22:43 / 29.08.2018
25696

Оғир атлетикада дунёни забт этаётган Осиё. Унда ўзбекларнинг ҳам ўз ўрни бор

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

XVIII Осиё ўйинларида энг узоқ давом этган мусобақалардан бири – оғир атлетика бўйича баҳслар якунига етди. 8 кун давомида ҳар куни биттадан вазн тоифасидаги атлетлар тош кўтаришда беллашдилар. Узоқ йиллардан буён қитъада гегемонлик қилиб келаётган хитойлик ва Осиё грандлари қаторида саналадиган қозоғистонлик оғир атлетикачиларнинг бу галги азиадада қатнашмагани бошқа иштирокчиларнинг имкониятларини анча оширди. Шу жумладан, Ўзбекистон термаси ҳам Осиё ўйинларидаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этди.

Жакарта-2018 Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоаси учун алоҳида аҳамият касб этди: илк олтин медаль қўлга киритилди, ўзбек спортчиси мусобақанинг тарихий рекордини ўрнатди,  якуний жадвалда биринчи марта кучли учликка кириш вазифаси уддаланди, медалларнинг сифати ҳам сони бўйича аввалги натижалардан яхшироғига эришилди.

Осиё ўйинларининг тош кўтариш мусобақаларида Ўзбекистон шарафини 8 нафар спортчи ҳимоя қилди, улардан 5 нафари медаль билан ортга қайтадиган бўлди. 2 йил олдинги ёзги Олимпиадада иштирок этган 5 спортчимиздан 3 нафари (Нуриддинов, Ёқубов, Жангабоев) Жакартадаги турнирда қатнашди; уларнинг учаласи ҳам совриндорлар сафидан ўрин олди.

Дастлабки медални 62 кг вазн тоифасида Адҳамжон Эргашев олиб берди. У даст кўтаришда 136 кг, силтаб кўтаришда 162 кг тошни ўзига бўйсундириб, жами 298 кг натижа билан бронза медалга сазовор бўлди. Кумуш медалга эга чиққан вьетнамлик спортчи Адҳамжондан бор-йўғи 1 кг кўпроқ натижага эришганди. Агар дастлабки бешала уринишни ҳам муваффақиятли якунлаган Эргашев сўнгги 165 кг.лик тошни силтаб кўтара олганида эди, олтин медалга эга чиқиши ҳам ҳеч гап эмасди.

Адҳамжон Эргашев / Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

19 ёшли спортчимиз 2014 йили Нанкинда ўтган ёшлар олимпиадасида бронзага сазовор бўлган. Шундан сўнг 2016 ва 2017 йиллардаги Осиё биринчиликларида ҳамда 2018 йилги жаҳон чемпионатида ҳам бронза медалини (фақат бир йўналишда) қўлга киритган эди. Қолаверса, у шу йилнинг июль ойида Тошкентда ташкил этилган оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида мутлақ ғолиб бўлди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Орадан бир кун ўтиб, 69 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Достон Ёқубов кумуш медални қўлга киритди. У даст кўтаришда 145 кг, силтаб кўтаришда 186 кг натижа кўрсатиб, жами 331 кг кўрсаткич билан 2-ўринга жойлашди.

Достон Ёқубов

Достон 4 йил олдин Инчеонда 312 кг натижа билан 7-ўринни, Рио Олимпиадасида эса 313 кг билан 14-ўринни банд этган эди. У, шунингдек, 2017 йил апрель ойидаги Осиё чемпионатида силтаб кўтариш бўйича бронза медалига эришган (умумий 4-ўрин) бўлса, йил сўнгида яна шу силтаб кўтариш бўйича жаҳон чемпиони бўлган эди (умумий 6-ўрин).

23 августдан аёллар терма жамоамиз вакиллари ҳам баҳсларга киришди, бироқ умумий 217 кг вазндаги тошни ўзига бўйсурдирган Муаттар Набиева (58 кг) 3-поғона соҳибасидан 1 кг паст натижа билан 4-ўринни қайд этди. Шу куни 77 кг вазн тоифасидаги Шахзод Худойбердиев баҳсларни анчагина муваффақиятсиз ўтказиб, сўнгги ўринлардан бирини банд этди. Эртасига Суннатилла Ўсаров (85 кг) 6-ўрин билан кифояланди.

Ўзбекистон оғир атлетика жамоасининг 26 август кунги баҳсларда иштирок этган икки вакили ҳам юқори натижалар қайд этди. Дастлаб 75 кг вазн тоифасида қатнашган Омадой Отақўзиева 237 кг натижа кўрсатиб (101+136), кумуш медаль соҳибасига айланди.

Омадой Отақўзиева / Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Осиё ўйинларининг кумуш медали Отақўзиеванинг карьерасидаги энг катта ютуқ бўлди. У ўтган йили Осиё чемпионатида 4-ўринни қўлга киритган.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Отақўзиеванинг муваффақиятидан бироз ўтгач, 105 кг вазн тоифасида эркаклар ўртасидаги тош кўтариш баҳслари бошланди. Олимпиада чемпиони, Рио-де-Жанейрода олимпия ўйинлари рекордини (431 кг) ўрнатган Руслан Нуриддинов Жакартада ҳам тенгсиз атлетга айланиб, Ўзбекистоннинг Осиё ўйинлари тарихидаги оғир атлетика бўйича биринчи олтин медалини олиб берди. У 421 кг (191+230) натижа кўрсатиб, ушбу мусобақанинг ҳам тарихий рекордини янгилади. Кумуш медални олган ироқлик атлет чемпиондан нақ 16 кг ортда қолди.

Руслан Нуриддинов / Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Маълумот учун, Нуриддинов тиззасидан операция қилингани сабаб Инчеондаги азиадада иштирок этмаганди. 2014 йили ушбу жарроҳлик амалиёти муваффақиятсиз ўтгач, бир йил реабилитация босқичини ўтишга мажбур бўлди. 2015 йилда яна бир марта операция қилингач, қайта тикланиб спортга қайтиши учун 10 ой вақт талаб қилинди.

26 ёшли Руслан бундан анча аввал, 2010 йили Гуанжоудаги Осиё ўйинларини 5-ўринда якунлаганди. У, шунингдек, 2012 йили Лондон олимпиадасида 404 кг натижа билан 4-ўринни олиш билан бирга жаҳон ва Осиё чемпионатларида бир неча марта олтин ва кумуш медалларни қўлга киритган.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Осиё ўйинларининг мутлақ чемпиони Руслан Нуриддинов Kun.uz`га берган интервьюсида қуйидагиларни таъкидлади: «2010 йилда ютқазган эдим, 2014 йилги Осиё ўйинларида эса олган жароҳатим сабаб қатнаша олмагандим. Аллоҳ ғалаба қозонишимни айнан мана шу бугунга битган экан, ғолиб бўлдим.

Ишонасизми, баҳс олдидан мураббийлар билан озгина тортишиб қолдик. Қайси маънодаки, 222 кг кўтарганимдан кейин чемпионлик нақд бўлгач, улар 230 кг кўтариб нима қиласан, олдинда жаҳон чемпионати бор, ўзингни асрагин дейишди. Мен эса бунга рози бўлмадим ва айнан мана шу оғирликни кўтаришни истадим. Очиғини айтсам, тош кўтарганимдан сўнггина Осиё ўйинлари тарихида оғир атлетика бўйича рекорд ўрнатганимни билдим ва бундан жуда хурсандман».

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Тош кўтариш бўйича беллашувларнинг сўнгги кунида Рустам Жангабоев терма жамоамиз жамғармасини яна бир медаль билан бойитди. +105 кг вазн тоифасидаги вакилимиз 455 кг натижа (203+252) кўрсатиб, бронза медали соҳибига айланди. Жангабаев кумуш медални олган эронлик атлетдан 1 кг пастроқ кўрсаткични қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Жангабоев 2016 йилга ёзги Олимпиадада ҳам қатнашган, ўшанда 432 кг натижа билан 6-поғонадан жой олганди. У ўтган йили умумий 437 кг тошни ўзига бўйсундирган ҳолда Осиё чемпиони бўлган.

Рустам Жангабоев / Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов
Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси юқоридаги натижалар билан ушбу спорт тури бўйича жадвалнинг 3-ўрнидан жой олди. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу – терма жамоамиз тарихидаги энг яхши натижа.

Эслатиб ўтамиз, тош кўтаришда жаҳоннинг тенгсиз гранди бўлган Хитой ҳамда Осиё етакчиларидан бўлмиш Қозоғистон оғир атлетикачилари аввалги олимпиадаларда допинг истеъмол қилгани аниқланиб, бир неча бор ўз тасдиғини топгач, Жакартадаги турнирдан четлатилди.

Оғир атлетика бўйича КХДРнинг 10 та медалидан 8 таси олтин экани таҳсинга сазовор. Шимоллик корейслар умумжамоа ҳисобида ҳозиргача эришган 12 та олтин медалидан 8 тасини оғир атлетика бўйича баҳсларда қўлга киритди. Аслида бу ҳайратланарли ҳолат эмас, сабаби ушбу терма 2014 йилги Осиё ўйинларида Хитойдан кейин 2-ўринни, 2010 йили эса Хитой ва Қозоғистондан кейин 3-ўринни қўлга киритган. Боз устига, Хитойнинг мутлақ ғалабали серияси бошланишидан олдин, яъни 1978 йилги Осиё ўйинларида ҳам айнан Шимолий Корея бу спорт тури бўйича ғолиб бўлган эди.

Хитойнинг мутлақ ғалабали серияси деганда 1982-2014 йиллар оралиғидаги Осиё ўйинларининг оғир атлетика бўйича мусобақаларини назарда тутмоқдамиз. Ушбу 8 та азиадада хитойлик тош кўтарувчилар кетма-кет ғолиб бўлиб келишаётган эди. Улар нафақат Осиё ўйинлари, балки Олимпиада баҳсларида ҳам яққол етакчи саналишади. Ёзги Олимпиадалардаги оғир атлетика баҳсларининг умумий-тарихий медаллар жадвалида Собиқ Иттифоқдан кейин Хитой 2-ўринни эгаллаб турибди.

Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, спортнинг ушбу турида осиёлик атлетлар сўнгги 10-15 йилда катта сакрашни амалга ошириб, жаҳоннинг яққол етакчисига айланиб олди. Олимпиадалардаги натижалар бунинг яққол исботини кўрсатиб турибди.

Биргина факт: 2004 йилгача бўлиб ўтган ёзги Олимпиадаларда оғир атлетика бўйича баҳслар жадвалининг юқори ўнлигига кира олган Осиё термалари сони 2-3 тадан ошмас эди. 2004 йилги Олимпиадада бу рақам 4 тага, 2008 йилда 6 тага кўтарилди. 2012 йилга келиб, Лондон Олимпиадасида дастлабки 3 ўрин ҳам Осиё жамоаларига тегишли бўлди (Хитой, КХДР, Эрон).

Яна тўрт йил ўтиб, оғир атлетикада сариқ қитъага тенг келадигани қолмади: 2016 йили Рио-Де-Жанейрода дастлабки 6 ўрин қитъамиз термалари томонидан ишғол этилди. Боз устига, тош кўтаришдаги 15 та олтин медалдан 13 таси Осиё вакилларига насиб этди. Улар орасида Ўзбекистоннинг 9-ўринни олишини таъминлаган Руслан Нуриддинов ҳам бор эди.

Top