19:44 / 27.04.2023
20214

“Аҳоли тайёрмас” деган важ билан ислоҳотларни ортга сурмаслик керак” — АҚШда ўқиётган ёш сиёсатшунос

Ривожланишда энг орқада қолган соҳаларимиздан бири – сиёсатшунослик. АҚШга сафаримиз давомида Ўзбекистондаги демократиянинг ҳозирги ҳолати, конституциянинг кучи ва аҳамияти ҳақида сиёсатшунослик йўналишида Иллиноис университети докторантурасида тадқиқот қилаётган Икромжон Тўхтасинов билан суҳбатлашдик.

Икромжон Тўхтасинов – Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети бакалаври. Магистратурани эса АҚШдаги машҳур Нотр Дам университетида тамомлаган. Айни пайтда Иллиноис университетида докторантура қилмоқда.

— Ўзбекистонда сиёсатшунослик масаласи қандай, сизнинг-ча?

— Ўзбекистонда ташқи сиёсатни ўрганувчи мутахассислар жуда кўп ва кучли. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда мақтовга лойиқ томонлари бор. Ички фуқаролар билан бўладиган жараёнлар – бошқа масала. Ижтимоийлик томондан эса даража паст. Бошқа давлатларнинг ички сиёсатини ўрганиб хулоса берувчи кадрлар ҳам кам. Демократия, сайлов борасида мутахассис йўқ.

Ижтимоий илмни ривожлантириш учун эркинлик зарур. Кимдир Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш тўғрисида қизиқиш билдирар, лекин эркинлик масаласи қийин. Бундан ташқари, маблағ масаласи ҳам бор. Илм-фанга кўп пул ажратилиши – муҳим омил. Илмий ишлар учун кўпроқ грантлар ажратиш керак.

— Америкадаги сиёсатшуносларнинг таъминоти қандай? Уларнинг ишлари амалиётда қўлланадими?

— Давлат илмий иш ёки изланишлар борасида ҳеч қандай тўсиқ қўймайди. Ишнинг маъно-мазмуни яхши бўлса, университетлар пул ажратади. Турли ташкилотларнинг грантлари ҳам бор. Умуман, шароитлар, имкониятлар бор. Яхши университетларда ўқиш катта имконият беради моддий томондан ҳам.

Илмий ишлар қайсидир партия тарафдорлари учун ишлатилиши мумкин. Яъни ҳамма нарса манфаатлар устида қурилади. Бундай вазиятда олимларнинг хулосаларидан фойдаланишади. Баъзи умумий тўхтамга келинган масалалар ҳам бор, албатта. Илмий ишнинг тўғри ёки нотўғри экани аҳамиятсиз, балки томонларнинг манфаат тўқнашувида ўрни муҳим. Лекин университетларда, интеллект марказларда кўп илмий фаолиятлар олиб борилиб, баъзи нарсалар қонунийлашишига ҳаракат қилишади. Ва давлат билан алоқа ўрнатишади бу борада.

— Ўзбекистон сиёсий тузуми ҳақида нима дея оласиз? Қандай босқичда, ривожланяптими ёки йўқ?

— Маълум бир йўналишларда олдинга силжиш бўлди. Яъни иккинчи маъмурият даврида нисбатан сўз эркинлиги берилди, прописка масалалари йўқотилди. Нисбатан эркинликлар бериляпти. Демократик давлатга айлангани йўқ ҳали. Чунки демократия – узоқ йўл. Ҳали бир нечта босқичлардан ўтиш, ислоҳотлар қилиш керак.

Ислоҳотлар давлат тузилмасига бориб тақалади. Қачонки қонун чиқарувчи, ижро, суд каби ҳокимиятлар бир-биридан эркин бўлса, ҳокимлар, судьялар, прокурорлар сайланса, бир-бирини тийиб туриш каби ҳолатлар бўлганда демократияга эришилди, дейиш мумкин. Ҳозир демократик давлат дейишга асослар йўқ. Демократизм даражасини белгиловчи халқаро мезонлар бор, шулар асосида Ўзбекистон демократик давлат сифатида кўрсатилмайди. Лекин маълум даражада силжиш бор.

Бу мезонлар бўйича ишловчи экспертларнинг халқаро гуруҳи бор ва уларга ишониш мумкин. Чунки улар ҳеч қандай сиёсий манфаат кўзламайди.

— Сиёсатчилар орасида одамларимиз эркинликка тайёр эмас, деган гаплар юради. Қанчалик тўғри бу? Эркинликка тайёр бўлишини кутиш керакми ростдан?

— Одамлар тайёр эмас дейиш – хато. Ўзбекистонда ташаббусли бюджет лойиҳасида муваффақиятлар кўринди. Тўғри, баъзи саволлар бор лойиҳага нисбатан. Лекин умумий олганда, аҳоли иштироки, фикри инобатга олинган ҳолда яхши натижа бўляпти. Шу ва шу каби сиёсий жараёнларда қатнашишга фуқаролар ҳар доим тайёр. Шунчаки имконият бериш керак.

Ҳеч қаерда маълум бир маданият, менталитет демократияга қарши бўлмайди. Қайсидир халқни тайёр эмас дейиш ўша халқни ерга уриш, паст баҳолаш бўлади.

Аҳоли тайёрмаслиги важи билан ислоҳотларни ортга суриш яхши оқибатларга олиб келмайди. Фуқароларга эркинлик бериш орқали сиёсий институтлар ролини кучайтириш мумкин.

— Ўзбекистонда конституцион ислоҳот бўляпти. Умуман, Ўзбекистондаги қонун ҳужжатларига қаралса, ривожланган, демократик давлатларнинг қонунларидан унча фарқ қилмайди. Лекин амалиётда қўлланиши ва талқинида баъзан тўғри ишламайди. Бундай икки хилликни қандай изоҳлаш мумкин? Конституциявий реформалар керакми ростдан?

— Юқорида айтганимдек, ҳамма ишонса, ўшанда ишлай бошлайди қонунлар. Давлатнинг легитимлиги бўлиши керак. Конституция ва бошқа қонунлар ишламаса, халқнинг хоҳиш-иродасини акс эттирмаса, ишонч йўқолади ўз-ўзидан. Ҳатто сиёсий элита ҳам ишонмайди. Ишлаши учун эса механизм керак. Конституцияга зид қарор ва қонунлар чиққанда, конституциявий суд ишлаши лозим. Масалан, прописка масаласи конституцияга зид эди. Президент фармони билан бекор бўлди, конституциявий суд қарори билан эмас.

Реформалар учун янги Конституция кераклигини айтаётганлар олдин эскиларининг қай холатда ва қандай иш бермай қолганини исботлаши керак. Конституция муҳим масала, шунинг учун умумий аргументлар ўтмайди, биттама-битта исботланиши керак. Конституция қайсидир давлатнинг ривожланишига тўсиқ бўлган ҳолатлар йўқ.

Бундан ташқари, ўзгартириш жараёни очиқ бўлиши керак. 150 мингта таклиф бор дейиш эмас, айнан қайси йўналишларда нечта таклиф бўлгани, фуқароларнинг қарашлари айтилиши лозим. Аммо ҳалиям очиқлигича турибди бу масала.

Эски конституция билан ҳам ривожланса бўлади. Камчилик – ижро таъминланмаганида. Янги конституциянинг ижроси таъминланадими, деган очиқ савол ҳам бор. Бошқарув тизимида керакли ислоҳотларни амалга ошириш керак. Янги конституциядаги тушунчаларни қонун орқали тушунтириш ва мустаҳкамлаш керак. Бўлмаса, турли нотўғри талқинларга олиб келиши мумкин. Масалан, ижтимоий ахлоқ чегарасини ким белгилайди, шахснинг эркинлигига қандай таъсир қилади, деган масалалар бор.

Агар эркин жамиятда яшайдиган бўлсак, давлат ўша эркинликларни қай даражада чегаралаши борасида ҳам келишувга эришиш лозим. Эркинлик масаласида муносабатлар тартибга солинмаса, одамлар бошқа ҳолатдаги давлат ва жамият ўтртасидаги муносабатларга ҳам ишонмайди. Конституция ва қонунларда аниқ кўрсатилиши керак, яъни турли шарҳлар, талқинлар бўлишига йўл қўймаслик керак.

Конституциянинг аниқ белгиланган вазифалари бор. Ўта майда масалаларни конституцияга киритиш тўғри эмас. Агар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини аниқ санаб ёзилса, чегаралаш бўлиб қолади. Масалан, сўз эркинлигининг ўзи киритилиши ва бошқа қонунларда истисно ҳолатларни келтириш мумкин эди. Бунга эса тўғри ишлайдиган суд-ҳуқуқ тизими зарур.

Конституциявий суд янги конституция лойиҳаси юзасидан қарор қабул қилди, лекин конституция ичидаги моддаларга янги конституциядаги киритмалар зид эмасми, деган масала қўйилмади. Энди гап фуқароларда қолди. Лекин референдумларни фуқаролар доим қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон тарихида. Бу референдумда ҳам шундай бўлса керак.

— Ҳозир фақат янги конституцияни қабул қилиш ёки қилмаслик масаласи қўйиляпти. Ўзи референдумларда шундай бўлиши керакми? Яъни ўзгартириш, олиб ташлаш каби нарсалар бўлмайдими?

— Амалий жиҳатдан қабул қилиш ва қилмаслик масаласи қўйилиши тўғри, менимча. Агар ҳар бир боб, модда бўйича бундай масала қўйилса, жуда кўп вақт ва маблағ талаб қилинарди. Бу ҳолатда қайсидир модда ёқмаса, манфаатига зид бўлса, фуқаролар умумий конституцияни қабул қилмаслик бўйича овоз бериши тўғри бўлади. Кичик сабаб бўлса ҳам, йўқ дейиш керак.

Дастлабки босқичда фуқаролар билан кўпроқ мулоқот қилиш керак эди. Шунда ҳозир юзага келаётган эътироз ва муаммолар ечилган бўларди.

Фаррух Абсаттаров
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

Top