Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбеккино” Миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 7 августдаги ПҚ-3176-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади), “Ўзбекфильм” акциядорлик жамияти, “Ўзбекистон Республикаси илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси” масъулияти чекланган жамиятнинг:

а) Агентлик ҳузурида “Мультипликацион фильмлар студияси” Давлат унитар корхонасини ташкил этиш;

б) Агентлик тизимига кирувчи:

“Ўзбекистон Республикаси илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси’- Масъулияти чекланган жамиятни “Ҳужжатли фильмлар киностудияси” Давлат унитар корхонасига айлантириш;

“Ёшлар тажриба-ижодий 5-студияси” Давлат корхонасини “Ёшлар ижодий тажриба студияси” Давлат унитар корхонаси сифатида қайта номлаш ҳақидаги таклифлари маъқулланди.

2. Қуйидагилар:

“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

"Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси устави 3-иловага мувофиқ тасдиқланди.

3. Белгилаб қўйилишича:

Агентлик кинематография соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

Агентликнинг марказий аппарати, “Қорақалпоқкино” агентлиги, Агентликнинг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларига Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, суд органлари ва нотариал идоралари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тариф сеткаларини жорий этиш тўғрисида” 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарори билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби қўлланилади.

4. Агентлик икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда "Республика кинофонди’' давлат унитар корхонаси ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва штатлар жадвалини тасдиқлайди.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг бош директори Ф.Ш.Зокиров зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги тўғрисидаги низомга кўра, агентлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Агентлик, “Қорақалпоқкино” агентлиги, Агентликнинг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, қонун ҳужжатларига мувофиқ банкларда миллий ва хорижий валютада ҳисоб рақамларига эга бўлади.

Агентлик тизимига:

Агентлик марказий аппарати;

"Қорақалпоқкино” агентлиги, Агентликнинг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари;

"Ўзбекфильм” акциядорлик жамияти;

"Қорақалпоқфильм” давлат унитар корхонаси;

“Ҳужжатли фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонаси;

"Ёшлар ижодий тажриба студияси” давлат унитар корхонаси;

"Мультипликацион фильмлар студияси” давлат унитар корхонаси;

"Республика кинофонди” давлат унитар корхонаси;

"Алишер Навоий номидаги кино саройи” давлат унитар корхонаси;

"Кинематографчилар уйи” давлат унитар корхонаси;

"Дўрмон киноижодкорлар уйи”давлат унитар корхонаси;

Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси;

Ўзбекистон киносанъати музейи киради.

Қуйидагилар Агентликнинг вазифалари ҳисобланади:

кино санъатининг миллий маданиятни ривожлантириш, жамият маънавий ҳаётини юксалтиришдаги ўрни ва аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда бу соҳани умумбашарий ва миллий қадриятлар уйғунлиги асосида тараққий эттиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш;

кино санъатида, кино-видеофаолият соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш;

кинематография соҳасида фаолият кўрсатаётган ташкилотлар, киностудиялар ва ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик ва рақобат муҳитини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

миллий кино санъатининг энг яхши анъаналарини изчил давом эттириш ва бойитиш мақсадида иқтидорли ёш кинематографчиларни тарбиялаш, уларнинг ижодий имкониятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;

“Республика кинофонди” давлат унитар корхонаси фаолиятини бугунги кун талаблари негизида ташкил этиш;

кинофильмлар яратиш ва уларни намойиш этиш тизимини танловлар ташкил қилиш орқали такомиллаштириш ва қайта техник жиҳозлаш, аҳолига кино-видеохизмат кўрсатиш даражасини ошириш;

муаллифлик ҳуқуқлари ҳимояланган кино ва видео маҳсулотларини ноқонуний равишда республика ҳудудига олиб киришга, улардан фойдаланиш, ижарага бериш ва тарқатишга қарши зарур чоралар кўриш;

импорт ва экспорт қилинадиган кино ва видео маҳсулотларига эксперт баҳоси берилишини амалга ошириш, республика ҳудудида кино ва видеофильмлар кўрсатиш ва улардан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидаларини белгилаш;

кинематография соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий кино маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш, хорижий кино ишлаб чиқарувчи ташкилот ва киноижодкорлар билан алоқаларни кенгайтириш, миллий кино санъатини халқаро кинофестивалларда намойиш этиш.

Агентликни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бош директор бошқаради. Бош директор ўз мақомига, маиший таъминоти, тиббий ва транспорт хизматидан фойдаланиш шарт-шароитларига кўра - вазирга, бош директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари - тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарига тенглаштирилади. Агентлик бош директори бўлмаган вақтда унинг ваколатлари ўринбосарлари ўртасида тақсимланадиган мажбуриятларга мувофиқ амалга оширилади.