Нилуфар интернетдаги ўзининг шахсий саҳифасига кириб, янги хабарларни ўқий бошлади. Унинг диққатини Азиз (аслида Шерали) деган йигитдан келган хабар тортди. Хабарда илиқ фикрлар айтилган эди. Шу асно Азиз ҳам интернетга кирди-ю, салом йўллади. Улар танишиб олди, қизга йигитнинг гаплари маъқул келди. Йигит ҳам ўз навбатида қизнинг “ўзгачалардан ўзгача” эканлигини эътироф этди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Хуллас, виртуал оламдаги танишув кунора бўладиган ширин суҳбатларга айланди. Суратлар алмашинди. Бир-бирига манзур бўлган ёшлар учрашиб, келишиб олишди. Орадан бир ой ўтиб, улар шаҳардаги номдор кафеларнинг бирида учрашишди, суҳбатлашишди. Азиз нуфузли идорада ишлашини (гарчанд ҳеч жойда ишламаса ҳам), уйланмаганлигини (икки марта уйланган эди), ўта масъулиятли иши туфайли кейинроқ оила масаласи билан шуғулланмоқчилигини айтиб, роса қизни авради. Соддадил қиз унга чиппа-чин ишонди.

- Мен сизни кўриб, уйланишга қарор қилдим. Энди уйланмасам бўлмайди, сизсиз яшолмайман, - деди тилида, аслида дилида бошқа ният пинҳон эди.

Улар яна бир неча марта ресторан ва кафеларда учрашишди. Ҳар сафар йигит қизни севишини, унга уйланиш учун барчасига тайёрлигини айтарди. Азизнинг ҳаракатлари самара бериб, қизнинг ишончига кирди. Қизнинг нозик қалби унга боғланиб қолди. Йигит томон беихтиёр талпинадиган бўлиб қолди.

- Янги уй сотиб олаётган эдим, шунга 23 минг доллар етмай қолди. Иккимиз учун, бахтимиз учун шундай қилмасам бўлмайди, - деди Нилуфарга тушунтириб. Қиз унинг барча гапларига ишонди. Йиғиб юрган пуллари борлигини яширмади.

- Менда ҳам пул бор, сиз айтгандек кўп бўлмаса ҳам, анчагина бор, қолганини қарз олиб, тўплаб бераман, ахир уй иккимиз учун-ку, тўғрими, Азиз ака?

Фириб тўрини тобора ёйиб, қизнинг хаёлларини исканжага олаётган йигит бор маҳоратини ишга солди. Хуллас, ишонтирди.

Унинг гапига кирган Нилуфар холасидан 4500 АҚШ доллари олиб, роппа-роса 23 минг АҚШ долларини йигитга тутқазиб юборди. Азиз ҳам ўз навбатида:

- Бир ойлар ичида қайтараман, - деб ваъда берди.

Нилуфарнинг қулоғига секин шивирлаб: “Сени эса энг бахтли аёлга айлантираман”, деди. Келажакдаги тўкис бахтнинг келишидан қиз юраги энтикиб кетди.

Улар кунора учрашишар, Азиз қизни уйигача кузатиб келарди. Нилуфар бир куни ичидагини ташига чиқарди:

- Азиз ака, бундай юришимиз яхшимас, маҳалламиздагилар гап-сўз қилишади, ортиқча миш-мишга ҳушим йўқ. Илтимос, совчингизни тезроқ юборсангиз, ҳар қалай “унаштирилган-ку”, деб бизни тинч қўйишади.

Пихини ёрган йигит эса отаси йўқлигини, онаси шифохонада ётганлигини, совчиликни бошқа бировга ишонмаслигини айтди. Қиз ишонди, сабр қилишини айтди.

- Лекин дадам менинг сиз билан учрашишимдан норози, нима қилай, айтинг?

- Майли, даданг билан учраштир, ўзим тушунтираман.

Азиз Нилуфарнинг отасини ҳам ишонтирди. Ҳатто унинг олдида қизга тилла узук ҳам ҳадя қиларкан, Нилуфарнинг барча ҳардам хаёлларини йўққа чиқарди. Йигитнинг мақсадида жиддийлигига у яна бир бор ишонди.

Бир неча кундан кейин улар Азизнинг уйига келишди. Азиз яна ёлғон ваъдаларни қалаштириб ташлади: “Нима эмиш, уйни ҳозир сотса, арзон кетармиш, зарар қилармиш. Нилуфар пулини қистовга олмаса, кейинроқ яхшироқ нархга сотса бўларкан”. Қиз ҳам унинг сўзларини маъқуллаб, “Кейинроқ берсангиз ҳам бўлади”, деб юборди.

Шу кун улар квартира учун телевизор, антена, “ДВД” плеер ва “Аристон” сув иситиш мосламаси сотиб олишди. Уларни Азизнинг уйига келтириб ўрнатишди.

Кечга яқин Азиз қизга “СМС-хабар” юборди: “Аямнинг дориси учун 1800 доллар керак, зудлик билан топмаса бўлмайди, имконинг бўлса, ёрдам бер!”.

Бутун олам соддалик ва тўғриликдан иборат деб билган қиз дадасидан айтилган пулни олди. Келиб пулни олаётган йигит яна ўзини “артистлик”ка солди. Ҳатто йиғлаб ҳам олди:

- Сизларнинг борликларингизга шукур, минг раҳмат, - деди ўзини бечора кўрсатиб.

Кунлар ўтаверди. Бир куни Нилуфар Азизнинг паспортини кўриб қолди.

- Ие, исмингиз Шерали экан-ку, - деди қиз ажабланганини яширмай.

- “Юқори”да ишлайдиганларнинг иккитадан паспорти бўлади, - деди Азиз бўш келмасдан. Ажабки, қиз яна унга ишонди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Нилуфарга қўнғироқ қилди:

- Онамни шифохонадан чиқармоқчи эдим, агар ўзингда бўлмаса, бировдан олиб бўлса ҳам юборгин, мен узоқроқда эдим.

Қиз яна унинг айтганини қилди. Сўнгги бор Азиз ундан 1000 АҚШ долларини биров орқали олиб, ғойиб бўлди.

Ана шундай Нилуфарнинг кўзи очилди. Алданганини англаб етди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.

Суд Шерали Фозиловни айбдор деб топди. Уни 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этди. Шунингдек, ундан Нилуфар Эргашевага етказилган зарар ундириладиган бўлди.