16:32 / 19.01.2020
10
41992

Тутзор ўрнида метан «заправка» қуришга уриниш: Косонда 164 туп дарахт ўзбошимчалик билан йўқ қилинди

Баъзан қайсидир фуқаронинг ўтин учун бир ё икки дарахт кесгани, мазкур ҳолат ўрганилиб, фуқарога бир неча миллион сўмлик жарима қўллангани ҳақда эшитиб қоламиз. Тўғри, ўзбошимчалик билан кесилаверган бир-икки дарахт салмоғи бора-бора ўрмонга айланиши мумкин.

Косонда эса худди шу ҳолатнинг акси содир бўлаётганга ўхшайди. Қуйи обронликлар бир неча ойдан бери тутзорни сақлаб қолиш учун курашади. Мазкур тутзорни бузиб, ўрнида автомобилларга газ қуйиш шохобчаси қурилиши режалаштирилаётгани юзасидан бонг уриб келишади.

Бундан бир неча ой олдин аҳолининг ана шу хавотирлари сабаб Kun.uz мухбирлари ҳам воқеа жойига боришганди. Ўрганиш жараёнида мазкур ҳудудда нафақат тутзор, шу билан бирга ер остидан улкан маблағ сарфлаб ўтказилган халқаро алоқа кабеллари ҳам ўтгани маълум бўлганди.

Ҳокимлик вакиллари ҳолат юзасидан изоҳ бераркан, «Ҳеч қанақа «заправка» қурилмайди, қурилиш ҳоким қарори билан тўхтатилган» дея аниқ маълумот берганди. Кейинроқ маълум бўлишича, худди шу мазмундаги маълумот Қуйи оброн маҳалласи фаолига ҳам юборилган.

Шу билан масалага бошқа қайтилмаганди. Аммо куни кеча Қуйи обронликлардан таҳририятга қайта мурожаат юборилди. Маълум бўлишича, шу йил 14 январь кечаси тутзор йўқ қилинган. Аниқроғи, 164 туп тут бир кечада кесиб ташланган.

Аҳоли вакиллари маълум қилишича, улар тутларни кесган одам билан бўлиб ўтган суҳбатни тасвирга олган. Маҳалла фаоли Абдураҳмон Жўраевга кўра, тутзор йўқ қилган одам худди ўша – бундан бир неча ой олдин шу тутзор ўрнида автомобилларга газ қуйиш шохобчаси қурмоқчи бўлган «Ифтихор газ сервис» МЧЖ ходими экан.

Кўриниб турибдики, мазкур корхона ҳали ҳам тутзорларни йўқ қилиб ўрнида аҳолининг норозилигига қарамай «заправка» қуриш режасидан воз кечмаган.

Бу ҳудудда газ қуйиш шохобчаси қуриш мумкин ёки йўқлиги ўрганиш лозим бўлган алоҳида масала. Биз эса эътиборингизни масаланинг иккинчи томонига қаратмоқчимиз: айтилганидек, дарахтлар 14 январь куни кечаси кесиб ташланган. Орадан беш кун ўтди. Нега ҳамон атрофни-муҳитни муҳофаза қилиш, ИИБ ва бошқа идоралар ушбу қонубузилиш бўйича бирор ҳаракатни амалга оширмаган. Ахир, тутзорлар, умуман, қонун фақат Қуйи обронликларники эмас-ку?

Яна бир масала. Республика Президентининг 2019 йил 31 июлдаги «Пиллачилик тармоғида чуқур қайта ишлашни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида худди шу муаммо бўйича аниқ вазифа қўйилганди: «2019 йил 1 ноябрга қадар қишлоқ хўжалиги экинлари далалари четидаги ва йўл бўйидаги тут дарахтларини хатловдан ўтказиб, қатъий ҳисобини юритиш ва уларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўрсин».

Афсуски, Президент топшириғи ҳам беписанд қолдирилди.

Хуллас, маҳалла аҳли қўлидан келгунча ҳаракат қилди, барча идораларга мурожаат қилди. Бир неча марта дарахтлар кесилишининг олди олинди ҳам. Лекин қачонгача фақат аҳолининг ўзи курашиши керак қонунсизлик билан? Қуйи обронликлар ана шу саволларга жавоб кутяпти.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top