Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш ягона тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон Фармони талабларини бажариш, табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шунингдек, уларнинг оқибатларини мониторинг қилиш, ахборот алмашиш ва прогнозлаш тизимли олиб борилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими таркибига кирувчи вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг Табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш ягона тизимини (кейинги ўринларда Ягона тизим деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

2. Қуйидагилар Ягона тизимнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятларга (кейинги ўринларда фавқулодда вазият деб аталади) олиб келувчи потенциал манбаларни барвақт аниқлаш, улар бўйича тизимли кузатув ва назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш маълумотларини, шунингдек, уларнинг юзага келганлиги ва оқибатлари тўғрисида доимий ва автоматлаштирилган ахборот алмашинувини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларга олиб келувчи хавфли табиий-техноген жараёнлар ва ҳодисаларнинг ривожланиш эҳтимоли хусусияти ва кўламини олдиндан прогнозлаштириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек, уларнинг оқибатларини камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

3. Қуйидагилар:

Табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш ягона тизимининг ташкилий- функционал тузилмаси 1-иловага мувофиқ; 

Табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш ягона тизими тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқланди.

4. Ягона тизим тузилмасига кирувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари уч ой муддатда:

фавқулодда вазиятларга олиб келувчи хавфли табиий-техноген жараёнлар ва ҳодисаларнинг юзага келиш хавфи кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда мониторинг қилиш, ахборот алмашиш ва прогнозлаш тартиби тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқадилар ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайдилар;

Ягона тизим жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда “Электрон ҳукумат” тизими доирасида шакллантирилган идоравий ахборот тизимларининг функцияларини такомиллаштирадилар;

умумий чекланган штатлар сони ҳамда бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида бошқарув аппаратлари, ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари тузилмаларига Ягона тизим доирасида белгиланган вазифаларни бажаришга масъул мутахассислар штат лавозимларини жорий этадилар.

5. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда:

Ягона тизим тузилмасига кирувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари орасида алоҳида ҳимояланган ахборот алмашинуви канали ташкил этилишини ва узлуксиз ишлашини;

Ягона тизимни “Электрон ҳукумат” тизимининг марказий маълумотлар базалари ва ахборот тизимлари комплексларига интеграциялашни таъминлайди.

6. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги алоқадор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири Р.М. Джураев зиммасига юкланди.

Табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш ягона тизими тўғрисидаги низомга кўра, Ягона тизим табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар (кейинги ўринларда фавқулодда вазиятлар деб аталади) мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш масалаларини ҳал этишга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг (кейинги ўринларда ФВДТ деб аталади) ажралмас қисми ҳисобланади.

Қуйидагилар Ягона тизимнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятларга олиб келувчи потенциал манбаларни барвақт аниқлаш, улар бўйича тизимли кузатув ва назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш маълумотларини, шунингдек, уларнинг юзага келганлиги ва оқибатлари тўғрисида доимий ва автоматлаштирилган ахборот алмашинувини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларга олиб келувчи хавфли табиий-техноген жараёнлар ва ҳодисаларнинг ривожланиш эҳтимоли хусусияти ва кўламини олдиндан прогнозлаштириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек, уларнинг оқибатларини камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

Ягона тизимни ФВДТ доирасида хавфли табиий-техноген жараёнлар ва ҳодисаларнинг мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш функцияларини бажарадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг тузилмалари (хизматлар, ташкилотлар, инспекциялар, бўлимлар, лабораториялар ва бошқалар) мажмуаси ташкил этади. Ягона тизим республика, маҳаллий ва объект даражаларига эга.