19:14 / 24.05.2021
8960
«Илмда шов-шув ярашмайди» — геолог Ўзбекистон ҳудудидан олиб кетилган динозавр қолдиқлари ҳақида

Геология музейи директори Аҳмаджон Аҳмедшаев Kun.uz’га берган навбатдаги интервьюсида Ўзбекистонда динозаврлар даврига оид топилмалар, республикадан олиб чиқиб кетилган динозавр скелети қолдиқлари, шунингдек, мамонтлар аждоди бўлган архидескадонларнинг яшаган манзиллари ҳақида маълумотлар берди.

Илм аниқлик ва холислик демакдир

1999-2008 йилларда бир гуруҳ россиялик ва америкалик олимлар Қизилқумдаги Жарақудуқ деган жойда археологик қазиш ишларини олиб борди ва рухсатномаси бўлганми-йўқми, жуда кўп миқдордаги топилмаларни олиб чиқиб кетди. Аввало, айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон ҳудудидан топилган ҳар қанақа бойлик ўзимизники ҳисобланади. Шундан сўнг бир қанча мақолалар чоп этишди.

Улар 2016 йилда энг ваҳший динозавр – тираннозаврларнинг етишмаётган бир туркуми ҳақида тўлиқ маълумот чоп этишди. Мени ранжитгани шу бўлдики, унга “Темурлан” деб ном қўйишди. Нега энди буюк тарихий шахс номини ҳайвонга қўйиш керак, илмий топилма бўлгандан кейин илмий ном қўйилиши лозим эди. Бу гап-сўзлардан сўнг жорий йил феврал ойида яна бир нуфузли журналда мақола чоп этишди. Уларнинг тадқиқоти келтириб чиқарган шов-шув шу бўлдики, динозаврларнинг маълум бир туркумидаги диплодокларга қариндош бўлган динозавр скелети топилибди.

Маълумот берилганда, айниқса, илмий маълумот бўлса, аниқлик муҳим бўлади, улар скелет деб кўрсатаётган нарса умуртқанинг бир неча ҳолатдаги кўриниши холос, скелет қаерда-ю, бир-иккита суяк қаёқда?  

Ўзбекистон ҳудудидан топилган динозаврлар қолдиқлари

Геологияга динозаврларнинг нима алоқаси бор дейилса, динозаврлар ва улар яшаган даврларни ўрганадиган соҳа кишилари бу – геологлар. Бир суҳбатимизда ҳам таъкидлагандимки, археологлар инсон пайдо бўлгандан бошлаб тарихни ўрганса, ундан аввалги тарихни геологлар ўрганади. Геология таркибидаги палеонтология фани қайси динозаврлар қайси даврларда яшаганини ўрганади. Геология нафақат ернинг ёши, таркиби, ривожланиши, балки ҳайвонот олами, сув, ўсимлик олами, ҳудудлар қанақа кўринишда бўлгани каби саволларга жавоб излайди.

Бизда динозаврларнинг пайдо бўлиши триас даври охирига тўғри келади. Динозаврлар ҳам бир туркум ҳайвонот оламига киради, масалан, приматлар маймунлар деб ҳисобланадиган бўлса, динозаврлар ҳам худди шундай. Динозаврлар юра, бўр даврларига келиб жуда ривожланган.

Геология музейи директори Аҳмаджон Аҳмедшаев

Геология музейининг қадимги жонзотлар залида Ўзбекистонда яшаган динозаврлар ва бошқа кўплаб ҳайвонларнинг тош қотган тана аъзолари, скелетлари сақланади. Бу залга қўйилган экспонатларнинг барчаси оригинал. Булар тахминан 60-90 млн йил аввал яшаган динозавр ва бошқа ҳайвонларнинг қолдиқлари ҳисобланади.

Кўпчиликда шундай савол бўладики, динозаврлар яшаган даврда бошқа жонзотлар ҳам бўлганми? Музейга ташриф буюрган киши ўша даврга оид балиқлар, скатлар, тошбақалар, тимсоҳлар, акулалар қолдиқларини кўриши мумкин.

Динозавр терминини фанга биринчи марта инглиз олими Ричард Оуэн киритган. У 1842 йилда динозавр суяларини топиб, туяга, филга мўлжаллаб кўради, ҳеч қайсисига тўғри келмагач, грекча қўрқинчли, баҳайбат калтакесак маъносини билдирувчи “динозавр” деган илмий номни қўллайди. 

Гарчи бизнинг ҳудудларда динозаврлар яшагани ҳақида маълумотлар кўп бўлса-да, музейда уларни акс эттирувчи экспонатлар кам. Сабаби юқорида айтилганидек, қазишда топилган топилмалар ўрганиш учун олиб кетилиб қайтариб берилмаган. Бу собиқ иттифоқ даврида ҳам кузатилган. 1968 йилда Фарғона водийси Тошкўмир қишлоғи олдидан зауропод гуруҳига кирувчи динозаврнинг 40 фоиз скелети сақланиб қолган топилма Санкт-Петербургга ўрганиш учун олиб кетилган ва Ўзбекистонга қайтариб берилмаган.

Мамонтлар аждоди бўлган архидескадон суяги қолдиқлари

2013 йил куз ойларида Тошкент вилояти ҳудудидан номаълум суяк қолдиқлари топилгани ҳақида хабар беришди, қўмита раиси ҳузурига борганимда суратларини кўрсатишди.

Геологларнинг бир одати бор, ҳар бир нарсани жойига бориб қўли билан ушлаб, кўзи билан кўрмагунча ҳеч нарсага ишонмайди. Мен бир шарт билангина бу экспедицияда қатнашишга рози бўлдим, экспонат музейга берилиши керак. Топилма Олмалиқ ва Ангрен оралиғидаги Обжарсойда экан, бориб кўриб келгандан сўнг, 8 сутка давомида уни қазиб олиб келдик.

Ўша пайтда одамлар мамонт суяги топилди, мамонт қабристони бор экан, деган миш-мишларни тўқиб чиқаришди. Топилма эса русчасига “бивень” дейилади, мамонтларнинг озиқ тишига ўхшаб кетадиган, лекин уларники каби қайрилмаган ёй шаклидаги суяк, жағ тиши ва бошқа баъзи суяклар эди.

Бундан аввалроқ 2008 йил Қарши шаҳрининг Ғиштли қишлоғи ҳудудида дарёдан маҳаллий аҳоли балиқ овлаётган вақтда номаълум ҳайвоннинг учта тиши, болдир суяги топилганди.

Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, бу топилмаларнинг ўзаро боғлиқлиги мавжуд, лекин улар мамонтники эмас, мамонтдан ёши анча катта. У хартумлилар оиласига кирувчи илмий номи “архидискадон меридионал нести” бўлган жонзот. Архидискадонларнинг энг ёрқин намуналаридан бири 1911 йилда Одесса атрофида топилган.

Архидискадонлар Қашқадарёда, шунингдек, Қизилқумда ҳамда Тошкент вилояти ҳудудида ҳам топилган. Уларнинг яшаган даври тахминан 3 млн йиллар аввалга бориб тақалади. Кейинчалик, 800 минг йил аввал улар ўз ўрнини бошқа турдошларига бўшатиб берган.  

Top