иштирок этиши механизмлари белгиланганидир. Зеро, бу институтлар жамиятда жамоат назорати қарор топишида, адолат мувозанати таъминланишида ўзига хос ўрин тутиб келмоқда. Уларнинг жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи коррупция иллатига қарши курашишда иштирок этиши шу йўналишдаги фаолият самарадорлиги ошишига хизмат қилади. 

Давра суҳбатида божхона органларида коррупцияга қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси божхона органлари шахсий таркиби ўртасида қонунбузарликнинг содир этилишининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда божхона органлари сафларини нопок ходимлардан тозалаш борасида аниқ йўналишга эга бўлган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-аҳлоқ намунавий қоидалари тўғрисида” 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори ижроси доирасида божхона органларида тарбиявий профилактик ишларни кучайтириш, шахсий таркибни муносиб хулқ-атворда бўлишини таъминлаш, бурчга садоқатини мустаҳкамлаш, тизимга доғ туширувчи турли салбий ҳолатларга йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида давлат божхона хизмати органларининг одоб-аҳлоқ қоидалари ва уларни қўллаш бўйича йўриқнома тасдиқланди.

“Тошкент-Аэро” ИБК томонидан 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида 90 дан ортиқ профиклатик маърузалар, учрашувлар, индивидуал тартибда профилактик тарбиявий ишлар ва суҳбатлар ўтказилган. Бунга божхона ходимларининг ота-оналари ва оила аъзоларини ҳам жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, ходимларнинг хизмат давомида зиммасига юкланган вазифаларни қай даражада адо этаётганлиги, ҳушёрлиги ва огоҳлигини синовдан ўтказиш мақсадида 62 маротаба хуфиёна текширувлар ўтказилган. 

Давлат божхона қўмитаси томонидан пора бериш ва пора олишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида кўргазмалари плакатлар ва стол устига қўйишга мўлжалланган буклетлар ишлаб чиқилган бўлиб, барча божхона бошқармалари, комплекслари ва постларига тарқатилган. 

“Тошкент-Аэро” ИБК да узлуксиз фаолияти юритувчи “Ишонч телефони” (тел: 120-86-30) жорий қилинган бўлиб, у орқали фуқаролар божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан хабар беришлари мумкин.

Бундан ташқари “Тошкент-Аэро” ИБКнинг барча ташқи иқтисодий фаолият ва чегара-божхона постларидаги мавжуд мониторлар орқали йўловчилар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун доимий равишда коррупциянинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантирувчи ижтимоий видеороликлар намойиши йўлга қўйилган. Давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.