15:54 / 23.05.2020
22233

Ҳайитда таъзия бўлган хонадонга бориб, ярасини янгилаш керак эмас

Kun.uz муборак Рамазон ойи муносабати ташкил этиб келаётган туркум суҳбатларнинг навбатдагисида чошгоҳ намозини ўқиш тартиби, карантин даврида ҳайитни нишонлаш ва байрамдаги баъзи одатлар ҳақида сўз боради. Бу мавзуда маълумот олиш учун Тошкент шаҳридаги «Хўжа Aҳрор Валий» жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин домла Aҳроровга мурожаат қилдик.

Дунё мусулмон давлатларидаги вазият. Уламоларнинг ҳайит намози бўйича фатволари

Ҳозир бутун дунёда коронавирус тарқалиб, барча халқлар, мамлакатларни ларзага солиб турган бир пайт. Шундай дамларда ҳайит байрами яқинлашиб келмоқда. Халқимиз Рамазон ойи каби ҳайит байрамини ҳам интиқлик билан кутади.

Хўш, ҳайит байрамини қандай ўтказишимиз, ҳайит намозини қандай ўқимоғимиз керак? Бу борада муқаддас динимизда кераклича маълумот берилган.

Aгар дунё миқёсида қарайдиган бўлсак, ҳайит намозларини ўқиш баъзи ҳолатлардан келиб чиқиб бўйнимиздан соқит бўлади, деб уламолар фатво беришган. Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси муфтий ҳазратлари Рамазон ҳайити намозини ўқиш бўйича баёнот билан чиқиш қилдилар. Баёнотда ҳам шу нарсага алоҳида тўхталиб, кераклича тушунтириш берилди.

 Исомиддин домла Aҳроров

2020 йилги Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади. Шунингдек, уйда эҳтиёти пешин ўқишга фатво берилди.

Ҳайит намозини уйда адо этмоқчи бўлган инсон уламоларимиз фатвосига асосан, чошгоҳ, ишроқ намозига ўхшаган нафл ибодатларини якка тартибда ўқиши мумкин.

Чошгоҳ (зуҳо) намозини ўқиш тартиби

Зуҳо намози икки ракатдан саккиз ракатгача ўқилиши мумкин. Энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Яъни, ҳайит куни бомдод намозини ўқиб, қуёш чиққанидан сўнг нафл (чошгоҳ) намозини ўқишга ният қилинади. У тўрт ракатдан иборат бўлади.

Биринчи ракатда ният қилиб, «Сано» дуоси ўқигандан сўнг Фотиҳа ўқилади. Кейин бирор зам сура ўқилади. Рукуга борилади, сажда қилинади. Шу тартибда тўрт ракат ўқилади. Бу намоз ёлғиз адо этилади. Турмуш ўртоқ, ака-ука, қариндошлар ҳам бу намозни ёлғиз, яъни алоҳида-алоҳида ўқиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Карантин даврида ҳайит байрамини нишонлаш

Муқаддас динимиз ҳар бир масалага урғу бериб, унинг ечимини берган. Ҳадисларда инсон ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бериши мумкин эмаслиги айтилган. Айниқса пандемия даврида инсон ўзининг ва ўзгалар ҳаётини хавфга қўйиш эҳтимоли юқори. Бугун карантин талабларига амал қилиш ҳам давримиз, ҳам муқаддас динимизнинг талаби.

Ҳайит кунларида ёши улуғлар, беморлар, бева-бечоралар, боқувчисини йўқотганларни йўқлаш ҳам ибодат ҳисобланади. Ҳар бир оилага ҳайит шукуҳи кириб бориши керак. Ўзимизнинг хонадонимизда ҳайит бўлса-ю, ўзганинг хонадонида хайит бўлмаса, дуруст бўлмайди. Аммо бу борада карантин қоидаларига амал қилиш керак.

Технология ривожланган бугунги даврда интернет орқали яқинларни йўқлаш, кўнглини кўтариб, ширин сўзлар билан уларга хурсандчилик улашиш ҳам ҳайит кунларида гўзал амал ҳисобланади, ҳам карантин қоидаларига амал қилган бўламиз.

Ҳайит кунларидаги одатларда карантинга амал қилиш лозим

Халқимизда ҳайит кунлари янги келин тушган хонадонларга борилади. Таъзия бўлган хонадонда азалар давом эттирилади. Бунда жуда эҳтиёт бўлмоқ лозим. Одамлар тўпланмаслиги керак, «бораётган жойимда касал йўқ» деган фикр тўғри эмас. Карантин қоидалари анча юмшади. Лекин бу ҳамма нарса мумкин дегани эмас. Ҳайит кунларида ўзимизнинг ва ўзгаларнинг ҳаётини хавфга қўймайлик.

Ҳайитда таъзия бўлган хонадонга бориб, ярасини янгилаш керак эмас

Баъзи одамларимиз хайит кунида таъзия бўлган хонадонларга боришади. Лекин хайит байрамида уларнинг ярасини янгилаш керак эмас. Чунки у хонадон боқувчисини йўқотган, фарзанд отадан, фарзандлар онадан ёки ота-она фарзандидан айрилган бўлиши мумкин. Кимдир унинг хонадонига кўнгил сўраб келса, унинг яраси янгиланиб қолади. Aна шу ҳолатдан сақланишимиз лозим. Ҳайит байрам бўлиши ва катта хурсандчилик билан ўтиши керак.

Top