Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан тасдиқланиши режалаштирилган лойиҳага кўра, 2018 йил 1 июлдан амалдаги миллий биометрик паспортни хорижга чиқиш паспорти сифатида эътироф этиш кутилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Бугун, 9 январдан умумхалқ муҳокамасига тақдим этилган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури лойиҳасида таъкидланишича, мазкур ўзгариш билан Ўзбекистон ҳудудида яшаш, ҳаракатланиш учун фуқаролик паспорти ўрнига шахсни тасдиқловчи ID – идентификация картасини жорий этиш назарда тутилади.​

Маълумот учун, Фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича тадбир​ 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Давлат персоналлаштириш маркази томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилдан буён берилаётган амалдаги паспорт амалий жиҳатдан чет элга чиқиш паспорти ҳисобланиб, кўплаб фуқаролар ва экспертлар иккинчи паспортнинг жорий этилишига қарши муносабат билдириб, ID-карталарни ёқлаб чиқишган эди.