16:58 / 21.05.2024
61358

Тошкентдаги энг баланд “жумбоқ”: Харобага айланган “Чорсу” меҳмонхонаси тарихи

Бир пайтлар Тошкентнинг кўрки бўлган муҳташам “Чорсу” меҳмонхонаси аср бошидан бери қаровсиз ҳолда ётибди. Аввалига корейс, кейин турк ва араб инвесторлари ундан юз ўгирди. Мажмуа жозибадор нуқта – шаҳар марказида жойлашганига қарамай, унга нега эга топилмаётгани жумбоқли.

Пойтахт марказидаги Навоий, Беруний ва Самарқанд дарвоза кўчаларининг кесишмасида жойлашган меҳмонхона 1982-1983 йилларда қуриб битказилган. Унга дастлаб “Москва” номи қўйилган. Мустақилликдан кейин бу “Чорсу” номи билан ўзгартирилган.

“Чорсу”(“Москва”) меҳмонхонасининг қурилиш жараёни

“Чорсу” меҳмонхонаси 23 қаватли бўлиб, дастлабки 2 қавати ресторан, банкет зали, маъмурий бошқарув хоналари учун мўлжалланган. Бинонинг пастки қисмида баланд қилиб тиргакли деворлар ёрдамида супасимон композиция ташкил қилиниб, унинг яқинида жойлашган Кўкалдош мадрасасининг энг пастки қисмига тенглаштирилган. 

1983 йил / Фото: М. Пенсон, В. Телегин.
Фото: Joachim Kaddatz/pastvu.com

Меҳмонхона 2000 йилларга қадар фаол равишда ишлайди. Кейинчалик туризм соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари доирасида реконструкция қилиш бўйича ишлар бошланади.

Хусусан, 2002 йил 26 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Чорсу меҳмонхона комплексини реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинади. Қарорда “Ўзбектуризм” ва “Emsash” (Туркия) фирмаси устав жамғармаси 10 млн доллар (Ўзбекистон томонининг улуши – 3 млн доллар, “Emsash” компаниясининг улуши – 7 млн доллар) бўлган “Чорсу Отел” қўшма корхонасини ташкил этиши кўзда тутилганди. Бунда “Emsash” фирмаси томонидан “Чорсу” меҳмонхона комплекси тўлиқ реконструкция қилиниши керак бўлган. Бироқ, лойиҳа тугалланмайди ва 2005 йилнинг баҳорида ҳукумат қарори бекор қилинади. 

Чорсу” меҳмонхонасини сотишнинг биринчи даври

2010 йилнинг 7 июл куни Вазирлар Маҳкамасининг “Собиқ “Чорсу” меҳмонхонаси негизида замонавий меҳмонхона мажмуасини ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишни якунлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинади.

Қарорда Жанубий Кореянинг Daegeon Global Co. Ltd компанияси 2007 йилнинг сентябрида “Чорсу” меҳмонхонасини 7 млн долларга сотиб олгани ва 18 млн доллар миқдорида қўшимча инвестиция киритиш мажбуриятларини ҳам қабул қилгани келтириб ўтилган. Ўз навбатида лойиҳани амалга ошириш учун ташкил этилган Daegeon Global Korea МЧЖ 2012 йил 1 сентябрдан кечиктирмай янги меҳмонхона мажмуасини реконструкция қилиш ва қуришни якунлаши керак бўлган.

2012 йилда қабул қилинган Тошкент шаҳрининг туристик салоҳиятини оширишга қаратилган янги қарорда ҳам “Чорсу” меҳмонхонасини таъмирлаш ишлари 2013 йил июлига қадар тугатилиши кераклиги кўзда тутилганди.

2014 йилда ижтимоий тармоқларда тарқалган “Чорсу” меҳмонхонасининг макети

2015 йилда меҳмонхонасининг реконструкция қилиниши бўйича янгиланган лойиҳа Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга ҳам тақдим этилган ва “Янги Чорсу”ни Наврўз байрамига қадар очилишига ваъда беришади. Шундан бери ҳам кўп Наврўзлар ўтди, лекин янги меҳмонхона ҳақидаги гаплар ваъдалигича қолди. 

2016 йилнинг ёзида эса Япониянинг Toyoko-Inn компанияси Тошкентнинг тарихий марказида жойлашган бинони таъмирлаш ва эксплуатация қилишга қизиқиш билдираётгани ҳақидаги хабарлар тарқалади.

Чорсу” меҳмонхонасини сотишнинг иккинчи даври

2018 йил 9 мартдаги шартномага кўра, “Чорсу” меҳмонхона мажмуаси “Inter Tourism” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонага 2017 – 2019 йиллар мобайнида ҳукумат кафолатисиз 33 млн доллар миқдорида инвестиция киритиш орқали 270 ўринга мўлжалланган 4 юлдузли меҳмонхона мажмуасини қуриш ва 350 та янги иш ўрнини яратиш шарти билан сотилади. Бу ерда Эски шаҳар номли туристик марказ қурилиши режалаштирилади.

Аммо хорижий корхона олди-сотди шартномасида белгиланган мажбуриятларни ўз вақтида бажармагани сабабли, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, томонлар ўртасидаги шартнома бекор қилинади.

Охирги марта “Чорсу” меҳмонхонаси 2020 йил 17 февралида БААнинг “Ittihad International Investment LLC” компаниясига аукцион орқали 16,9 миллиард сўм эвазига сотилган эди.

Аукцион шартига кўра, сармоядорга 2 йил мобайнида ҳукумат кафолатларисиз камида 25 млн долларга тенг эквивалентда инвестициялар киритиши, 3 юлдузли меҳмонхона хизматини ташкил этиши ҳамда 150 та янги иш ўрни яратиш талаблари қўйилганди.

Аммо, орадан 4 йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, инвестиция мажбуриятлари ҳам, таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилмади, шартномада белгиланган ҳеч бир шарт бажарилмади. Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳам бу борада расмий изоҳ тақдим қилгани йўқ.

Бугунги кундаги ҳолати

Иншоот сайёҳлар учун пойтахтнинг асосий диққатга сазовор жойларидан бўлган эски шаҳарда, Кўкалдош мадрасаси қаршисида жойлашган. Шунга қарамай, инвесторларнинг ундан юз ўгириб кетаётгани тушунарсиз ва таажжубланарли.

Достон Аҳроров тайёрлади.
Бошловчи – Бахтиёр Тўхтаев
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов

Top