Сўнгги кунларда Фарғона водийсидаги метан газ тўлдириш шохобчаларида давомийлиги бир неча километр бўлган автомобиллар навбати юзага келган.
Kun.uz'га мурожаат қилган ҳайдовчиларнинг маълум қилишича, газ тўлдириш шохобчаларидаги навбатларнинг юзага келиши шохобчаларга табиий газ узатишдаги чекловлар билан боғлиқ.
“Андижон вилоятидан ёзяпман. Йигирма кундан ошди, “заправкалар”да узун навбатлар юзага келган. Шунинг учун бир кун олдин кечки пайт келиб, навбатга тураман. Кечаси билан шу ерда қоламан. Йўлкиралар каррасига ошиб кетган. АИ-80 бензинини топиш муаммо, бори ҳам қиммат”, дейди мурожаатчилардан бири.
Бошқа бир мурожаатчи метан газ муаммоси қачон ҳал бўлишини, нима учун айнан Фарғона водийсида шундай ҳолат кузатилаётганини расмийлар тушунтириб беришини сўраган.
“Вилоятимизда 10 кундан ошди, “газ заправкалар” ишламайди. Масъул ташкилотлар жим. Халқ учун арзони АИ-80 бензини эди, лекин у йўқ. АИ-92 қиммат – 10 500 сўмдан 12 минг сўмгача, сифатини-ку билмаймиз. “Газ заправкалар” очилиши ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса гапирмайди. Кўп қаватли уйларда ҳам газ паст, суюқ овқат ҳам 1 соатда пишяпти”, – дея ёзган бошқа бир наманганлик мурожаатчи.
Аввалроқ, Фарғона вилоятининг Данғара туманида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида уч нафар шахс ўртасида жанжал келиб чиққани ва бир киши вафот этгани хабар қилинганди. Ижтимоий тармоқларда жанжал навбат талашиш оқибатида юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалган.
“Вазият 10-11 феврал кунларигача ўнгланади”
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, метан шохобчаларда ҳар бир ҳудуднинг ўзидан келиб чиқиб режа-график қилинган.
“Газ босими паст. Агрегатларнинг кучи етмаяпти тортишга. Газни борган сайин чуқурдан тортиб оляпмиз. Шунинг ҳисобига табиий газ биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини иситишга йўналтириляпти.
Метан “заправка”ларда эса ҳар бир ҳудуднинг ўзидан келиб чиқиб режа-график қилинган. Режа-графикни юритиш ваколати ҳудуд маъмуриятларига берилган. Улар мавжуд газ захирасини аҳолига, ижтимоий соҳа объектларига ва метан “заправка”ларга тақсимлашади.

















