18:44 / 11.07.2018
23831

Яккабоғдаги Қизилдарёни ким ифлослантирмоқда: аҳоли зилол сув истеъмол қиладиган кунлар келадими?

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Эски Яккабоғ қўрғончасида истиқомат қилувчи аҳолидан келиб тушган мурожаат бизни вазиятни ўз жойида бориб ўрганишга ундади.

Эски Яккабоғ қўрғончаси ҳудудидан Қизилдарё оқиб ўтади. Қўрғончада ичимлик суви водопровод орқали етказилишига барҳам берилганига қарийб 15 йил бўлаяпти. Аҳоли тўлиқ дарёнинг сувини олиб, қайнатиб, тиндириб ичади.

Дарёдан узоқроқда бўлганларга сув ташувчи машиналарда етказиб берилади.

Қўрғонча аҳолисининг асосий эътирози — дарё ўзанидан тош қазиб олаётган «Нурли келажак сари» МЧЖ (бошлиғи Ғуломхон Қурбонов) ва «Дўстлик» ХИЧК (бошлиғи Фарҳод Нурмаҳматов) томонидан йиллар давомида дарё ўзанининг пасайтириб юборилгани, тош майдаловчи ва шағал сараловчи ускуналардан оқаётган чиқинди сув ва дарё ўзани ичра ҳаракатланаётган техника воситаларининг ёғ-мойлари дарё сувига қўшилиб, уни ичиш учун мутлақо яроқсиз ҳолатга келтираётгани хусусидадир.

Истеъмол қилинадиган дарё сувидан керосин, солярка ва мой ҳидлари келиб, уни истеъмол учун яроқсиз қилмоқда. Лекин маҳаллий аҳолининг бошқа иложи йўқ. Ифлосланмаган сувни ташиб келтириш сув нархининг ошишига олиб келади.

Дарё ўзанидаги тошлар олинаверганидан, ер ости сувлари сатҳи ҳам пасайиб, Эски Яккабоғ қўрғончасининг оилалари ўз хонадонларида қазиган қудуқлари ҳам қуриган. Энди улар ҳам сувни ташиб ёки сотиб олиб истеъмол қилишлари керак.

Маҳаллада истиқомат қилувчи ёши улуғ қариялар ушбу корхоналар туни билан ишлаши туфайли шовқин ҳам уларнинг тинчини бузаётганини гапириб ўтишди.

Қизилдарё ўзанидан қум ва тошлар қазиб олиниши билан ёндош ҳудудларда силжиш юзага келган. Кўҳна қабристонда ёриқ ҳам пайдо бўлганини айтиб ўтишди. Агар қабристон жойлашган тепалик силжиб, дарёга қулайдиган бўлса қандай даҳшат юз беришини тасаввур қилаверинг!

Қишлоқ аҳли шағал ва қум ташиётган юк машиналари қўрғонча ҳудудида мавжуд йўллар ва кўприкларни ишдан чиқараётганини ҳам таъкидлаб ўтди. Қўрғонча ҳудудига келган сел ҳам кўприкларнинг ҳолатини янада абгорлаштирди.

Битта мисол: «Нурли келажак сари» МЧЖ жойлашган ҳудуд бир пайтлар тут плантацияси бўлган. Бу ерда етиштирилган тут дарахтлари барглари Яккабоғ туманида пилла етиштириш учун етказиб берилган. Ҳам экологияга, ҳам бутун бир туман иқтисодиётига фойда макон ўрнига, экологияга қирон келтирувчи, шу атрофда яшовчи одамларнинг тинчини бузувчи, иқтисодиётга ҳам фойда келтириши гумон бўлган ташкилотнинг келиб жойлашгани буюк парадокслардан бири.

Бир пайтлар сўлим гўшалари, болалар дам олиш масканлари билан машҳур Яккабоғдан асар ҳам қолмаган. Эски яккабоғликлар бутун республика бўйлаб амалга оширилаётган «Обод маҳалла» дастури уларни четлаб ўтаётганидан жуда хафа.

«Бизнинг қўрғончамиз катта йўлдан бироз ичкарида, шу сабабли бўлса керак. Тошкентдан келган каттаконларнинг кўзи тушадиган, йўл устидаги маҳаллалар обод қилинмоқда», дейишди улар.

Умуман, Яккабоғ аҳолисининг мурожаатларига эса республика, вилоят, туман мутасаддилари панжа орасидан қараб келишмоқда. Улар бир неча бор шағал тайёрловчи корхоналарнинг етказаётган зараридан ёзғириб турли инстанцияларга мурожаатлар жўнатишган. Корхоналар кимлардир келиб ўрганган кунлари ишламай туради, улар кетгач яна тўлиқ қувват билан ишлайди ва аҳолининг мурожаатларига жавоб берилмасдан келинмоқда.

Биз воқеа юз берган жойга борганимизда корхоналардан бири ишламай турган, иккинчисининг раҳбарияти йўқ эди. Дарё ўзанидан эса тош қазиб олиниши вақтинча тўхтатиб қўйилган экан.

«Сизнинг келишингизни эшитиб, корхона ва техникаларни ишлатишмаяпти. Кетишингиз ҳамоно суткасига 24 соат ишлайди», дейишди яккабоғликлар.

Яккабоғликлар ўзларининг муаммоси ҳал бўлишини — дарё суви аввалгидек зилол бўлишини исташади.

Қизиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.09.2017 йилдаги «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3286-сонли қарори ижроси Яккабоғда таъминланадими йўқми?

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазиpлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ушбу ҳолатга қандай баҳо беради? Унутмайлик, 100 мингдан ортиқ аҳоли ушбу дарёдан сув ичади.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top