17:11 / 20.01.2021
10515

Йўл-транспорт ҳодисасини ички ишлар ходимисиз расмийлаштириш тартиби белгиланмоқда

2021 йил 20 январь куни Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадбир ўтказилди.

Парламент сайтида ёзилишича, республика ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар таҳлилига кўра, 2018 йилда 13 701та, 2019 йилда 24 005та, 2020 йилда 16 023та тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун суд идораларига юборилган. Йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиларининг 40 фоизи эътирози йўқлиги ва мақсади суғурта товонини олиш эканлигини билдирган.

Амалдаги қонунчиликда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда йўл патруль хизмати инспектори чақирилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилади, тиббий-наркологик текширувдан ўтказилади ва суғурталовчига хабар берилади. Терговга қадар текширув, турли экспертизалар, суд жараёни тамомланиб, иштирокчилар ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва транспорт воситалари ҳужжати, экспертиза хулосаси, терговга қадар текширув, суд қарорларини тўплаб суғурталовчига тақдим этади. Суғурталовчи ҳужжатларни ўрганиб чиқиб товон тўлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ушбу ҳаракатларни амалга ошириш учун ўртача 30-50 кун сарфланади ва фуқаронинг ортиқча сарсон бўлиши ва қўшимча харажатлар қилишига сабаб бўлади.

Қонунга киритилаётган янги нормалар билан йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома тузиш орқали тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш бўйича соддалаштирилган тартибни белгилаш назарда тутиляпти.

Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда иштирокчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимисиз билдиришнома тўлдириб, тиббий-наркологик текширувдан ўтади ва транспорт воситаларини техник шикастни баҳолаш экспертизасидан ўтказиб, 3 кун ичида суғурталовчига ариза тақдим этади. Суғурталовчи ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, 15 кун ичида товон тўлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади

Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги – йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома расмийлаштириш муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этиш нормаси ҳамда “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунга йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома, деган тушунча киритилмоқда.

Шунингдек, тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисасини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш асослари, қоидалари ва тартиби белгиланяпти.

Билдирилишича, йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходими иштирокисиз расмийлаштириш тартибини (европротокол) жорий этиш йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги бевосита мулоқотни амалга оширишда “инсон омили”га ва ортиқча қоғозбозликка, фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлишига чек қўйишга хизмат қилади. Шунингдек, ҳар бир содир этилган йўл-транспорт ҳодисасини расмийлаштириш учун йўл-патруль хизмати инспекторларининг ўртача 2-3 соат вақти тежалади, тан жароҳати билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини кўриб чиқишда сифат даражаси ошади ҳамда автомобил йўлларида тирбандликларнинг олди олинади.

Top