Ўзбекистон | 12:23 / 14.05.2024
13855
3 дақиқада ўқилади

“Вояга етмаганга шилқимлик қилиш тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлади” – Бош прокуратура прокурори

Бош прокуратура катта прокурори Лайло Файзимуродова Наманганда 7 ёшли қизга уятсиз ҳаракат қилган 68 ёшли эркакнинг қилмиши нега қайта малакаланганига ҳамда унинг собиқ ИИБ ходими эканлиги борасидаги хабарларга изоҳ берди. 

Наманганда 7 ёшли қизга уятсиз ҳаракатлар қилган эркак собиқ ИИБ ходими эмас. У пенсиягача қоровул бўлиб ишлаган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Бош прокуратура катта прокурори Лайло Файзимуродова Kun.uz журналистининг саволига жавобан маълум қилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Прокурорнинг таъкидлашича, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан шилқимлик қилиш тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

“Ўтган йили қабул қилинган қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шилқимлик моддаси киритилган эди. Ушбу модда вояга етмаганларга нисбатан шилқимликни назарда тутмаган. Жиноят кодексида 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жинояти назарда тутилган 129-модда бор.

Натижада “модда ўйини” бошланди: Жиноят кодексининг 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иш қўзғатиладими ёки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик) асосида фақат маъмурий жавобгарликми? Бундай ҳолатлар бўлди. Прокуратура томонидан таҳлилий ишлар амалга оширилди.

Хоразм вилоятида кузатилган ҳолатдан сўнг бу масала кўтарилиб, Олий суд пленум қарорига агар шилқимлик 16 ёшга тўлмаган бўлган шахсга нисбатан бўлса, тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик масаласи кўрилиши ҳақида ўзгартириш киритилди. 

Намангандаги ҳолатга келадиган бўлсак, у эркак собиқ ички ишлар ходими эканлиги ҳақидаги маълумот инкор этилди. Ушбу шахс нафақага чиққунча қоровул бўлиб ишлагани аниқланган”, деди Лайло Файзимуродова.

Эслатиб ўтамиз, Наманганда 7 ёшли қизга уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилган 68 ёшли эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Кейинроқ унинг қилмиши қайта малакаланган ҳамда у қамоққа олинган.

 Маълумот учун, 2023 йил апрел ойида жамоат жойларида шахсга шилқимлик қилиш, шахсни, унинг қадди-қоматини шаҳвоний мазмунда тасвирлаш, шу мазмундаги сўзлар билан чақириш, изоҳлаш, қиёслаш ёхуд унга нисбатан шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланганди.

2023 йилда шаҳвоний шилқимлик қилиш айби билан 666 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 233 нафарига жарима жазоси, 433 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланган.  

Мавзуга оид