19:35 / 24.03.2021
26185

Энди бюджет маблағи талон-торож бўлса, прокурорлар ҳам жавобгар бўлади – президент

Президент Шавкат Мирзиёев «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жорий йилда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши вақтида энди бюджет маблағи талон-торож бўлса, мутасаддилар қаторида прокурорлар ҳам жавобгар бўлишини маълум қилди.

«Ҳар бир ҳоким ўз ҳудуди аҳолисига мурожаат билан чиқади ва дастурда белгиланган вазифаларни, президент талабини етказади. Бу мурожаатда ўша ҳоким ўз масъулияти, жавобгарлигини аниқ белгилаб олади.

Туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари ўз дастурлари доирасида зарур маблағлар ва амалга ошириши лозим бўлган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилади.

Маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари «манзилли дастури»ни тасдиқлайди. Бунда, дастурлар доирасида маҳалла раислари ва аҳолининг «ижтимоий ҳамкорлиги»ни ҳам назарда тутиш зарур.

Яъни давлат янги йўл қуриб берса, унинг атрофига дарахт экиш, қазиб берилган ариқ ва зовурларни кейинчалик тозалаш, қурилган биноларнинг бутун сақланишини таъминлаш бўйича маҳалла аҳолиси ўзига мажбурият олади.

Умуман, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари аниқ билиб олсин – лойиҳа-смета ҳужжатларисиз қурилиш ишларини бошлаш ман этилади.

Раматов вилоят ҳокимлари билан бирга, 10 кун муддатда дастурга киритилган барча қишлоқ ва маҳаллаларда қурилиш ишларини бошлаши зарур.

Умуман олганда, Очилбой Раматов ва Жамшид Қўчқоров бу борадаги ишларни 11 триллион сўмлик ипотека дастурлари ижросини таъминлаш билан бирга ташкил этиб, жами 30 триллион сўмлик лойиҳаларни якунига етказишга шахсан жавоб беради. Раматов сифатига, Қўчқоров пулига. Энди «ўғирлаб кетди» деган гап кетмайди.

Сектор раҳбарлари белгиланган чора-тадбирлар ижросини ташкил этиб, ягона онлайн тизимга маълумотларни кунлик киритиб боради ва ҳар ойда ишлар аҳволи бўйича маҳаллий кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига ҳисобот беради.

Бош прокурор ўринбосари Акмалхўжа Мавлонов бундан буён республика ва маҳаллий бюджетдан ажратилаётган жуда катта маблағларни манзилли, талон-торож қилмасдан ҳар бир сўм қандай самарали ишлатилишини прокуратура тизими, туман ва шаҳарлар прокурорларининг ёрдамчилари томонидан қандай назорат этилишини тушунтириб беради.

Мени бир савол қийнайди – нега шунча чора-тадбирларга қарамай ўғриликлар, бюджет маблағларини талон-торож қилиш камаймаяпти.

Энди бюджет маблағи талон-торож бўлса, мутасаддилар қаторида, прокурорлар ҳам жавобгар бўлади», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top