21:51 / 16.09.2021
43506
Грин-карта ютиб, Америкага кета олмаётган ўзбекистонликлар масаласи нима бўлади? АҚШ элчихонаси жавоб берди

Дунё бўйлаб грин-карта лотереясининг минглаб ғолиблари АҚШ ҳукуматига қарши судга даъво киритаётгани, жумладан, 2019, 2020 ва 2021 йилги DV Lottery дастури ғолиблари бўлган 350 нафар ўзбекистонлик АҚШ ҳукумати билан судлашаётгани ҳақида хабар берилганди.

Мақолада АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси пандемия туфайли ҳали нормал виза амалиётига қайтмагани, ҳолбуки, Марказий Осиёдаги бошқа давлатларда бу жараён аллақачон тиклангани таъкидланган, шунингдек, ушбу мавзу билан боғлиқ қатор муаммоли вазиятларга эътибор қаратилганди.

Мавзуни ўрганиш пайтида туғилган қатор саволлар билан АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига мурожаат қилган эдик. Элчихонанинг консуллик бўлими Kun.uz таҳририятининг саволларига жавобларини тақдим этди.

– АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида коронавирус пандемияси даврида жорий этилган чекловлар бекор қилинганми? Элчихона фаолияти тўлиқ чекланганми?

– АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазиятни кузатиб, мижозларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда. Ходимларимиз ва мижозларимизнинг саломатлиги ҳамда хавфсизлиги биз учун устувор масала бўлиб қолаверади. АҚШ элчихонаси ишлашда, АҚШ ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хизмат кўрсатишда, шу жумладан, виза хизматларини кўрсатишда давом этади.

– Айни пайтда консуллик томонидан талабгорларга қайси турдаги визалар тақдим этиш тикланган? Жорий йилнинг 8 ойида элчихона томонидан қанча миқдорда ва қандай турдаги визалар берилди?

– АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон фуқаролари ва резидентларига виза хизматлари кўрсатишни давом эттирмоқда. Консуллик бўлими Ўзбекистон ва Қўшма Штатлардаги оилаларнинг имкон қадар тезроқ бирлашишини таъминлаш мақсадида қонуний домий резидентлар (грин-карта эгалари) ҳамда АҚШ фуқароларининг оила аъзолари учун иммиграцион визалар беришни биринчи ўринга қўяди. Иммиграцион визаларнинг аксарият турлари элчихонада қайта ишланмоқда, лекин имкониятларимиз чекланган. Ҳаво ҳамда денгиз экипажлари, сармоядорлар, алмашинув дастури бўйича ташриф буюрувчилар, талабалар, шунингдек, H1-B ихтисослик касблари бўйича аризаларнинг муаллифлари ноиммиграцион визаларни олишлари мумкин.

– 2019, 2020 ва 2021 йилда DV lottery ғолиби бўлган ўзбекистонликларга қачон виза берилиши кутилмоқда?

– DV дастури доирасида қатъий талабларга жавоб берадиган шахсларга ҳар йили чекланган миқдордаги визалар тақдим этилади. DV дастурида қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш ва ариза бериш бепул. Ғолиб сифатида тасодифий танланиш иммиграцион виза олишни ёки суҳбатга чақирилишни кафолатламайди. Танлов шуни англатадики, агар сизнинг рақамингиз маълумотларни якуний қайта ишлаш учун яроқли бўлса, сиз ариза бериш ҳамда DV олиш ҳуқуқига эга бўласиз.

DV дастурининг барча ғолиблари молиявий йил сўнгига қадар виза олиш ҳуқуқига эга. Масалан, DV-2019 дастури муддати 2019 йилнинг 30 сентябрида, яъни молиявий йил охирида якунига етган. Худди шунингдек, DV-2020 ҳамда DV-2021 дастурларининг муддати ҳам молиявий йил якунида ниҳояланади.

– 2019 йилги лотереяда ғолиб бўлган, суҳбатдан ўтган, аммо виза ололмаган шахсларга виза бериладими ёки уларнинг имкониятлари куйиб кетдими?

– DV лотереясининг барча ғолиблари виза олиш ҳуқуқига эга ва улар визаларини молиявий йил якунига қадар олишлари шарт. DV дастурида қатнашиш талаблари, виза ғолибларини танлаш жараёни тўғрисидаги маълумотлар АҚШ Давлат департаментининг веб сайтида мавжуд.

– Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатилгани, касалланиш кўрсаткичлари анча камайганига қарамай нима учун АҚШ элчихонаси грин-карта ғолиблари нима учун суҳбатга чақирмаяпти? Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондаги грин-карта ғолиблари аллақачон виза олишгани ҳолда нима учун ўзбекистонликлар масаласи бу қадар чўзиб келинмоқда?

– AҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси иммигрантлар билан бир қаторда ноиммигрант саёҳатчиларнинг AҚШга қонуний саёҳатларини осонлаштириш билан боғлиқ асосий вазифаларига содиқдир. COVID-19 пандемияси элчихонанинг визаларни расмийлаштириш имкониятларининг кескин пасайишига олиб келди ва Давлат департаментининг тегишли кўрсатмасига биноан AҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Қўшма Штатлар фуқароларининг оила аъзолари ва қонуний доимий резидентлари учун иммиграцион визалар беришни биринчи ўринга қўяди.

Пандемия туфайли иммиграцион виза олиш учун мурожаат қилган шахсларнинг кўпчилиги аризаларини кўриб чиқиш жараёни узоқ вақт давомида кечикиши билан тўқнашмоқда. Болалар, эр-хотинлар, келин-куёвларни бирлаштириш ва баъзи талабгорларга бериладиган махсус иммиграцион визалар бизнинг энг олий ва устувор вазифамиздир. Оилаларни бирлаштириш худди Ўзбекистонда бўлгани каби AҚШда ҳам ҳамжамиятларнинг ривожи ва фаровонлигига хизмат қилади.

Бундан ташқари, ҳар бир иммиграцион визага мурожаат этувчи учун зарур тиббий кўрикларни тайинлаш ва ўтказиш учун ташқи ҳамкорларимизнинг, масалан, тиббий хизматларни кўрсатувчиларнинг ресурслари билан боғлиқлиги боис иммиграцион визаларни кўриб чиқиш имкониятлари чекланган.

– 2020 йили ўтказилган DV lottery ғолиблари 2020 йилнинг 30 сентябригача виза олишмаса, грин-карта ғолиблиги бекор қилинадими?

– DV-2020 дастури учун аризалар муддати 2020 йилнинг 30 сентябрида якунига етди. DV-2021 дастури бўйича танлаб олинганлар 2021 молиявий йилида суҳбатга чақирилиши мумкин, бу муддат 30 сентябрда тугайди. Ушбу ариза берувчилар (DV-2020 ҳамда DV-2021 дастурларида ғолиб деб топилган, бироқ суҳбатга чақирилмаган, элчихонадан иммиграцион виза ололмаган шахслар – таҳр.) Diversity Visa дастурида қайтадан қатнашишлари мумкин. Танлов тасодифий бўлиб [уларнинг аввалги дастурларда ғолиб деб топилгани], келгуси иштирокларига таъсир қилмайди.

AҚШ Колумбия округи судининг DV-2021 дастури ғолиблари ҳақидаги 2021 йил 9 cентябрда чиқарган қароридан хабардормиз. Ушбу қарорга мувофиқ, элчихона ўз ресурслари ҳамда COVID-19 пандемияси давридаги чекловларни ҳисобга олган ҳолда қонун талабларида белгиланган тартибда DV-виза талабгорларининг аризаларини кўриб чиқади. Суд Давлат департаментига DV-2021 дастури бўйича аризаларга бошқа виза талабномаларига нисбатан устунлик бериш, судга Департаментга қарши даъво киритган DV-2021 дастури ғолибларининг аризаларига устуворлик бериш бўйича ҳеч қандай мажбурият юклагани йўқ. Агар элчихонада DV ишини режалаштириш имконияти бўлса, ариза берувчиларга электрон почта орқали Давлат департаменти сайтидан ўзининг мақомини текшириб кўриш сўралган огоҳлантириш юборади.

AҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган операцион чекловлар натижасида юзага келган виза хизматларига юқори талабни қондириш устида ишламоқда. Элчихона Ўзбекистондаги «Турли миллат вакиллари учун иммиграциявий виза дастури»га бўлган қизиқишни эътироф этади ва қадрлайди ҳамда консуллик бўлими айни пайтдаги ва келгуси виза аризаларини кўриб чиқиш учун виждонан ҳаракат қилади.

16 сентябр куни Kun.uz’га мурожаат қилган бир қанча ўзбекистонлик DV-2021 дастури ғолибларини виза суҳбатларига чақириш жараёни бошланганини айтишмоқда. Суҳбатга чақирилган юртдошларимиз электрон почта орқали АҚШ элчихонасидан хат олишган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Телеграмдаги расмий саҳифасида 2021 йилнинг октябрь ойидан бошлаб элчихона консуллик бўлими фақат Ўзбекистон фуқаролари ва резидентлари учун чекланган суҳбатга қабул қилишни бошлаши, дипломатик визалар билан бир қаторда фақат F, J, H, O, P, L, C1D, I, R виза мурожаатларини қабул қилиши, айни пайтда одатий B1B2 бизнес ва сайёҳлик визалари учун талабгорлар суҳбатга чақирилмаслигини маълум қилди.

Шу билан бирга, элчихона консуллик бўлими шошилинч мурожаатларни қабул қилишда давом этади. «Агар сизда тиббий ёки фавқулодда вазият бўлса, илтимос, mailto:consulartashkent@state.govconsulartashkent@state.gov электрон манзилига вазиятингизнинг қисқача мазмуни ва ҳужжатларингизни илова қилган ҳолда мурожаат қилинг. Биз мурожаатингизга муносиб жавоб берамиз», дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, адвокат Кёртис Моррисон дунёнинг 141 мамлакатдан 24 минг нафардан ортиқ DV лотереяси ғолиблари номидан АҚШ ҳукуматига қарши Колумбия округи судига даъво аризаси киритган бўлиб, шу кунларда DV-2021 дастури ғолибларига оид суд иши бўйича якуний қарор эълон қилиниши кутилмоқда. Қолаверса, худди шу суд қарори билан DV-2020 дастури ғолиблари учун 9095 та виза захирага олинган бўлиб, ушбу қарор қачондан ижро этилишига оид қарор чиқарилиши кутилмоқда. Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради ва яна ушбу мавзуга қайтади.

Top