13:10 / 18.01.2019
9389
«Ўздавэнергоназорат»​: Тежамкорлик бўлса, Жиззах вилоятининг бир йиллик энергия эҳтиёжига тенг қувват иқтисод қилинади​

Қиш мавсуми яқинлашиши билан одамларни, айниқса чекка ҳудудларда яшовчи аҳолини электр энергия таъминоти узлуксиз таъминланадими, деган савол ўйлантира бошлайди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси бошлиғи Дадажон Исоқулов энергия етишмовчилиги ва ундан оқилона фойдаланиш ҳақида гапириб, тежамкорлик натижалари қандай муваффақиятларга олиб келишини билдирди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

–Қиш мавсумида электр энергиясига бўлган талаб кескин ортиб кетади. Ёз кунларида 190 млн мегаватт ҳажмида электр энергия ишлаб чиқарилиб, бу барча эҳтиёжларга етган ҳолда, совуқ кунларда бу кўрсаткич 210-215 млн мегаваттга етади, лекин барибир баъзи ҳудудларда энергия етишмовчилиги кузатилади. 

Бугунги кунда «Ўзбекэнерго» ҳам, «Ўзбекгидроэнерго» ҳам қувват ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича бир қанча ишларни амалга оширяпти. 2019 йилда Навоийда иккинчи буғ-газ қурилмаси ишга тушади. Шунингдек, Тўрақўрғонда 450 мегаватт энергия ишлаб чиқарувчи блок ишга тушиши кутилмоқда. Бу яна қўшимча 900 мегаватт, яъни тахминан Сирдарё вилоятининг учтасини таъминловчи қувват ишлаб чиқариш имкони пайдо бўлади, дегани. Лекин корхоналарнинг, одамларнинг электрга бўлган талаби ҳам ортиб бораётганлигини инобатга олиш керак. Одамларда истеъмол маданияти, электрдан оқилона фойдаланиш тушунчаси етарли даражада шаклланмаган. 

Электр қувватининг 85 фоизи кўмир, газ орқали, қолган 15 фоизи сув орқали олинади. Қишдаги етишмовчиликнинг асосий сабаби мавсумда иситиш мақсадида электрдан кўп фойдаланилишидир. Ривожланган давлатларда  электр қуввати иситиш мақсадида қўлланилмайди

Дадажон Исоқулов​ изоҳлари билан электрдан иситиш учун ишлатилмасин маъносида тушунилмаслигини алоҳида таъкидлаб, фақат оқилона фойдаланиш  зарурлигини эслатди. 

1 киловатт электр 884 килокалория иссиқлик беради. Бу 250 сўм пул бўлади. Ёки худди шунча иссиқлик  учун 270 гр кўмир ёқиш мумкин. Бу 75 сўм пул, дегани. Газда эса ундан ҳам арзонроқ, 50 сўмга яқин бўлади. Тўғри, ёқилғи билан таъминланмаган ҳудудлар бор, электрдан фойдаланишсин, фақат самарали фойдаланишсин. 

Аҳоли иситиш воситаларини харид қилаётганда ҳам унинг электр тежамкорлигига мутлақо эътибор қаратмайди, биринчи навбатда, нархи билан қизиқади. 

Масалан, нархи 700 минг, лекин тежамкор мойли печкадан эмас, 250 минглик оддий печкалардан фойдаланишади. Булар йилда энг камида 1 млн 800 сўм энергияни сарфлайди. Қимматлари  эса 1 млн.гача энергия ишлатиши мумкин. Ҳам узоқ хизмат қилади. Электр энергияси ишлаб чиқарилгач, унинг 20 фоизи ишлаб чиқарган хўжаликларнинг  ўз эҳтиёжига сарфланади, 15 фоизи технологик жиҳатдан йўқолиб кетади. 

Мисол учун, кўчаларда қўлбола печкаларда сомса сотишади. Бунақа печкалар ҳам электрни икки баравар кўп ейди, ҳам экологияга зиён. 

Яна бир мисол, чўғламали лампаларни тежамкор светодиод лампаларга ажратиш масаласи кўтарилган эди, лекин бу ҳамма жойда ҳам амалга оширилмади. Оддий лампа 100 ватт сарфлайдиган жойда светодиод 7 ватт сарфлайди. Қувватни 93 фоизга тежаш мумкин. Чўғламали лампаларни истеъмолдан чиқариб ташлаш чоралари кўриляпти, лекин улар ҳалигача ҳам  савдода учраб туради. 

–Одамлар электр энергиясининг узилиб қолишидан шикоят қилишади, лекин уни тежаш, фойдаланишнинг самарали йўллари ҳақида ўйлаш борасида бош қотиришмайди. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

–Электр жиҳозларининг барчасида тежамкорлик бўйича маркировка белгиланган бўлади, лекин унга мутлақо эътибор қаратишмайди, фақат нарх ҳақида ўйлашади.

Балки бошқа бозорларга қараганда бизда электр нархининг арзонлиги ҳам одамларда тежамкорлик ҳисси бўлишига халал берар. Нархни кўтариш керакдир балки... Одамларга тўғри тушунтира олиш керак. Электрни ҳосил қилиш жуда машаққатли жараён, айниқса кўмирдан олинганда. Ҳар ким фуқаро сифатида озгина масъулиятни ҳис қилиб, тежамкорлик ҳақида бош қотириши  керак. 

–20 ноябрдан 20 декабрга қадар электр энергиясидан самарали фойдаланиш ойлиги ўтказилди. Бундай чорадан мақсад нима ва қандай натижа беряпти бу?

Оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинди, тадбиркорлик субъектларида, таълим муассасаларида тушунтириш ишлари олиб борилди. Мақсад, фуқарони энергияни ўчириб қўйишга мажбурлаш эмас, балки ундан тўғри фойдаланган ҳолда ўз эҳтиёжини қондиришга ўргатиш. 

Айниқса, тадбиркорлик билан шуғулланадиганларга электродвигателлар билан тўғри ишлаш бўйича кўникмани шакллантириш муҳим. Нотўғри фойдаланилиб, беҳуда сарфланган қувватни ҳисоблаб, бу учун қўшимча компенсация тўловини жорий қилишни йўлга қўямиз. Ҳисоблаб чиққанимизда аён бўлдики, битта хонадонда кунига 400 киловатт энергияни тежаш мумкин. Бу жуда майда кўрсаткичдек туюлади. Лекин бир йилда бу 1 млрд 800 млн.ни ташкил қилади. Бу Жиззах вилоятининг бир йиллик энергия эҳтиёжига тенг. 

Мана шунақа майда, аҳамиятсиздек туюлган нарсалар йиғилиб, катта  муаммоларни келтириб чиқаради.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини видео форматда томоша қилишингиз мумкин. 

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                   Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Top