Ўзбекистон | 12:50 / 30.09.2021
7985
2 дақиқада ўқилади

ҚҚС тўловчилар махсус рўйхатдан ўтиши белгилаб қўйилди

Янги тартибга кўра, ҚҚС суммасини қайтариб олиш учун ҚҚС тўловчилари махсус рўйхатдан ўтиши керак бўлади. 

Ҳукуматнинг “Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳақиқатда олинган товарлар ёки хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи пайдо бўлиши учун белгиланган тартибда солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтади.

2022 йил 1 январдан ҚҚС тўловчилар ва устав капиталида давлат улуши 50 ва ундан юқори бўлган юридик шахслар учун бир қатор операцияларни “E-aktiv” автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттириш мажбурий ҳисобланади.

Рўйхатдан ўтиш учун ҚҚС тўловчилари солиқ платформаси орқали онлайн ариза юбориши лозим, аризалар солиқ органи томонидан ариза юборилган вақтдаёқ қабул қилинган ҳисобланади. Солиқ органи аризаларни кўриб чиқиб, талабларга жавоб берадиган солиқ тўловчини махсус рўйхатдан ўтказади ва ҚҚС рақамини беради.

Шунингдек, қарор билан солиқ тўловчиларни ихтиёрий ва мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиблари белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилда тадбиркорлик субъектларига 9 триллиондан зиёд ҚҚС қайтарилгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид