13:43 / 11.12.2017
122447

​“Бор товоғим-кел товоғим” ёхуд Андижондаги лавозимий ўйинлар

Раҳбар – халқ дарди билан яшовчи, унинг иссиқ-совуғига, оғир-енгилига масъул шахс. Агар у таълим соҳасида бўлса, бу масъулият юз чандон ортади. Хўш, жойларда айнан мана шу йўналишда нималар бўляпти? 

KUN.UZ таҳририятига Андижон шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактабида меҳнат қилувчи бир гуруҳ ўқитувчилардан мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, мактаб раҳбариятининг нўноқлиги ва белгиланган стандарт қоидалари бўйича иш олиб бормаслиги мазкур даргоҳда таълим тизимининг парокандаликка юз тутишига сабаб бўлмоқда. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида KUN.UZ мухбири Андижон вилоятига йўл олди.

Маълум бўлишича, мактаб директори Олга Чен лавозимида ишлаб турган пайтда прокуратура ходимлари унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноий Кодексининг 167-моддаси 2-қисми «б», «в», «г» бандлари, 205-моддаси 2-қисми «в» банди, 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиб, жиноий иш қўзғатган. Шундан сўнг, Олга Чен лавозимидан четлатилганди.

Аммо Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан, шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг тавсиясига кўра, Ченни яна мактаб директорлигига тайинлаш ҳақида буйруқ чиқарилади. Вазиятни ўрганиб чиққан Андижон шаҳар прокуратураси вилоят халқ таълими бошқармасининг жорий йилнинг 17 июль куни қабул қилган буйруғини бекор қилиш тўғрисида протест киритган. 14 сентябрда шаҳар прокуратурасининг тақдимномаси асосида юқорида қайд этиб ўтилган буйруқ бекор қилинади.

Соддароқ қилиб айтганда, ноқонуний буйруқ асосида фаолият юритаётган мактаб директори ўз лавозимидан четлаштирилди. Лекин иш шунинг билан якунланмай, Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Равшан Эргашев 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарига мактабга янги директор тайинлангунига қадар, барча ҳужжатларга биринчи имзо қўйиш ҳуқуқи билан вақтинча директор вазифасини бажариб туришни юклайди. Ваҳоланки, мактаб директори лавозимидан бўшатилган Олга Чен эндиликда ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарига айланиб, раҳбарлик лавозимини яна қўлга киритиши мумкин эди. Воқеа айнан шундай хотима топмоқда.

Давлат раҳбари ҳам ишни ташкил этиш ва халқ учун хизмат қилиш кераклигини минг бор такрорламоқда, буни барча қуйи раҳбарларга уқтирмоқда. Шунинг баробарида отаси ёки яқин қариндошининг айби билан ёш мутахассиснинг касбий ривожланишига йўл қўйилмаслиги, судланган, лекин айбига иқрор бўлган шахсларни жамиятга қайтаришга ёрдам бериш ҳақида сўз юритмоқда.

Бу гапларнинг асл моҳиятига яхши тушунмаган Андижон шаҳар халқ таълими бўлими 1-умумий ўрта таълим мактабига янги директорни тайинлашда ўрнатилган тартибга кўра, учта номзодни кўрсатишга шошилмаяпти. Сабаби, бу лавозим ҳали вакант эмас, яъни мактаб директорининг бўшатилгани ҳақида буйруқ вилоятдан пастга туширилмаган. Таълим тизимида оддий менежмент қоидаларини ўрната олмаган, давлат мол-мулкини талон-тарож қилиб, ўз мансабини суистеъмол қилган директор ҳар қандай усул билан лавозимини сақлаб қолаверадими?! Бу савол ҳанузгача очиқ қолмоқда...

“Маҳаллий таълим муассасаларига раҳбарни тайинлаш учун ҳокимликка учта номзод тавсия этилади. Ёзилмаган таомилга кўра, тавсия этилганлар ичида бир нафари биринчи бўлиб ёзилади ҳамда икки «рақобатчиси» нисбатан кучсиз бўлиши сўралади. Шунинг билан ҳокимлик номзодларни маъқуллайди, натижада ана шу биринчидаги инсон вилоят халқ таълими бошқармасидан тайинланади”, дейди KUN.UZ мухбири билан суҳбатлашган мутасадди вакил.

Андижон шаҳар халқ таълими бўлимида юз бериб турган яна бир тушунмовчиликка назар ташласак, айни пайтда шаҳарда жойлашган 5-умумий ўрта таълим мактаби директори сифатида меҳнат қилиб келаётган Таваккал Собиров ғайриқонуний йўл билан ишдан бўшатилмоқда. Маълум қилинишича, қишки мавсумга тайёргарлик даврини тафтиш этиш мақсадида мактабга ташриф буюрган Президент Давлат маслаҳатчиси Худайберганов бинода иситиш тизими ҳалигача йўлга қўйилмагани билан қизиққан. Табиийки, маҳаллий ҳокимият молиялаштирмагани туфайли қолиб кетган таъмирлаш ишларининг тафсилотлари барчага маълум бўла бошлаган.

Шундан сўнг, директорга нисбатан турли босимлар уюштирилиб, ҳаттоки, лавозимидан бўшатилмаган ҳолда, унинг ўрнига янги мактаб раҳбарини тайинлаш бўйича номзодларнинг тавсияномаси тайёрланади. Шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев имзоси қўйилган тавсияномада биринчи рақам билан таълим тизимидан йироқ бўлган, ҳокимликда фаолият юритаётган Саида Хўжаева кўрсатилган.

KUN.UZ мухбирига етиб келган яна бир ҳужжатда вилоят Халқ таълими бошқармасининг буйруғи билан Қ.А. Зайнобиддинов Андижон шаҳар Халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинча бажариш учун тайинланган. Аслида, ўрнатилган тартиб бўйича бундай тайинлов Халқ таълими вазирлигининг номенклатурасида бўлиб, тайинлов бевосита вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилиши шарт.

Халқ таълими тизимида парокандалик қандай юз беришини тушунишга ҳаракат қилдик, қисқача хулосалар шунга олиб келдики, раҳбарларни мансабга тайёрлашда бевосита маҳаллий ҳокимликнинг «розилигини» олиш келгусида ўқитувчи ва мураббийларнинг кўча тозалашию, ахлат йиғиштиришига бош омил бўлиб қолмоқда. Битта мактаб директори ростни сўзласа, уни ишдан бўшатмай туриб, янги номзодлар қидирилмоқда, ваҳоланки яна бошқасининг директор бўлишига прокуратура ҳам қаршилик қилган. Аммо у вазифасини бажариб юрибди.

Алишер Рўзиохунов

Top